Линклар

Шошилинч хабар
23 апрел 2024, Тошкент вақти: 15:35

Президент қайси мамлакат ҳақида гапирди?


Ўзбекистон президенти Ислом Каримовнинг 8 февраль куни Вазирлар Маҳкамасининг 2007 йил якунларига бағишланган мажлисида қилган чиқиши ўзбекистонликларнинг асосий муҳокама мавзусига айланди.

1,5 соатлик маъруза ўзбекистонликларнинг: “Президент қайси мамлакат ҳақида гапирди экан”, деган асосли саволларига сабаб бўлди.

“Бугунги вақтда қўшни мамлакатларда ва жаҳон бозорида озиқ-овқат маҳсулотлари нархининг кескин кўтарилиб бораëтгани кузатилмоқда. Бундай вазиятда республикамиз ички бозорини, аҳолимизни озиқ-овқат маҳсулотлари билан ишончли таъминланиши алоҳида аҳамият касб этади. Шу муносабат билан бизнинг 90-йилларда ғалла мустақиллигига эришиш, аҳолининг ун ва нонга, бошқа ҳаëтий муҳим озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган талабини тўла таъминлаш вазифасини ўз олдимизга қўйганимиз ва уни муваффақиятли ҳал этганимиз узоқни ўйлаб қилинган оқилона иш бўлганлигини эслаш ўринлидир”,- деди президент.

Ўз чиқишида Ўзбекистон раҳбари шунга ўхшаш кўплаб фикрларни айтди.
83 дақиқага чўзилиб кетган ушбу маъруза ўзбекистонликларни, юмшоқ қилиб айтганда, анча хижолатга солди. Боиси, бу мавзуда суҳбатлашган ўзбекистонликлар президент бир ярим соат давомида уқтирган гапларнинг бирортасига ишониш қийинлигини айтмоқда:

-
Бу ғирт ëлғон. Ҳозир бир қоп ун 50 доллар, ëғ ҳам қиммат. Ҳамма ëқ қимматчилик. Бир кишининг ишлаб топгани Ўзбекистон шароитида битта одамни боқишга етса керак.

-
Халқ ёғни ололмаяпти-ку. Нархи ҳам қиммат, бунинг устига танқис. Ўзимиздан чиқаëтган ун ўзимизга етади-ю, лекин уни унча ишлатиб бўлмайди. Сифати яхшимас. Ўша унлардан қилинган нонларни ҳозир одамлар навбатга туриб оляпти.

Бироқ президент ўз гапларини турли рақамлар, хусусан, ялпи ички маҳсулот ҳажми 9,5 фоиз, саноат ишлаб чиқариш ҳажми 12 фоиз, экспортнинг 44 фоиз ошганига оид маълумотлар билан асослади. Бундан ташқари, бу ютуқларни нуфузли халқаро ташкилотлар ҳам эътироф этганини қўшимча қилди.

“Мисол учун ҳар йили дунëнинг 162 та мамлакати бўйича иқтисодий эркинлик индексини эълон қиладиган “Наследие” фонди халқаро рейтинг агентлигининг бу борадаги хулосаси эътиборга сазовор”,- деди И.Каримов.

Ҳақиқатан ҳам И.Каримов номини рус тилида “Наследие”, деб келтирган “Ҳеритэйж” жамғармаси ўтган ойда жаҳон мамлакатларидаги иқтисодий эркинликка оид йиллик ҳисоботини эълон қилди. Унда президент айтганидек, 162 та мамлакатга баҳо берилган. Бироқ Ўзбекистон раҳбари бу рейтингда 162 давлат орасида ўз мамлакатига 130-ўрин берилганини эслаб ҳам ўтирмади.

Президент келтирган бошқа рақамларни оммага тушунарли тилга ўгириб беришни илтимос қилиб, “Озодлик” мамлакат бюджетини ишлаб чиқишда бевосита қатнашадиган Ўзбекистон Cенатининг молиявий қўмитаси ҳамда Марказий банк мутасаддиларига мурожаат қилди. Лекин бу идоралар Ўзбекистон раҳбарининг фикрларини изоҳлашдан бош тортди.

Хўш, халқ ишонмаётган, ҳатто расмийлар ҳам изоҳлашга хижолат бўлаётган гапларни уқтиришга не ҳожат, ёки бу маъруза ким учун мўлжалланган, деган ҳақли савол туғилади.

Ўзбекистонлик мустақил таҳлилчи Камолиддин Раббимов бугунги вазиятда бу гаплар, энг аввало, президентнинг ўзига кераклигини айтади.

“Бу тескари натижага олиб келиши муқаррар, лекин ҳозирги кунда Ўзбекистон жамияти алоҳида яшаяпти. Ўзбекистон ҳукумати ҳам автоном ҳолатда яшаяпти. Улар бир-бири билан ҳисоблашмайди. Яъни Ўзбекистон ҳукумати авторитар ҳокимиятини сақлаш учун ҳам ҳақиқатдан узоқ бўлган кўтаринки баҳо беради. Лекин бу муаммо бугун пайдо бўлган эмас. Айтайлик, 90-йилларнинг ўрталари билан қиëсласак, янги тенденция шаклланаëтгани йўқ. Фақатгина ҳозирги ҳолат сифат даражасида яна бир поғонага кўтарилди. Бу жамиятга берилаëтган диагноз эмас, президентнинг ҳозирги дунëқарашига берилаëтган диагноз, десак тўғри бўлади”,- дейди К.Раббимов.

Бугунги вазиятда сиёсий лаёқатлилиги тугаб бораётган И.Каримов учун, ўзи ҳам бу гапларга ишонмаса-да, ҳатто уларга халқни ортиқ ишонтира олмаслигини билса-да, ўз ҳокимиятини сақлаб қолишнинг сафсатабозликдан бошқа усуллари қолмаган, дея хулоса қилади таҳлилчи.
XS
SM
MD
LG