Линклар

Қозоғистонда пул топиш учун йиллаб қолиб кетаётган ўзбеклар бор


Ўтган йили Қозоғистонга ўзбекистонлик 2 миллион 195 минг фуқаро келган бўлиб, уларнинг 1 миллион 220 мингги юртига қайтган. Бир миллионга яқин ўзбек фуқароси эса тирикчилик қилиш учун қўшни давлатда қолган.

Бу Қозоғистон Миграция қўмитасининг расмий маълумоти.

Ўзбек меҳнат муҳожирларининг Қозоғистонда бир неча йиллаб қолиб кетаётганига асосий сабаб муҳтожлик экани айтилади.

Азизжон ҳам анча вақтдан бери ўз юртига бормай, Қозоғистонда тирикчилик қилиб юрган ўзбек меҳнат муҳожирларидан бири.

“Бу ерда пул ишласа бўлади, шунинг учун кўп одам шу ерда қолиб ишлаяпти. Ўзбекистонга борса, иш бўлган билан ойлик бермайди. Мардикорлар орасида фермерлар ҳам бор. Улар ер солиғини тўлай олмай, ерини ташлаб қочиб келган. 2-3 йиллаб уйига қайтмаётганларни кўрганман. Муҳтожлик бўлмаганда улар бу ерларга келмасди”,- дейди Азизжон.

Унинг сўзларига кўра, Қозоғистонда кўп вақт қолиб кетиб, уйига пул жўнатаётганлар ҳам, жўната олмаётганлар ҳам бор.

“Бу ерда яшаш қийин. Ертўлаларда яшаб юрганлар ҳам бор. Бойлар қўлида ишлаётганларга хўжайини ё пул беради, хоҳламаса умуман бермайди. 5-6 та болани кўрдим. 1,5 йил бўлибди ишлаётганига, ҳали уйига пул жўнатмабди. Пулини ололмай, қайддан ўтолмай, ментлардан қочиб юрибди”,- дейди Азизжон.

Қозоғистондаги ўзбек меҳнат муҳожирлари орасида оғир хасталикларга чалинганлар, жинсий ёки меҳнат эксплуатациясига учраганлар ҳамда ҳалок бўлганлар ҳам учрайди.

Қозоғистон расмийлари меҳнат мигрантлари мамлакат иқтисодиётига катта фойда келтираётганини эътироф этади. Аммо мигрантларга қулай шароит ёки ёрдам беришга келганда, маҳаллий ҳуқуқ ҳимоячиларининг айтишича, расмийлар бирор иш қилгани йўқ.

Хўш, Ўзбекистон ҳукумати Қозоғистондаги фуқароларини қандай ҳимоя қилиб, қандай ёрдам беряпти?

“Бизга расман мурожаат қилинса, ёрдам берилади,- дейди Ўзбекистоннинг Қозоғистондаги элчихонаси консуллик бўлими ходими. – Лекин газетадан ёки бошқа жойдан олинган хабарлар бўлса, Худо билади... Консуллик вакиллари судларда қатнашади. Консуллик рўйхатидан ўтмаган фуқароларимиз бўлса ҳам бизга хабар келса, судларда қатнашилади”.

Унинг таъкидлашича, агар бирор киши вафот этса, элчи билан келишилган ҳолда ўрнатилган тартибда жасадни юртига қайтаришга ёрдам берилиши мумкин.

“Баъзан молиявий қийинчилик бўлади. Бироқ ҳаммадан хабардор бўлиб тура олмаймиз. Барча ишни ташлаб қўйиб, Олмаотадан туриб шунча минг юз одамни кузатиш жисманан мумкин эмас”,- дейди консуллик бўлими ходими.
XS
SM
MD
LG