Линклар

Полициячи ўзбек қочқинларини талади


Жанубий Қозоғистонда маҳаллий полиция ходими ўзбек қочқинлари ака-ука Хуршид ва Асл Мухторовларни калтаклаб, шахсий буюмлари ва пулларини зўрлик билан ўзлаштирди.

Маълум бўлишича, ака-укалар юртида “Эзгулик” инсон ҳуқуқлари жамиятининг Жиззах вилояти бўлимида фаолият юритган. Улар “Эзгулик” жамиятининг Жиззах вилояти бўлими собиқ раҳбари, Ўзбекистондаги таъқиблар сабаб АҚШдан бошпана олган Жамшид Мухторовнинг туғишган укаларидир.

Асл Мухторовнинг айтишича, унинг акаси Хуршид Мухторов 13 февраль куни кечки пайт миграция полициясидан уйига қайтаётган пайтда ёнига “Опель” русумли машина келиб тўхтаган. Ҳайловчи ўзини криминал полиция ходими, дея таништирган, исми-шарифини айтмаган, у минган машина эса рақамсиз бўлган. Хуршиднинг барча ҳужжатларини олиб қўйган полициячи уни Жанубий Қозоғистон вилояти ички ишлар департаментига олиб борган. Ҳеч бир савол-жавоб ўтказмаган полициячи Хуршиддан яшаб турган уйига олиб боришни талаб қилган.

“Мен уйда эдим. Полициячи уйга кирганидан ўз-ўзидан тинтувни бошлаб кетди. Қандай асосда бундай қилаётганини сўраганимда кўксимга мушт туширди. Тинтувни тугатганидан сўнг акамни олиб чиқиб кетди. Бормоқчи бўлган эдим, мени яна урди. Акамни ҳам урган. Уйдан мобил телефон, мр3 плеер, барча пулларни олиб чиқиб кетди. Бирор кишига арз қилсак, пешонамиздан ўқ ейишимиз ёки уйимизга героин ташлаб кетилиши билан дағдаға қилди”,- деди Асл Мухторов.

Ака-укалар бу оддий криминал эмас, балки Ўзбекистондаги фаолияти билан боғлиқлигини таъкидламоқда.

“Эзгулик” жамиятига тегишли ҳамма маълумотлар менда турар эди. Миллий хавфсизлик хизмати одамларни бу маълумотларни уларга беришимни, биз билан бирга ишлаган ҳуқуқ ҳимоячилари ҳозир қаерда экани ҳақида уларни хабардор қилиб туришимни талаб қиляпти. Акс ҳолда героин ташлаб ёки бошқа аъзоларимизга бўлгани каби фитна уюштириб, диний ташкилотга алоқадорлик айби билан қамаб юборилишларини айтган”,- дейди Асл Мухторов.

Инсон ҳуқуқлари халқаро бюроси Олмаота ваколатхонаси вакили Денис Живаго маҳаллий полициячининг ака-укаларни уриб, буюмлари ва пулларини ўзлаштиргани оддий криминал бўлиши мумкинлигини билдирди.

“Бизда баъзан полициячилар томонидан шундай безориликлар содир этилади. Ўзбек қочқинлари билан содир бўлган нохуш ҳодиса уларнинг Ўзбекистондаги фаолияти билан боғлиқ, деб ўйламайман. Ҳозир биз ўзбек қочқинларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш учун уларга адвокат ёлладик. Адвокат Жанубий Қозоғистон ҳуқуқ-тартибот ходимлари билан боғланиб, вазиятни ўрганиб чиққач, барчаси аён бўлади”,- деди Д.Живаго.

Бироқ Ўзбекистондаги “Эзгулик” инсон ҳуқуқлари жамияти раисаси Васила Иноятованинг бу борадаги фикри бошқачароқ.

“Ҳозир АҚШдан бошпана олган Жамшид Мухторов жамиятимизнинг Жиззах вилояти бўлими раиси бўлган, жуда фаол эди. У жуда катта тазйиқларга дучор бўлган. Ҳозир синглиси ҳам ўзи содир этмаган жиноят учун жазо муддатини ўтаяпти. Мухторовларнинг қариндошлари ва ҳамсуҳбат бўлган қўшнилари ҳам шундай тазйиқларга учраган. Мухторовлар Қозоғистонда ҳам калтакланган экан, бу уларга тазйиқнинг давоми бўлиши мумкин”,- деди В.Иноятова.
XS
SM
MD
LG