Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 07:05

Холбека Жўраева: Эрим халқнинг хизматчиси эди


“Озодлик” радиоси Ўзбекистон қамоқхоналарида қолаётган сиёсий маҳбусларнинг турмуш ўртоқлари билан ўтказаётган туркум суҳбатларнинг яна бир меҳмони Мурод Жўраевнинг рафиқаси Холбека Жўраева.

1952 йилда Қашқадарëда туғилган М.Жўраев 1989-91 йиллларда Муборак шаҳри ҳокими бўлиб ишлаган, Ўзбекистон Олий Кенгаши депутатлигига сайланган. Кўп ўтмай мухолифатдаги “Эрк” партияси аъзоси сифатида депутатлик мандатидан маҳрум этилган.

1994 йилда эркчилар устидан бўлиб ўтган суд жараëнида қуролли қўзғолон орқали давлат тўнтариши ясашга уринганлик ва президент шахсини ҳақорат қилганлик каби оғир жиноятларда айбланиб, 12 йилга озодликдан маҳрум этилган. Кейинчалик қамоқхонада жазо муддати яна икки марта узайтирилган.

Ҳозир Зарафшондаги 64/48-қамоқхонада сақланаëтган турмуш ўртоғини охирги марта 30 ноябрь куни кўрган Холбека опа мустақил Ўзбекистоннинг илк сиëсий маҳбусларидан бири бўлмиш Мурод Жўраевнинг қамоқхонадаги ҳаëти ҳақида “Озодлик”ка ҳикоя қилади.

Холбека Жўраева: Аҳволлари жуда ҳам ëмон. Ориқлаб кетганлар. Оғзида тишлари қолмаган. Қамоқхона бошлиғининг олдига тиш масаласи бўйича кирган эдим. Тиш доктори ўзимизда бор, деди.

Озодлик: Тишларини уриб туширишганми ëки касалликдан бўлганми?

Холбека Жўраева: Олдин ҳам тишлари оғрир эди. Ўзидан ўзи тушиб кетибди. Сабабини билмадим.

Озодлик: 1994 йилдан бери ўтирибдилар. 14 йил бўлди...

Холбека Жўраева: Ҳа, 1994 йил 18 мартдан бери ўтирибдилар.

Озодлик: Шу 14 йил ичида уларга нисбатан муносабатда, шароитлар борасида нима ўзгариш юз берди?

Холбека Жўраева: Шу 14 йил ичида 1995 йил мустақиллик байрами арафасида амнистияга тушган эдилар ва 2 йили олиб ташланган эди. Муддати тугашига 1 йилми-2 йилми қолганда, Қарши қамоқхонасига олиб келинди. Қаршида чиқиш кунлари яна 3 йил берди.

Озодлик: Нимага?

Холбека Жўраева: Прокурор томонидан кирларини печканинг ëнига осмабди, сафга этик билан чиқибди, деган баҳона билан 3 йил берилди. Кейин 2002 йили Олмалиққа олиб келишди. 2006 йилда яна 3 йил беришди.

Озодлик: Бу сафар нима асосда беришди?

Холбека Жўраева: Бу сафар кечаси туриб, чироқни ëқиб, ҳамманинг уйқусини бузиб, газета ўқидинг, деб беришди. 2006 йилда Олмалиқда суди бўлгандан кейин тўғри Зарафшонга жўнатилди.

Озодлик: Мурод акага азоб беришадими?

Холбека Жўраева: Менимча, бор.Ўзлари айтмайдилар-ку, лекин битта шерикларидан эшитдим. Мурод акани роса қийнашди, деди. Уйга келиб, дод деб йиғладим. Қийнаганларини Мурод акам мени ëмон бўлиб қолмасин, деб айтмайдилар. Олмалиқда қийнаганларини айтганларида ëмон бўлиб қолувдим. Олмалиқда устига кийим бермасдан битта майкада совуқ изоляторга қўйган экан. Кечаси бир-икки марта дубинка билан оëғининг тагига уришган экан.

Озодлик: Қийналганлари ҳақида эшитганингиз яқинда бўлдими ëки эскими?

Холбека Жўраева: Мана шу сафар олдиларига борганимда эшитдим.

Озодлик: Қамоқхонада Мурод ака ўз жонларига қасд қилмоқчи бўлганлари тўғрими?

Холбека Жўраева: Тўғри. Қаршида бўлган пайтларида шунақа қилмоқчи бўлганлар.

Озодлик: Нима сабабдан?

Холбека Жўраева: Ҳаëтдан совиб кетдим, энди бутунлай қамоқда қолсам керак, битта ўзинг ишлаб топганингни болалар билан еб-ичмай, менга ташийсан, сизларга ортиқча ташвишман, деган нарса хаëлимга келди, деган эдилар. Чунки болаларимни ҳам ҳеч қаерга ишга олишмаяпти.

Озодлик: Энди қачон чиқишлари керак?

Холбека Жўраева: 2009 йил сентябрь ойида.

Озодлик: 2009 йилда чиқишларига сизнинг ëки Мурод аканинг умидлари борми?

Холбека Жўраева: Мен Мурод акадан кўнглига келмасин, деб сўраганим йўқ. Лекин менинг умидим йўқ.

