Линклар

Индира Ниёзова: “Қўрқоқнинг аёли бўлгандан марднинг беваси бўлган афзал”

  • Замира Шукур

http://tbn0.google.com/images?q=tbn:3UU-GmoNVCDccM:http://www.sunshineuzbekistan.org/images/sumarov8.jpg “Озодлик” радиоси Ўзбекистон қамоқхоналарида қолаётган сиёсий маҳбусларнинг турмуш ўртоқлари билан ўтказаётган туркум суҳбатларнинг бу галги меҳмони Санжар Умаровнинг рафиқаси Индира Ниёзова.

Санжар Умаров 1956 йилда Тошкент шаҳрида туғилган, асли касби муҳандис-физик. 1991 йилда Ўзбекистонда “Ўздунробита” мобил алоқа ширкатига ширкатига асос солган, кўп ўтмай Ғарб ширкатлари билан нефть, газ ва қишлоқ хўжалиги соҳасида ҳамкорлик қилган.

2005 йилнинг март ойида тузилган “Серқуëш Ўзбекистон” коалициясининг раҳбари сифати мамлакат президенти ва парламентига иқтисодни ривожлантириш борасида таклифлар юборган. 2005 йил октябрда қатор иқтисодий жиноятларда айбланиб ҳибсга олинган. 2006 йил мартида ноқонуний топилган пулни қонунийлаштириш билан шуғулланган жиноий гуруҳ тузиш ва солиқ тўламаслик каби оғир жиноятларда айбдор топилган, 14 йиллик қамоқ жазоси ва 8 миллион АҚШ доллари миқдорида жарима тўлашга ҳукм этилган, амнистия қўлланилгани боис, қамоқ жазоси 10 йилга туширилган. Ҳозир Навоийдаги 64/47-қамоқхонада сақланмоқда.

Унинг турмуш ўртоғи, санъатшунос Индира Ниëзова АҚШнинг Теннеси штатида яшайди ва С.Умаров қамоққа ташлангандан бери у билан учрашмаган.

Суҳбат бунинг сабаблари ва С.Умаровнинг қамоқдаги аҳволи ҳақида сўрашдан бошланди.

“Ҳа, мен эрим қамалганидан бери уни кўра олганим йўқ. Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқларига ҳурматсизлик бобидаги бедодликни ўзингиз ҳам биласиз. Мен Ўзбекистонга борсам, эримга босим ўтказиш мақсадида менга нисбатан фитна қўллашлари мумкин. Мен қўрқоқ эмасман, аксинча жасур ва мард аëлман. Аммо эрим қамалганидан буëн беш болам, айниқса, икки кичик қизимнинг ҳаëти учун масъулият менинг зиммамга тушди. Мен ўз ҳаëтим билан таваккал қилишим мумкин, аммо қизалоқларим тақдирини хавф остига қўя олмайман. Эҳтирослар эмас, соғлом ақл билан иш тутишга ҳаракат қилаëтганим учун Санжар ака қамалганидан бери Ўзбекистонга борганим йўқ”,- дейди Индира опа.

Бевосита С.Умаровнинг қамоқдаги вазиятига тўхталар экан, Индира опа унга нисбатан қийноқларнинг муттасил давом этаëтганини айтади.

“Уни 13 ой эни ва бўйи 2 метрлик карцерда ушлашди ва 13 ой ичида фақат 2 марта ташқарига олиб чиқишди. Карцердан чиққач, ўғлим бориб дадасини кўрди. У кўрганларидан шу қадар даҳшатга тушдики, узоқ вақт гапира олмай юрди. Кейинроқ у кўрганларини фашистлар концлагеридаги манзара билан қиëслади. Эрим жуда келишган, баланд бўйли, салобатли киши эди. Ўғлимнинг айтишича, 13 ойлик карцердан сўнг унинг олдига устига тери тортилган суяк-скелетни олиб чиқишган. Аввалги келишган Санжар ака ўрнида кўзлари ичига ботиб кетган, юзида жағ суягидан бошқа ҳеч нарса қолмаган, ўз гавдасини зўрға судраëтган бир одам қолган. Уни сўнгги марта ўртанча ўғлимга уч кун бурун қалин ва хира шиша деворлар ортидан кўрсатишган. Ўғлимнинг айтишича, Санжар аканинг кўриниши аввалгидан ҳам хароброқ, юз-кўзларида кўкарган, шишган излар бор”,- дейди Индира опа.

Ўзбекистон расмийларининг Санжар Умаровга нисбатан бундай шавқатсиз ëндашувини қандай изоҳлайсиз, нима учун унга нисбатан бунақа ноинсоний муомалада бўлишмоқда, деб сўраймиз Индира опадан.

“Буларнинг бари Санжар ака ўз ватанининг ҳақиқий фуқароси бўлгани учун қилиняпти, зотан бунақаларга бизда тоқат қилишмайди. Ҳақиқатни айта оладиган, зиëли, маърифатли, кўп тилни биладиган одамларни бизнинг жамиятимиз ëмон кўради. Бизда тепадагилар нима деса, хўп ака, хўп ака қиладиган қуллуқчи-лаганбардорларни яхши кўришади. Санжар акадек одамларни тепадагилар ўзига таҳдид, деб билади ва унинг тақдири кўрсатиб турганидек, бундайларни бутунлай йўқ қилишни исташади. Йўқса, 2,5 йилдан бери бу одамни оиласидан, ташқи дунëдан буткул изоляция қилдингиз, яна унинг устидан кулишнинг нима кераги бор”,- дейди И.Ниёзова.

