Линклар

logo-print

Россия АҚШ билан ишлашга тайёр

  • Ҳасанжон

Владимир Путин Москвада Россия президенти сифатида сўнгги бор катта матбуот анжумани ўтказди. Анъанавий йиллик анжуманда иштирок этиш учун 1300дан ортиқ маҳаллий ва хорижий журналистлар аккредитациядан ўтди.

В.Путин журналистлар учун ўтказилган еттинчи ва охирги йиллик матбуот анжуманида 2007 йил Россия учун муваффақиятли бўлганини айтди. В.Путин агар харид имкониятлари ва иқтисодиёт ҳажми назарга олинса, Россия “катта саккизлик”да Италия ва Франциядан ўзиб, дунё бўйича еттинчи ўринга кўтарилганини билдирди.

“Мени Россия президенти этиб икки марта сайлаган фуқаролар олдида уятли бўлиб қолмаслигимга ишончим комил. Ўтган саккиз йил давомида мен эртадан-кечгача бор кучимни аямай, қул каби тинимсиз ишладим. Мен ўз меҳнатим натижаларидан хурсандман”, – деди Россия раҳбари.

В.Путин мамлакат конституциясига зид равишда учинчи муддатга президент этиб сайланишни ҳеч қачон орзу қилмаганини алоҳида таъкидлади.

“Менда учинчи муддатга президент бўлиб қолиш истаги ҳеч қачон бўлмаган. Ҳеч қачон. Мен Россия Федерацияси президенти вазифасини бажаришга киришган дастлабки кундаёқ амалдаги конституцияни бузмайман, деб ўзимга сўз берганман”, – деди Владимир Путин.

АҚШ ракета ҳужумидан мудофаа тизимининг бир қисмини Шарқий Европага жойлаштириш режаси тўғрисида гапирган президент ўз мамлакати ҳеч бир давлатни нишонга олиш ниятида эмаслигини айтиб: “Экспертларимиз бу тизим бизнинг миллий хавфсизликка таҳдид солади, деб ҳисоблайди. Агар бу амалга ошса, биз унга қарши жавоб чораси кўришга мажбур бўламиз. Ўшанда биз ракета тизимимизнинг бир қисмини бизга таҳдид солаётган объектларга буришга мажбур бўламиз. Уларни биз яратаётганимиз йўқ. Биз бундай қилмасликни сўраяпмиз. Аммо бизга ҳеч ким қулоқ солмаяпти” – деди.

Россия-АҚШ муносабатларига оид саволларга жавоб берган В.Путин АҚШда ўтказиладиган президент сайловида ким ғалаба қозонишидан қатъий назар, Россия Америка халқи қарорини ҳурмат қилиши ва янги раҳбар хоҳласа, Россия у билан бирга ишлашга тайёр эканини билдирди.

“Сайловолди кампанияси жараёнида қандай гаплар айтилишидан қатъий назар, Россия ва АҚШнинг фундаментал манфаатлари иккала давлат раҳбарларини ижобий мулоқтлар, йўқ деганда, ҳамкорликни ривожлантиришга мажбур қилиши муқаррар” – деди Россия раҳбари.

Владимир Путин Россия билан ҳамкорлик қилмай туриб, АҚШ якка ўзи террорчиликка қарши курашиш, оммавий қирғин қуроллари тарқалишининг олдини олиш, камбағалликка қарши кураш, юқумли касалликлар тарқалишига қарши самарали кураш олиб бора олмаслигини айтди.

Косово хусусидаги саволга жавоб берган Владимир Путин: “Биз Косово мустақиллиги бир томонлама эълон қилишини қўллаб-қувватлаш на маънавий ва на ҳуқуқий нормаларга мос келади, деб ўйлаймиз. Давлатлар ҳудудий яхлитлигининг асосий принциплари халқаро қонунчиликда кўрсатилган”, – деди.

Президент В.Путин европаликларни иккиюзламачиликда айблади.

“Бировни хафа қилмаслик учун гапиришни истамасдим. Амалда мустақил бўлган Шимолий Кипр республикаси 40 йилдан бери фаолият юритиб келмоқда. Нега бу давлатни тан олмайсиз? Айни муаммони дунёнинг турли минтақаларида турлича ҳал қилишдан сиз, европаликлар, уялмайсизми?” – деди Россия раҳбари.

В.Путин Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Россияда ўтказиладиган президент сайловига ўз кузатувчиларини юбормаслик қарорини танқид қилди.

Унинг айтишича, Россия ЕХҲТ олдидаги ўз мажбуриятини бажаряпти. Аммо бу ташкилот Россияга “сабоқ” беришга уринмоқда.

“Қандай бўлишидан қатъий назар, биз ҳеч кимга ўз шартларини бизга мажбурлаб ўтказишига йўл қўймаймиз. Аммо биз имзо қўйган барча мажбуриятимизни бажарамиз. Бу халқаро қонунчилик асосини ташкил этувчи энг муҳим принципдир”, – деди Владимир Путин.
XS
SM
MD
LG