Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 00:34

Барак Обама шаҳдам одимлаяпти


АҚШ президентлиги учун Виржиния ва Мэриланд штатлари ҳамда пойтахт Вашингтонда ўтган дастлабки сайловларда демократлардан Барак Обама, республикачилардан эса Жон Маккейн муҳим очколарни қўлга киритди.

Бу ғалаба 46 ёшли қора танли сенатор Барак Обама учун ўз сайловолди кампаниясидаги муҳим бурилиш нуқтасига айланиши мумкин. Б.Обама нафақат катта ғалаба қозонди, балки шу пайтгача Ҳиллари Клинтонни қўллаб келган сайловчиларни ҳам ўз томонига оғдиришга муваффақ бўлди.

Кейинги бир неча ҳафта давомида ўтказилган дастлабки сайловларнинг барчасида сайловчиларнинг аёллар, оқ танли ишчилар синфи ва ёши катта қатлами, шунингдек, лотин америкалик сайловчилар ҳам Ҳ.Клинтонга овоз бераётган эди.

Б.Обамани эса унинг жўшқин нутқига шайдо бўлган қора танли сайловчилар ва демократик қарашлардаги бадавлат, олий маълумотли сайловчилар қўллаб-қувватлаётган эди.

Сешанба куни икки демократ рақиб ўртасидаги дурранг вазият Б.Обама фойдасига ҳал бўла бошлади. Пойтахт Вашингтон атрофидаги бадавлат сайловчилардан ташқари, қишлоқ жойларда истиқомат қилувчи камбағалроқ сайловчилар ҳам Б.Обамага овоз берди.

Сешанба кунги “праймериз”да демократ сайловчиларнинг 80 фоизи, қора танли сайловчиларнинг эса 90 фоизи Б.Обамага овоз берди.

Аввалги овоз беришларда, асосан, Ҳ.Клинтон томонида турган лотин америкаликларнинг кўпи ҳам Б.Обама томонга ўтди ва сешанба куни бу овозлар элликка эллик бўлиб олинди.

Бу ғалаба билан Барак Ҳусайн Обама барча қатламлардаги сайловчиларнинг таянчига эга бўла олишини исботлади. Агар у шу натижани сақлаб қолишга муваффақ бўлса, Америка тарихида биринчи қора танли президентликка номзод бўлиши мумкин. Бу эса қора танли америкаликлар учун ўтган асрнинг 60-йилларида Мартин Лютер Кинг етакчилигидаги фуқаровий ҳуқуқлар ҳаракати эришган ютуқлар замонидан бери энг катта зафарга айланиши мумкин.

Бироқ кураш ҳал этилганича йўқ.

Ҳиллари Клинтон ҳозир Огайо ва Техас штатларида 4 март куни бўлиб ўтадиган бирламчи сайловларга жиддий тайёргарлик кўрмоқда ва сешанба куни Техасда ўз тарафдорлари билан учрашишга улгурди.

Огайо билан Техас аҳолиси катта штатлар ҳисобланади ва у ердаги натижа августда бўладиган Демократик партия қурултойида номзодларни аниқлашда муҳим аҳамиятга эга.

Иккала штатда ҳам шу пайтгача Ҳиллари хоним томон бўлган сайловчилар кўп. Саноатлашган Огайода Ҳ.Клинтон фабрика ва заводларнинг ишчиларига умидвор бўлаётган бўлса, Техас аҳолисининг каттагина қисми лотин америкаликлардан иборатдир.

Лекин Б.Обама ҳам қўл қовуштириб ўтириш ниятида эмас, келаси уч ҳафта ичида бу сайловчиларни ҳам ўз томонига оғдириш учун қўлидан келганча ҳаракат қилишини айтмоқда. У аллақачон республикачилардан эҳтимолий номзод Жон Маккейнга қарата тарғибот риторикасини бошлаб юборди.

“Мен президентликка номзод бўлсам, америкаликларга аниқ танловни таклиф қиламан. Жон Маккейн мени Ироқ урушини қўллаганликда айблай олмайди. Чунки мен бу урушга бошидан қарши чиққанман”,- деди Б.Обама.

Америка тарихидаги энг қизғин ва энг қизиқ президент сайлови кампанияси давом этаркан, ташвиқот кампанияларида катта тажрибага эга Клинтон хонимни курашдан чиқди, дейишга ҳали эрта.
XS
SM
MD
LG