Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 20:56

Ўзбекистон билан ҳамкорлик вақти келмади


Бош қароргоҳи Брюсселда жойлашган Бўҳронларни ўрганиш халқаро гуруҳи “Марказий Осиёда сиёсий қотилликлар. Ўзбекистон билан ҳамкорлик вақти келмади” номли янги ҳисоботини тақдим этди.

Ҳисоботда 2007 йил 24 октябрь куни Ўшда ўлдириб кетилган таниқли журналист Алишер Соипов қотиллигида Ўзбекистон махсус хизматлари қўли борлиги тўғрисида ишончли далиллар мавжудлиги айтилган. Ҳужжатнинг катта қисми ушбу қотилликка оид маълумотларга бағишланган.

“Биз ҳисоботда А.Соиповни Ўзбекистон махсус хизматлари ўлдиргани эҳтимоли катта экани тўғрисида ёзганмиз. Биз буни қирғиз томони расмийлари, жумладан, ҳуқуқ-тартибот тизими ходимлари билан ўтказилган суҳбатларга таянган ҳолда айтмоқдамиз. Бизнинг ўта ишончли манбаларимиз бор ва улардаги расмий маълумотга кўра, А.Соиповни ўзбек махсус хизматлари ўлдирган. Бунинг сабаби А.Соиповнинг сиёсий фаолияти бўлган”,- дейди ташкилотнинг Бишкекдаги ваколатхонаси раҳбари Пол Куинн-Жаж.

Унинг таъкидлашича, бу борада юз фоиз ишончли далиллар бор, деб бўлмайди, бироқ қотиллик излари қайси томондан қаралса ҳам, Ўзбекистонга бориб тақалаётир.

Қирғизистон Ички ишлар вазирлиги расмийлари ҳам терговнинг дастлабки кунларида мана шундай тахмин борлигини билдирган эди. Қирғизистон ички ишлар вазири Мўлдамуса Қўнғантиев эса яқиндагина Бишкекда ўтказилган матбуот анжуманида А.Соипов қотиллари Ўзбекистонда яширинаётган бўлиши эҳтимолдан холи эмаслигини айтганди.

Уруш ва тинчликни ёритиш институтининг Марказий Осиё давлатлари бўйича минтақавий директори Қумар Бекбўлатов Қирғизистон расмийлари Ўзбекистон билан муносабатларга путур етказмаслик учун бу ишни бости-бости қилиб юборишидан хавотир бўлганини айтади.

“Лекин бу тахмин ҳали ҳам терговнинг асосий йўналишларидан бири экан, ундан воз кечмасликларига умид бор”,- дейди Қумар Бекбўлатов.

Бироқ Қирғизистон милицияси А.Соиповнинг ўлдирилишида Ўзбекистон махсус хизматлари қўли борлигини исботловчи аниқ далиллар йўқлигини ҳам айтиб келмоқда.

Бўҳронларни ўрганиш халқаро гуруҳи ҳисоботида айтилишича, А.Соиповнинг ўлдирилишида Ўзбекистон махсус хизматлари гумонланаётгани бу давлатнинг сиёсий ўзгаришларга тайёр эмаслиги ва мухолифларга қарши ҳар қандай усуллар билан курашаётгани белгисидир. Шундан келиб чиқиб, ҳисоботда Европа Иттифоқига Ўзбекистонни изоляциядан чиқаришга ҳали эрта экани тавсия этилади.

“Бу биз учун ҳисоботнинг асосий нуқтасидир. Биз ЕИ ва АҚШнинг Ўзбекистон билан алоқаларида сезилар-сезилмас илиқлик пайдо бўлганини сезмоқдамиз. Лекин бундай илиқликка ҳам ҳали эрта. Чунки Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари ва демократия борасида ислоҳотлар ўтказишга ҳали тайёр эмас”,- дейди гуруҳ расмийси Пол Куинн-Жаж.
XS
SM
MD
LG