Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 16:01

Яна бир бор Навоий даҳоси ҳақида


Ҳазрат Алишер Навоий қаламига мансуб асарларни Шарқда яхши билсалар-да, Ғарб дунёсида уларнинг асл мазмуни кўп ҳам тушунилавермайди. Чунки бу асарлар Ғарб тилларига бутун мазмун-моҳияти англанган ҳолда таржима қилинмаган.

Европа тилларидаги таржималар ҳам кўпроқ рус тилидан ўгирилган. Айтиш жоизки, Навоийни бу тилларга таржима қилиш кўп ғайрат ва меҳнат, вақт ва масъулият талаб қиладиган иш. Шу сабабданми, Европа тилларини билган кўпчилик бу ишга жаҳд қилмайди. Аммо улар орасида бу сермашаққат юмушга қўл урган, ҳатто бу йўлда муваффақиятларга эришган романтик инсонлар ҳам бор. Самарқандлик таржимон Муродхон Эргашев ана шундай инсонлардан. У Навоий асарларини 10 йиллар аввал таржима қила бошлаган ва таржималарини Франциядан келган меҳмонларга ўқиб бера бошлаган.

Навоий ғазалларини француз тилига таржима қилиш учун қаттиқ бел боғлаган Муродхон ака ҳазратнинг 1500дан зиёд ғазалини синчиклаб ўрганиб чиққанини айтди.

“Навоийнинг ҳар бир сўзи ортида жуда кўплаб маъно бор. Аввало матнларни ўзим кўнгилдагидай тушуниб олишга ҳаракат қилдим”,- дейди таржимон.

Шунингдек, таржимон Навоий асарларини фаранг тилига ўгириш жараёнида ҳазратни илҳомлантирган асл манбаларни ҳам имкон қадар ўрганганини билдирди.

“Навоий асарлари таржимасига қўл уришдан олдин Қуръонни, ҳадисни, сўфийлик таълимотини яхши тушуниш керак экан. Уларни билмасдан туриб шунчаки бу асарларга ëндашиш, унинг маъносини очиб беришга уриниш яхши самара бермайди”,- дейди М.Эргашев.

Муродхон аканинг камтарин меҳнати эътиборсиз қолмади. Навоийнинг унинг таржимасидаги 30 ғазали Франциянинг Бреск шаҳрида “Жиорама” нашриётида чоп этилди.

“Бухоролик Собир деган дўстимдан ҳар битта ғазал учун биттадан миниатюра ишлаб беришни илтимос қилдим. У киши билан биргаликда матнлар устида ишладик. Шу тариқа китоб миниатюра билан безатилди”,- дейди таржимон.

Навоий туркий адабиётни умумжаҳон савиясига кўтарган шоир мақомига юксалиш баробарида устозлари Низомийю Жомий, Ансорийю Аттордан таъсирланган. Шу билан бирга, ҳазрат Навоийнинг асли турк бўлган, аммо форсий тилда маснавию манзумалар ёзган яна бир салафи бор - у кишини мавлавия сулуки пешвоси Мавлоно Жалолиддин Румий қоддасаллоҳи сирраҳ дея эъзозлайдилар. Мавлоно Румий умргузаронлик қилган Кўнё шаҳрида бир манзил бордирки, халқ уни “икки дарё учрашган жой”, деб атайди. Бу улуғ сиймолар - Мавлоно Румий ва Шамс Табризий раҳимаҳуллоҳлар учрашган жойдир.

Филология фанлари номзоди, адабиётшунос олим Бахтиёр Файзуллаев сўзларига кўра, Навоий ўзининг “Насоим-ул муҳаббат” асарида Жалолиддин Румий номини алоҳида эҳтиром билан тилга олади.