Халқаро ташкилотлар, Ғарб ҳукуматларига С.Умаровни озодликка чиқаришда ëрдам сўраб мурожаат қилаяпсизларми? Бу уринишлардан бирор самара чиқишига кўзингиз етадими?

-
Ҳа, ҳаммага доимий суратда мурожаат қилиб келяпмиз. Биз бирор кун жим ўтирганимиз йўқ. Бу ҳаракатларимиз ҳам Ўзбекистондагиларнинг жиғига тегяпти. Турма бошлиғи Абдуллаев ўғлимга агар яна шовқин кўтариб, халқаро ташкилотларга мурожаат қилиб, хориж радиоларига интервью берсанглар, отангнинг суягини ҳам тополмайсанлар, дея дағдаға қилган.

Ўзбекистон идораларичи, уларга ҳам мурожаат қилиб, эрингизни озод этишни сўраяпсизларми?

-
Ўртанча ўғлим ҳозир Тошкентда. У ҳар кун тегишли идораларга ëзма равишда ҳуқуқий жиҳатдан рисоладагидай ëзилган ариза топширмоқда. Аммо улар бундай сўровларимизни ахлатга ташлаëтган кўринади. Санжар аканинг ўзиям озод этишни сўраб хатлар ëзмоқда. Афтидан, уни қилмаган айбига иқрор бўлиб, кечирим сўрашга мажбурлаш ва шу орқали унинг инсоний қадр-қимматини ҳам буткул оëқ-ости қилишмоқчи кўринади.

Индира Ниëзова ўзи ва турмуш ўртоғи С.Умаровнинг Ўзбекистондаги таниқли олимлар сулоласидан эканини фахр билан гапиради. 2005 йил октябрига қадар Умаровлар оиласи аксар ўзбекистонликлар ҳавас қиладиган оилалардан бири бўлган – бадавлат ва нуфузли ота, нозик дидли, санъатшунос она ва бир-биридан чиройли уч ўғилу икки қиз. Аммо тақдир чархпалаги бир айланиб, бугун бу оила бошлиғи Ўзбекистонни бошқараëтганлар марҳаматидан мосуво бўлди, шундан сўнг оила бошига режим қаҳрига учраганларга ëғилаëтган балолар кетма-кет ëғила бошлади. С.Умаров 10 йилга қамалдигина эмас, унга нисбатан қамоқда энг шафқатсиз қийноқлар қўлланила бошланди, оиланинг аксар мол-мулки мусодара қилинди, онаю беш бола Ўзбекистонни ташлаб кетишга мажбур бўлди. Ўз тақдирининг бу каби ногаҳон эврилишини шарҳлар экан, Индира опа бу мусибатда бир ҳикмат бор, деган ишонч билан гапиради.

“Мен бу эврилишларни Яратган кучли инсонларга йўллайдиган синов, деб биламан. Худо кучли инсонларни яхши кўриши ва ҳар хил оғир синовлар юбориб, уларни синашига ишонаман. Мен ўзимга фақат болаларим кўрмагандагина йиғлашга изн бераман, кўз ëшларимни болаларим кўрмаслиги керак. Аксинча, мен уларни доим руҳлантириб, бошларини баланд тутиб юришга ўргатаман. Ҳар кун отангиз ўз ватани учун яхши ишлар қилишни истаган ҳақиқий эркак, қаҳрамон, деган гапни болаларим қулоғига қуяман. Ўзим қийналиб кетганимда эса қўрқоқнинг аëли бўлгандан марднинг беваси бўлган яхшироқ, деган нақлни такрорлаб, руҳимни кўтараман”,- дейди Индира опа.

У уч ўғли унга берилган қанот, улар ўзини жисмоний қийноқлардан асраб келаётганини таъкидлади.

“Руҳий азобларим эса ўзимга. Оғир дамларда менга куч берадиган нарса ишонч, яхши келажакка ва албатта, Худога ишончдир. Ахир биз Яратганнинг қаҳрига лойиқ бирор ëмон иш қилмадик. Бошимизга келган ҳозирги мусибатни Яратганнинг муҳаббати, уни ўз кучли бандаларига йўллайдиган синови, деб биламан. Энг оғир азоблардан омон олиб чиқадиган таянч, юпанч, оилам, болаларимдир. Улар мен учун таянчларнинг таянчи. Сўнгра яхшиликка, адолатга умид”,- дейди Индира Ниёзова.

“Агар Санжар ака бизни эшитаëтган бўлса, уларга биз сизни жуда севамиз, сиз биз учун дунëдаги энг яхши инсонсиз ва ҳаммамиз бағримизга қайтишингизни жуда-жуда кутяпмиз, деган бўлардим,- сўзларида давом этади Индира опа. - Агар мени эримнинг тақдирини ҳал этадиганлар эшитаëтган бўлса, уларга ҳаммамиз Худонинг назаридамиз, ҳаммамизда ҳам бола-чақа бор, буйруқни бажарадиган қўғирчоқ бўлмасдан, виждон-эътиқодга қулоқ солинг, деган бўлардим. Берилган буйруқни бажариб, бегуноҳ эримга шунча оғир жазо берган судья Зокиржон Исаевнинг бугунги ҳолига бир қаранг. Бугун у итдай қувилиб, саргардон бўлиб, хориждан бошпана сўраб юрибди. Худонинг адолати эртами-кечми сизгаям келади, деган бўлардим”.
XS
SM
MD
LG