Линклар

logo-print

Фарзандфуруш ўзбек аёллари кўпаймоқда

  • Сарвар Усмон

3 ойлик гўдагини пулламоқчи бўлгани учун ўзбекистонлик 44 ёшли Хадича Парпиева устидан Россия Федерацияси Жиноят кодексининг 127-моддаси асосида жиноят иши қўзғатилди.

Маълум бўлишича, Х.Парпиева асли ўқитувчи. У Екатеринбургга иш излаб борган ва бундан 3 ой муқаддам фарзанд кўрган. Гўдагини сотмоқчи бўлганини у пулга муҳтож бўлиб қолгани билан изоҳлаётир.

Телевидение мухбири билан суҳбат чоғида фарзандфуруш аёл қарзи борлигини, унинг эгачиси эса қизчани текинга бермоқчи бўлганини йиғлаб айтган.

Свердловск вилояти ички ишлар бошқармаси матбуот хизмати бошлиғи Валерий Горелихнинг журналистларга билдиришича, мазкур иш бўйича ЖКнинг 127-моддаси – вояга етмаганларни сотиш бўйича жиноят иши қўзғатилган. Х.Парпиева айбдор топилса, у 10 йилгача муддатга озодликдан маҳрум қилиниши мумкин.

Мавзуни ўрганиш асносида Хадича Парпиева Россияга иш излаб бориб фарзандини сотаётган ягона ўзбек аёли эмаслиги аниқ бўлди.

Челябинск шаҳридаги бозорлардан бирида ишлаётган водийлик аёл Дилфузахон “Озодлик” билан суҳбатда шундай воқеалардан иккитасини эшитганини билдирди.

“Челябинскда шунақа воқеадан иккитаси бўлди. Бу биз эшитганимиз. Улар боласини сотган. Биттаси билан мен ўзим гаплашганман. Боқа олмайман, деб сотиб юборган. Эри ишламас экан. 3 та боласи бор экан. 3 тасига қарай олмаяпман, буни ҳам қийнаб ўтирмай, болага зориққанлар бўлса, ола қолсин, деб сотган. Боласини 7000 рублга сотиб, уйига кетишга йўлкира қилган экан. Яна биттаси сотмоқчи экан, деган миш-мишларни эшитдик”,- дейди водийлик аёл.

7 минг рубль ҳақида кетяпти гап. 300 долларга етмаган пул.

Эътиборингизни пулга қаратганимиздан, фарзандни қимматроққа сотиш керак эди-да, деган маъно чиқмаслиги керак, албатта. Ватанида иш тополмай Россияда саргардон бўлган ўзбек аёли маънавияти нақадар бузилаётганига қаратмоқчимиз диққатингизни.

“Рус аëллари қилмаган ишни бизнинг аëллар қиляпти. Мана шу боласини сотган ҳам ҳали 30га кирмаган эди,- дея гапида давом этади водийлик суҳбатдош аёл. - Докторлар уларга сизлар Ислом динида бола ташлаш мумкин эмас, дейсизлар. Болага қараш керак, дейсизлар. Бизлар русларни боласини кўчага ташлайди десак, бола ташлайдиганларнинг ҳаммаси сизларда экан, дейишибди. Биз эшитмаган боласини ташлаб кетаëтганлар кўп экан. Айниқса, бизнинг ўзбек аëллар”.
XS
SM
MD
LG