Линклар

Исломий партиялар мағлубиятга учраши мумкин

  • Фаррух Юсуфий

Покистонда аҳолининг исломий қарашдаги партиялар фаолиятидан норозилиги ва мамлакат бўйлаб авж олган зўравонликлар туфайли рейтинги сезиларли пасайган бу партиялар душанба кунга белгиланган парламент сайловида ўз позицияларини бой бериши кутилмоқда.

2002 йилги парламент сайловида радикал исломий қарашлардаги олти партия аксиламерика руҳдаги ғоялар билан бирлашиб, Покистоннинг стратегик аҳамиятга эга бўлган Балужистон ва Шимоли-ғарбий чегара вилоятларида коалицион ҳукуматлар шакллантиришга муваффақ бўлган эди.

Бироқ “Бирлашган ҳаракат кенгаши” номи билан юритилувчи коалициянинг фаолиятидаги камчиликлар ва мамлакат бўйлаб ортида “Толибон” ҳаракати тургани айтилган зўравонликлар авж олгани туфайли исломий гуруҳлар мавқеининг путури кетди. 18 февралдаги парламент сайловида бу исломий партияларнинг жиддий мағлубиятларга юз тутиши башорат қилиняпти.

Бунинг оқибатида коалиция ичида бўлиниш юз берди, бундан ташқари, исломий партияларнинг беш йиллик ҳукмронлиги муваффақиятли бўлди, дейиш қийин ва бугун сайловчилар уларнинг ваъдаларига ишонишига ҳеч ким кафолат бермайди.

“Покистоннинг ҳар бир вилоятида ҳукмрон куч омили бор ва у жамиятда ҳукуматнинг ютуқларига кўра баҳоланади. Шимоли-ғарбий чегара вилоятида эса бу ютуқлар жуда катта, деб бўлмайди, айниқса, ижтимоий соҳада. Шунинг учун мен, масалан, уларнинг сайловда катта натижаларга эришишига ишонмайман. Балким, вилоятнинг қишлоқ жойларида олган овозлари ҳисобига вилоят кенгашида бир-икки ўринни қўлга киритар”,- дейди лондонлик таҳлилчи Шоҳид Саъдулла.

Исломий партиялар обрўсига мамлакат бўйлаб авж олган зўравонликлар ҳам жиддий зарар етказди. Бу партияларнинг зўравонликлар ортида тургани айтиладиган “Толибон” ҳаракатини қўллаб-қувватлаши азият чекаётган тинч аҳолига ёқмайди, албатта. Жангариларни қўллаш масаласи исломий партиялар коалицияси ичидаги бўлинишларга ҳам сабаб бўлган.

Покистонлик минтақашунос Зоҳид Ҳусайн авж олган зўравонликлар оқибатида Покистон парламентидаги мухолифатнинг ва исломий кучларнинг кўзга кўринган сиёсатчилари сайловолди кампаниясидан воз кечишга мажбур бўлганини айтади.

“Зўравонликларнинг авж олиши хавфи туфайли ҳатто “Жамияти уламои Ислом” гуруҳи етакчиси Мавлоно Фазлур Раҳмон сайловолди кампаниясида фаол қатнаша олмаяпти. У ўз сайлов ҳудуди, Дера Исмоил Хон қишлоғида сайловчилар билан бирорта ҳам учраушв ўтказа олгани йўқ. Зўравонликлар нафақат либерал қарашлардаги партияларга, балки диний партияларга ҳам таҳдид солаётир”,- дейди покистонлик таҳлилчи.

Унинг айтишича, зўравонликлар ортида турган жангариларни қўллаш ёки қўлламаслик борасидаги келишмовчиликлар ҳатто “Жамияти уламои Ислом” гуруҳи ичида ҳам бўлинишга олиб келган.

Шунга қарамай, Покистон ҳукмрон доираларидаги исломий кучларнинг баъзилари аҳолининг радикал исломий кайфиятдаги қисми орасида муваффақиятга эриша олишига шубҳа қилгани йўқ.

“Жамияти уламои Ислом” партиясидан Пешовар вилояти кенгашига номзод Мавлоно Жалил Жон душанба кунги сайловда ғалаба қозонишига ишонишини билдирди.

“Шимоли-ғарбий чегара вилоятида диний қарашларига асосан овоз берадиган сайловчилар кўпчиликни ташкил қилади. Бу ерда одамларнинг диний қарашлар кўп нарсадан устун келади. Улар Исломни севади ва ортиқча эркинликни талаб қилмайди. Улар мусулмондир ва Ислом ўлкаларида Қуръон ва Шариатнинг амал қилишини истайди”,- дейди сиёсатчи.
XS
SM
MD
LG