Озодлик: Нимага?

Холбека Жўраева: Шунча йиллик югур-югурдан кейин ҳам бирор енгиллик, деган нарса йўқ. Қанча халқаро ташкилотларга бордим. Энди умидимни узганман. 14 йилдан бери жонимга тегиб кетди. (Ўксиниб йиғлаб)
Илтимос, демократик мамлакатлар, чиқаришга озгина бўлса ҳам ëрдам беринглар. Ҳеч бўлмаса, уй қамоғида бўлсин, деб демократик мамлакатларнинг қанчасидан илтимос қилганман. Лекин биронтасидан садо чиқмаган. Кейинчалик қўлимни силтаб қўйиб, чиқишларини ҳам хоҳламадим. Бу киши демократия, деб қамалиб юрибдилар. Мана, битта-иккитаси чиққандан кейин яна умидим пайдо бўлди. Яна ким билади дейсиз.

Мустақил Ўзбекистоннинг илк сиëсий маҳбусларидан бири бўлмиш Мурод Жўраевнинг турмуш ўртоғи Холбека опа билан суҳбат давоми бу муштипар аëлнинг 14 йиллик мусибатли ҳаëти ҳикояси билан давом этди...

Холбека Жўраева: Фарзандларим 4 та. Биттаси 16 ëшида йўқолган (вафот этган демоқчи). Эрсиз кўмганман. Катта ўғлимни уйлантирдим. Келиним ўқитувчи. Келинимнинг маоши билан яшаяпти. Иккитасини ўзим боқяпман.

Озодлик: Нима иш қиласиз?

Холбека Жўраева: Ўқитувчиман. Оладиган маошимга ҳар 4 ойда бир марта Мурод акамнинг ëнига бораман. Соатликка бора олмайман. Унга боришга маблағим йўқ.

Озодлик: Маҳаллада, ишхонада сизга муносабат қанақа? Сизга ëрдам беришадими ëки ўзларини олиб қочишадими?

Холбека Жўраева: Бошлиқлар мендан ўзини олиб қочади. Лекин оддий халқ ўзини олиб қочмайди, чунки Мурод акам Муборакда ишлаган пайтларида халқ учун кўп нарса қилганлар. Шунинг учун халқ яхши ном билан эслайди. Орқаларидан халқ мақтайди.

Озодлик: Мурод аканинг ўзи қанақа одам? Бирга яшаган йилларни қандай эслайсиз?

Холбека Жўраева: Бирга яшаган йилларимизда у бирор марта оилам демаган. Бундай амал бир марта келади деб, Муборак халқи учун ҳамма нарса қилганлар. Муборакни бирон жойида ичимлик сув йўқ эди. Иш деб туғилганларми, билмайман, кечаси ҳам уйга келмас эдилар.

Озодлик: Тақдир ҳар кимга ҳар хил берилар экан. Мана, 14 йил эрингизсиз яшаяпсиз. Бу орада фарзандингиздан жудо бўлибсиз. Қийналган пайтларингиз нимадан юпанч топасиз?

Холбека Жўраева: Хўжайиним қамалганларида кичкина ўғлим 6 ойлик эди. Ҳозир 15га кирди. Кичкинаси билан қолиб, каттасини ëлғиз ўзим кўмдим. Мен фақат болаларимнинг атрофида ўтираман. Юпанч топиш, деган нарсанинг ўзи йўқ. Касаллик орттирганман. Яқинда касалхонадан чиқдим. 3-4 кун бўлди, уйда муолажа оляпман.

Озодлик: Нима касал?

Холбека Жўраева: Юрагим оғрийди. Бу гапларни Мурод акам эшитмасин. Эшитса, хафа бўлади. Шунинг учун борганимда кулиб бораман, олдиларидан чиққандан кейин йиғлаб қайтаман. Биз шунақа азобларни кўряпмиз. Кимлардир Ўзбекистонни ўмариб яшаб ëтибди. Ватан деб жон фидо қилганлар қамоқда ëтибди. Агар Мурод акам ҳам еганда эди, мол-дунë тўплаганда эди, мен бунчалик қийналмас эдим. Халқаро ҳуқуқ ташкилотларига югур-югур қилиб юрган пайтимда сиз билан суҳбатлашамиз, деб вилоятдан олдимга одам келди. Уйни кўриб ҳайрон қолди ва шаҳар ҳокими бўла туриб шунақа уйда яшаганларми, деди. Мен Мурод акам менга битта уй қуриб бермаган, дедим.

Озодлик: Ҳаëтингиздан афсусланиш борми?

Холбека Жўраева: Мен ҳаëтдан тўйган инсонман. Фақат кичкина ўғлим учун яшаяпман. Чунки уни мен ташлаб кетадиган ҳеч кими йўқ.

Озодлик: Хўжайинингизнинг чиқишини ҳал қиладиган инсонларга айтадиган гапингиз борми?

Холбека Жўраева: Айтадиган гапим битта. Агар Мурод акам чиқиб келса, фақат уйда ўтиришларига, сиëсат билан шуғулланмасликларига ўзим кафолат бераман. Ўринларига мени қамаб, у кишини қамоқдан чиқаришларига мен розиман.
XS
SM
MD
LG