Линклар

logo-print

Байрутда бир-бирига зид бўлган икки маросим ўтказилди

  • Ҳасанжон

Ливан пойтахти Байрутда ўтказилган икки маросимнинг бирида 12 февраль куни Дамашқ шаҳрида суиқасд қурбони бўлган “Ҳизбаллоҳ”нинг юқори лавозимли раҳбари Имод Муғниё дафн қилинди.

Иккинчи маросимда Ливан собиқ бош вазири Рафиқ Ҳаририй ўлдирилганининг уч йиллигини хотирланди.

Ўн минглаб одам қатнашган иккала маросим кескин вазиятда ўтди. Томонлар ўртасида тўқнашув бошланиб кетиши олдини олиш учун Ливан ҳукумати томонидан Байрут кўчаларига қўшимча хавфсизлик кучлари жойлаштирилди.

2005 йилда бомба портлаши оқибатида ҳалок бўлган Рафиқ Ҳаририй тарафдорлари Сурияга қарши. Аксинча, 12 февраль куни Дамашқда суиқасд қурбони бўлган “Ҳизбаллоҳ”нинг юқори лавозимли раҳбарларидан бири Имод Муғниё тарафдорлари эса Сурия билан яқин муносабатда бўлишни хоҳлайди.

Рафиқ Ҳаририйга бағишланган хотира маросими Байрутнинг “Шаҳидлар майдони”да ўтказилди. Ҳаририй тарафдорларидан бири фуқаролар урушидан кейин бош вазирнинг ўлими Ливан яхлитлигини сақлаб қолиш йўлидаги курашга қандай таъсир этгани ҳақида гапириб: “Бугун бутун Ливан, Ливандаги барча ҳалол кишилар учун мотам кунидир. Бугун биз учун қора кун” – деди.

Бошқалар эса Сурияга қарши кайфиятда эканини яширмади.

“Биз шаҳид бўлган бош вазир Рафиқ Ҳаририйга содиқ эканимизни кўрсатиш ва президент Валид Жумблатга Сурия президенти Башар Асад ва Сурияга “йўқ,” дейиш учун бу ерга йиғилдик” – деди маросим қатнашчиларидан бири.

“Ҳизбаллоҳ”нинг юқори лавозимли ҳарбий раҳбарларидан бўлган Имод Муғниёнинг жасади солинган тобуд ҳарбий кийимдаги соқчилар ва минглаб тарафдорлари кузатувида Байрут кўчаларидан олиб ўтилди.

Имод Муғниё 1983-84 йилларда америкалик 260 ҳарбий қурбон бўлган Байрутда уюштирилган ҳужумлар, шунингдек, 1992 ва 1994 йилларда юздан ортиқ одам қурбон бўлган Буэнос-Айрес шаҳридаги яҳудий марказида амалга оширилган портлашларга алоқадорликда айблангани учун кўп йиллардан бери қидирилаётган эди.

Имод Муғниёнинг дафн маросимида нутқ сўзлаган “Ҳизбаллоҳ” раҳбари Ҳасан Насруллоҳ унинг ўлими учун Исроилнинг хориждаги объектларидан ўч олишга таҳдид қилди.

Айни пайтда Вашингтонда Оқ уй расмийлари Сурияни яна бир марта Ливаннинг ички ишларига ва мамлакатдаги демократик жараёнларга аралашаётганликда айблади. АҚШ президенти Жорж Буш эса Оқ уй Ироқда вазиятни барқарорлаштириш йўлидаги уринишга путур етказяпти, деб ҳисобланган юқори лавозимли Сурия расмийлари ва уларнинг яқинларига тегишли бўлган АҚШдаги мулкларни музлатиб қўйиш ҳақида буйруқ берди.
XS
SM
MD
LG