Линклар

Коррупцияни фош этган газета ёпилди


Қозоғистон суд тизимларида мавжуд коррупция ҳақида “Пойтахт Остонада коррупция авжига чиқди” сарлавҳали танқидий мақола эълон қилган “Закон и правосудие” газетаси фаолияти тўхтатилди.

Муаллиф Тўхберган Абиев мақолада Қозоғистонда Олий суд раисидан тортиб, то барча суд тизими ходимлари коррупцияга аралашганини ёзади. Мақолада айрим суд раисларининг исм-шарифлари ҳам келтирилган.

24 январда газетанинг бу мақола эълон қилинган сони ўқувчилар қўлига етиб келган куни Остона шаҳрининг Олмаота тумани прокуратураси нашрни судга берди. Эртаси куни эса суд газета фаолияти тўхтатилиши ҳақида ҳукм чиқариб, газета офисини буткул ёпиб ташлади.

“Закон и правосудие” газетаси бош муҳаррири Тўхберган Абиев ҳукм юзасидан аппеляцияга беришини айтар экан: “Қозоғистонда ҳукумат ва барча расмий органлар ўзига қаратилган танқидга бардош бера олмаслиги сабабли ОАВ оғзини айнан шундай ҳукмлар орқали ёпишга уринаётир. Буни ОАВга суд тизими орқали босим ўтказиш, деб баҳоласа бўлади”,- деди.

Айтиш жоизки, “Закон и правосудие” газетаси Қозоғистон ҳуқуқ-тартибот органларидан тортиб, суд тизимигача коррупциялашгани ва аксар ҳолларда бу органлар фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқларини поймол қилаётгани борасида кўплаб мақолалар чоп этган эди.

Газетанинг ёпилишини изоҳлаган кузатувчилар бу Қозоғистондаги сўз эркинлиги вазияти кун сайин ёмонлашиб бораётганига яна бир далил эканини айтмоқда.

“Газетада ёзилган мақола туҳмат эмас. Бу танқид. Агар бу туҳмат бўлганида улар газетани судга бериб, бу ишни икки томон иштирокида кўриб чиқиши керак эди. Аммо улар ишни бир тарафлама кўриб чиқиб, ҳукмни ҳам ўз билганларича чиқарди”,- дейди мухолифатдаги журналист Жумабека Юнусова.

Мамлакатдаги ҳукмрон “Нур Отан” партияси ва унинг раиси, президент Нурсултон Назарбоев жорий йилдан бошлаб “Коррупцияга қарши 20 зарба” номли дастур йўлга қўйилиши ва бу дастур эгаллаб турган лавозимидан қатъий назар, ҳар бир қозоғистонлик учун бирдек амал қилишини алоҳида таъкидлаганди. Аммо нашрларнинг давлат органларида мавжуд коррупцияни танқид қилиб ёпилгани борасида ҳукмрон партия ҳозирча сукут сақлашни афзал билди.
XS
SM
MD
LG