Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 11:10

Грузия мухолифати лидерларидан бири вафот этди


Грузиялик тадбиркор ва мухолифат етакчиларидан бири Бадри Патаркацишвили Лондонда юрак хуружидан вафот этди. 52 ёшли Бадри Патаркацишвили президент Михаил Саакашвилининг ашаддий мухолифи эди ва январда президент сайловида номзод сифатида қатнашганди.

Бадавлат тадбиркор ва мухолифат етакчисининг вафоти ҳақидаги чоршанба тонгда тарқалган хабарлар грузияликлар учун кутилмаган бўлди.

Медиамагнат ўтган йилнинг ноябрида расмийлар уни Грузия президенти Михаил Саакашвилини ҳокимиятда ағдаришга уринганликда айблаб, қидирувга бергандан кейин Буюк Британия пойтахтига қочган эди.

Унинг ўлими атрофидаги тафсилотлар ҳақида ҳозирча кўп нарса маълум эмас. Лекин ҳар қандай кутилмаган ҳодиса каби полициянинг шубҳаларига сабаб бўляпти. Чоршанба куни майитни текшириш кутилмоқда.

М.Саакашвили етакчилигидаги “Миллий ҳаракат” партияси ҳозирча воқеани изоҳлашдан тийилмоқда.

“Бу воқеанинг эълон қилинган расмий версиясига қўшимча қила олмайман, чунки тафсилотлардан хабарим йўқ. Экспертлар ўз хулосаларини бергунча кутишимизга тўғри келади. Бизга маълум расмий версияга кўра, у юрак хуружидан вафот этган”,- деди ҳукмрон партия вакили Нино Накашидзе.

Бироқ Патаркацишвили тарафдорлари унинг юрак хуружидан вафот этишида унга нисбатан айбловларни илгари сурган Грузия расмийларини айблашга улгурди ва халқаро ҳамжамиятни мустақил текширув ўтказишга чақирди.

Марҳум миллиардер ўтган йил ноябрда аксилҳукумат норозиликларнинг асосий ҳомийси ва ташкилотчиларидан бири эди. Норозилик намойишлари унга тегишли “Имеди” телеканалида кенг ёритилган. Бадри Патаркацишвили ўзига илгари сурилган давлат тўнтаришини ясашга уриниш айбловларини инкор қилган. Лекин норозилик намойишига куч ишлатилмаслиги учун полиция расмийларига катта миқдорда пора таклиф қилганини эътироф этган.

Бадри Патаркацишвилининг Грузия ҳукуматига қарши чиққани унинг ўлими бежиз эмас, дейдиганларнинг асосий аргументига айланди.

“Ҳозирча кўп нарсани билмаймиз ва ҳозир хулоса чиқариш нотўғри бўларди. Биз фақат бир фактни биламиз, у эҳтимол этилишича, юрак хуружидан вафот этди. Лекин у ҳеч қандай юрак хасталигига чалинмаганини ҳам биз аниқ биламиз”,- деди Б.Патаркацишвили тарафдорларидан бири Заур Киркитадзе.

Марҳум тадбиркорнинг яна бир сафдоши Давид Шукакидзе эса бу ҳукумат амалга оширган қотиллик экани ҳақида очиқча баёнот берди.

Бадри Патаркацишвилининг ўзи ҳам бир неча марта ҳаёти хавф остида эканига ишора қилган. Ўтган йилнинг 27 декабрь куни у ўз жонига қасд қилишмоқчи эканини айтиб, вақтинча президентликдан ўз номзодини қайтариб олган. Ўшанда “Рейтер”га берган интервьюсида Б.Патаркацишвили Грузия ички ишлар вазири чечен жангариларидан бирини уни Лондонда ўлдиришга ёллагани ёзилган видеотасма борлигини айтган эди.

“Бу жараёнлар бошланганида, мен фақат бу видеотасмани назарда тутмаяпман, умуман менга қарши фитналар бошланганида, бунчалик боришларини ўйламаган эдим. Лекин мен қўлга киритган кўплаб далиллар Грузия ҳукумати мени ўлдириш учун барча воситаларни ишга солмоқчи эканини айтишга асос бўлади”,- деган эди мухолифатчи тадбиркор.

2007 йилнинг октябрида Грузиянинг собиқ мудофаа вазири Иракли
Окруашвили ҳам телевиденига берган интервьюсида президент М.Саакашвили унга Бадри Патаркацишвилини ўлдиришни буюрганини айтиб, грузияликларни ҳайратга солган эди.
XS
SM
MD
LG