Линклар

Йирик наркотузилма йўқ қилинди


Қозоғистон Миллий хавфсизлик қўмитаси Марказий Осиё давлатларидан Россияга гиёҳвандлик моддаларини етказиб берувчи йирик наркотузилма яксон этилганини маълум қилди.

МХҚ матбуот хизмати вакили Мухтор Анорбеков сўзларига кўра, ушбу наркотузилма Тожикистон фуқароси бўлган ва Тошкент шаҳрида истиқомат қилиб келган Маҳмудхўжаев фамилияли шахс томонидан ташкил этилган.

“Уни қўлга олиш операцияси 2004 йилда Ўзбекистон, Қозоғистон, Россия ва Тожикистон хавфсизлик хизматлари томонидан тайёрланган эди. Жорий йилнинг январь ойида наркофурушлар раҳбари ва унинг 5 ёрдамчиси Тошкент шаҳрида қўлга олинди. Улардан 10 килограмм героин топилди”,- деди М.Анорбеков

Унинг айтишича, гиёҳвандлик моддалари Чимкент-Тараз-Қарағанда-Остона-Петропавловск ва Чимкент-Тараз-Олмаота-Талдиқўрғон-Уст-Каменогорск йўналишлари бўйича Россияга жўнатилган. Яъни бу йўналишлар Қозоғистоннинг жанубий ҳудуди орқали ўтган.

Қозоғистон ўзбек-қозоқ чегарасининг айнан шу ҳудудида назоратни тобора кучайтираётгани айтилади.

Қозоғистон ҳуқуқ-тартибот ходимларининг билдиришича, Афғонистонда гиёҳвандлик моддалари ишлаб чиқариш ортгани боис, кучли наркотиклар бўлмиш героин ва афъюнни бошқа йўналиш, яъни Тожикистон, Ўзбекистон ва Қирғизистон орқали Россия ва Европа давлатларига етказиш кўпайган. Қозоғистон транзит давлат ролини ўтаётгани эса маҳаллий ҳуқуқ-тартибот идораларини қаттиқ хавотирга солмоқда.
XS
SM
MD
LG