Линклар

logo-print

“Хобас-ТАПО” қўшма корхонаси тугатиляпти

  • Абдулла Искандар

Ўзбекистон Монополиядан чиқариш ва рақобатни қўллаб-қувватлаш қўмитасидаги манбанинг билдиришича, Тошкентдаги “Хобас-ТАПО” Ўзбекистон-Швейцария-Германия қўшма корхонасини тугатиш ишлари бошланди.

Ҳозир корхонада ташқи бошқарув жорий қилиниб, тугатиш ишларини Монополиядан чиқариш қўмитаси ўз назоратига олган. Қўмитадаги манбанинг айтишича, ўтган ҳафтада Тошкент шаҳри хўжалик суди “Хобас-ТАПО”ни тугатишга 3 ой муҳлат берган.

7 февраль куни Тошкент шаҳри хўжалик суди ушбу қўшма корхонани банкрот топиб, уни тугатиш ишларини бошлаш ҳақида қарор қабул қилганди. Ўзбекистоннинг банкротлик ҳақидаги қонунларига кўра, корхонага тегишли мол-мулк сотувга қўйилиши мумкин. Чунки “Хобас-ТАПО” қўшма корхонасидаги ишлаб чиқариш ташқи кредитлар эвазига йўлга қўйилган.

Эндиликда кредиторлар ўз қарзларини қайтариб олиш учун корхона мулкини сотувга қўйишни талаб қилиши аниқ. Бундан ташқари, кредиторлар ўз пулини Ўзбекистон ҳукуматидан ҳам талаб қилиши мумкин. Чунки ҳукумат олинган қарзларни қайтариш кафолатини берган.

Монополиядан чиқариш ва рақобатни қўллаб-қувватлаш қўмитаси вакили сўзларга кўра, айни пайтда “Хобас-ТАПО” қўшма корхонаси мол-мулклари ҳисоб-китоб қилиняпти.

“Хобас-ТАПО” қўшма корхонаси 1997 йилнинг охирида ташкил қилинган. У нефть ва газ соҳаларида ишлатиладиган нометалл қувурлар (трубалар) ишлаб чиқариш билан шуғулланарди.

Корхона Тошкент авиация заводи, Швейцариянинг “Хобас” ва Германиянинг “Вемекс Хандел” компаниялари томонидан қурилган эди. Харажатларининг 50 фоизини авиазавод, 47 ярим фоизини “Хобас” ва 2 ярим фоизини “Вемекс Хандел” кўтарган.

Ўшанда ҳукумат ҳам, корхона ҳам 50 фоиз маҳсулотни Марказий Осиё республикалари ва Россияга экспорт қилишни режалаштирган. Улар бу ишни корхона таъсисчиларидан бири, Германиянинг “Вемекс Хандел” компаниясига юклаган. Лекин 2002 йилда ушбу компания номаълум сабабларга кўра лойиҳадан ҳам, корхона ишидан ҳам чиқиб кетган.

Ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш учун корхона Германиянинг “Берлинер Банк”идан қарз олинган. Ўзбекистон ҳукумати қарзни қайтариш кафолатини берган. Қизиғи шундаки, ўшанда қарз олиш ва ҳукумат кафолатини бериш ишларида Ўзбекистон Миллий банки томонлар орасида ўртакашлик қилган.

Мустақил кузатувчи Алишер Таксанов фикрича, Ўзбекистон мулозимлари олинган кредитларни ўмарган ва кредитларни қайтаришни эса давлат зиммасига юклаган.

“Бу оддий товламачилик. Фақат бу товламачиликда юқори лавозимли мулозимлар иштирок этмоқда. Давлат кафолати эвазига хориждан кредит олиш учун энг тепада турган одамнинг раъйи лозим. Қарз олингандан кейин ширкатнинг бирдан банкрот бўлиши эса товламачилик олдиндан режалаштирилганидан далолат. Қувур чиқариш учун олинган кредит бошқа ҳисобларга ўтказиб юборилган. Пул товламачилар чўнтагида қолади. Қарзни эса давлат тўлайди. Бу ҳолат билан прокуратура шуғулланиши керак”,- дейди А.Таксанов.

Миллий банкнинг ўша пайтдаги раҳбари Рустам Азимов эди. Ҳозир молия вазири, бир қатор Интернет саҳифаларида билимдон иқтисодчи, деб кўкларга кўтарилаётган Рустам Азимов ўшанда ҳукуматдагиларни самарасиз лойиҳа учун қарз олишга ва давлат кафолатини беришга кўндирган.

А.Таксанов сўзларига кўра, Рустам Азимов касби бўйича тарихчи. Унинг иқтисод соҳасидаги билими давлат маблағларини ўзлаштиришга йўналтирилган, холос.

“Агарда “Берлинер банк”дан олинган қарзни “Хобас-ТАПО” мулкини сотиб ҳам қайтариб бўлмаса, Рустам Азимов ўзи бир пайтлар пиширган ошининг ҳаққини янги идораси, яъни Молия вазирлиги, аниқроғи бюджет маблағларидан тўлашга мажбур бўлади.Ўзбекистондаги мавжуд ëпиқ иқтисодий тизим мулозимларга катта миқдорда ўғирлик қилиш ва бунинг учун жазоланмаслик имкониятини яратган”,- дейди А.Таксанов.
XS
SM
MD
LG