“Назаримда, Навоийнинг тасаввуфий йўлда ëзилган асарлари ҳамда Фаридиддин Атторнинг “Мантиқут тайр”ига жавобан ëзилган “Лисонут тайр” асарини кузатсангиз, Жалолиддин Румий таъсирини кўриш мумкин. “Лисонут тайр” асарида келтирилган ҳикояда Ҳиндистонга борган кўрлар қоронғу жойда филни биттаси хартумидан, биттаси оëғидан, биттаси қулоғидан ушлаб гил ҳақидаги тасаввурларини айтади, аммо филнинг моҳиятини тушунмайди. Бу ҳикоя Атторнинг “Мантиқут тайр” асарида учрамайди. Навоий худди шу ҳикояни ëзишда Румийнинг “Маснавий” асаридан фойдаланганини кузатиш мумкин. Бу ҳикояда кўрларнинг фил моҳиятини англай олмаслиги илоҳий моҳият билан боғланяпти. Демак, зоҳирда билган нарсани ботинда англаб бўлмас экан. Илоҳий ҳақиқат зоҳирда эмас, балки ботинда дил, кўнгил билан англаниши кераклигини Навоий шу асари орқали кўрсатиб берган”,- дейди Б.Файзуллаев.

Туркиянинг Кўнё шаҳрида бўлган кишилар Мавлоно Жалолиддин Румий ҳазратларининг турбалари, яъни мақбаралари шу кунда ҳам обод ва гавжум жой эканини билади. Шу ўринда, беихтиёр хотирга: “Ҳазрат Алишер Навоий мақбаралари бугунги кунда қай аҳволда экан?” деган савол келади. Бу ҳақда тилшунос ва ëзувчи Азизулло Орол шундай дейди:

“Навоий мақбарасини кўриб дунë ўзбеклари йиғлаши керак. Навоий ўз ватанида хору-зор. Ҳозир жасади ëтган ерни кўрсангиз, ачинасиз. Бу Ҳирот шаҳри марказида жойлашган. Уни кўрган киши бу хароба кимники экан, деб ўйлайди”.

Бундан чамаси 4 йил аввал Ўзбекистон президенти И.Каримов фармони асосида Навоий мозори устига муҳташам мақбара қуриш ва атрофини кўркам боғга айлантириш учун катта маблағ ажратилган эди. Афғонистон Ахборот ва маданият вазирлигининг тарихий обидаларни муҳофаза қилиш идораси раиси Абдулаҳад Аббосий Ўзбекистон ҳайъати Ҳиротга сафар қилиб, Навоий турбасини қайта тиклаш учун ишга киришганини айтади.

Унинг билдиришича, ўзбекистонлик мутахассислар Навоий қабри устига қурилган бинони тубдан бузиб, ўрнига янги замонавий усулда бино қуришни бошлаганида Афғонистон ҳукумати ва ЮНЕСКО монелик қилган. Ўшандан бери ҳалигача Навоий мозорини қайта қуриш иши тўхтаб қолган.

Дарҳақиқат, бугунги кунда ўзбеклар зиммасида Навоийнинг мақбарасини тузатиш, унинг буюк меросини тарғиб қилиш заҳмати турибди. Зеро, у зот ўз халқи учун қилган хизмати беқиёс эканини мактаб ўқувчиси ҳам билади. Бунинг устига, ҳазрат Навоий туркийгўйларга чинакам инсонликнинг моҳияти нима эканини уқтириб кетган мураббийлардан биридир. Унинг ўгитлари ташвишларга тўла бугунги замонада ҳам ўз аҳамиятини заррача йўқотгани йўқ.

Бугун Навоийни ёд этганда: “Нима учун Навоийдек насабдор, бадавлату мўътабар киши бир умр авомнинг, яъни оддий халқнинг кўнглини топишга уриниб келди, мудом халқ ғами билан яшади, ахир унда ҳам ўз нафсини хурсанд қилиб, ҳеч кимга илтифот кўрсатмай, айшу ишрат билан умр ўтказиш имкони бор эди-ку?” деган савол келади. Жавоб яна ҳазратнинг ўзи битган ҳикоядан топилади.

Арасту ва унинг шогирди ҳақида ҳикоя.

Навоий ҳазратларининг ёзишича, “Арастунинг илму ирфонда тенгсиз бир шогирди бўлган экан. Фазлу фаросати шу қадар эканки, ҳатто одамлар: “Мабодо Арасту қазо қилса, унинг ўрнини бемалол босадиган олимимиз бор”, деб ўйлар экан. Иттифоқо, шу шогирд бир гўзалга ошиқи беқарор бўлибди. Эътиборли олим йигитга у гўзални дарров никоҳлаб берибдилар. Аммо ошиқ йигит ўз маъшуқасига шу қадар парвона бўлибдики, ҳатто илм билан шуғулланишни ҳам унутибди. Кунлар кетидан кунлар ўтса ҳамки, у ишқибозликни тарк қилмасмиш. Шогирдига бу дунё айшу ишратининг муваққатлигини англатмоқчи бўлган Арасту бир куни унинг уйига таом юборибди. Таомдан тотинган қиз кундан-кунга беҳоллашиб борибди ва ниҳоят, хасталаниб ётиб қолибди. Ошиқ йигит бор илмини ишга солиб, маъшуқасини даволашга киришибди, аммо бу ишнинг уддасидан чиқа олмабди. Зеро, у Арасту эмас, бор-йўғи унинг шогирди экан-да. Севиклисининг дардига дармон тополмаган шогирд Арастунинг олдига бош эгиб борибди. “Устоз, - дебди йигит, - умрбод қулингиз бўлай, севгилимни дарддан халос қилинг”. Шогирдининг илтижосини кўрган Арасту унинг уйига йўл олибди ва қизга малҳам тайёрлаб берибди. Муолажадан сўнг қиз балғаму сафро қусибди. Алҳол, дарддан фориғ бўлиб, ҳолсизланиб ётиб қолибди. Иттифоқо, шогирд йигит уйга қайтибди. Арастуни кўрибоқ, унга: “Тузатдингизми, устоз?” дея савол берибди. Тасдиқ жавобини олгач: “Қани менинг кўзим нури, қани менинг жоним ҳузури”, хитоби билан ичкарига отилибди. Лекин ичкарида икки букилган, афтодаҳол аёлни кўргач, ортга тисарилибди. “Бу менинг севгилим эмас”, дебди у изтироб ичра. Унга: “Қасамки, бу ўшадир”, дебдилар. Аммо йигит қайсарлик билан: “Мутлақо у эмас”, деб туриб олибди. Арасту: “Сен тўғри айтаяпсан”, дебди-ю аввалдан тайинланган хизматкорга: “Унинг маъшуқасини олиб кир”, деб буюрибди. Йигитнинг кўзларида умид йилт этибди. Аммо хизматкор йигит кутганидек унинг маъшуқасини бошлаб кирмай, қўлида тоғора билан қайтиб кирибди.
“Мана сенинг севгилинг”, - дебди Арасту балғам, сафро ва қон аралашмасидан иборат қусуқни кўрсатиб, - “сен шугинага ошиқ эдинг”...

Нуктадон ўқувчи ҳикояда ҳазрат Навоий одамларни ишқдан, муҳаббатдан бездирмаётганини англаб олган бўлса керак, у зот шунчаки моҳият нимаю восита нима эканидан баҳс этяпти, ўткинчи ҳаваслар инсонларни абадий саодат орзусидан чалғитмаслиги лозимлиги ҳақида уқтирмоқда, Ҳақни севишга ундаяпти. Айни пайтда Ҳақ севгиси учун васила ўлароқ халқни севишга, унга миннатсиз хизмат қилишга даъват этмоқда. Навоий соҳиб бўлган жуду саховатнинг, яъни олижанобликнинг таянчи ҳам айнан ўша Ҳақ севгисидир. У шу сабаб улус хизматига камарбаста бўлди, бунинг учун мукофотни эса Парвардигорнинг ўзидан кутди. Алқисса, фақат Ҳақпараст кишиларгина одамларга беминнат хизмат қила олади.
XS
SM
MD
LG