Линклар

Туркманистонда яна амнистия эълон қилинди

  • Ҳасанжон

Туркманистон президенти Қурбонқули Бердимуҳаммедов мингдан ортиқ маҳбусни озод қилишга буйруқ берди. Улар мамлакат байроғи куни нишонланадиган 19 февралда қамоқдан чиқариб юборилиши кутилмоқда.

Президент мурувват кўрсатган 1269 маҳбусдан 190 таси аёллардир. Бироқ амнистияга тушганлар орасида Туркманистондаги машҳур сиёсий маҳбуслар йўқ. Диссидентлар ёки инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари тақдири номаълумлигича қолмоқда.

Бир йил олдин президентликка сайланган Қ.Бердимуҳаммедов марҳум президент Сапармурод Ниёзов каби ҳозиргача маҳбусларга бир неча амнистия эълон қилди. Аммо авфга тушганларнинг аксари уч ойдан кам муддатга озодликдан маҳрум этилганлар эди.

13 февраль кунги нутқида Қ.Бердимуҳаммедов амнистия қилишни давом эттиришини билдирди.

“Аввал айтиб ўтганимдек, йил давомида ҳар бир байрам арафасида маҳбусларни амнистия қиламиз”, – деди Туркманистон раҳбари.

Туркманистондаги энг машҳур сиёсий маҳбус, собиқ ташқи ишлар вазири Борис Шихмуродовнинг тақдири номаълум бўлиб қолмоқда. Кўпчилик у қамоқда вафот этган бўлиши мумкинлиги хусусида хавотир билдирмоқда.

Б.Шихмуродов 2002 йил ноябрда ўша пайтдаги президент Ниёзовга суиқасд уюштиришга уринганликда айбланган.

Унинг ўғли Байрам Шихмуродов рўйхатга олинмаган Туркманистон Республикачи партияси раҳбаридир. У отасини 2002 йилдан бери кўрмагани, яқинлари унинг тақдирини ҳақида маълумот олиш учун қилган уринишларнинг барчаси самарасиз бўлганини маълум қилди.

“Ҳозирча, афсуски, вазият ҳеч ўзгаргани йўқ. Худди олдингидек, биз отамнинг қачон қўйиб юборилиши ёки унинг тириклиги ҳақида ҳеч нарса билмаймиз. Январда у қамалганига беш йил тўлди. Марҳум Ниёзов 25 ноябрь иши бўйича қамалганларга беш йилдан кейин яқинлари билан учрашишга рухсат берилишини айтганди. Шунга қарамай, бу борада ҳеч нарса ўзгаргани йўқ. Биз Туркманистон раҳбариятига доимий равишда мактублар билан мурожаат қиламиз. Учрашув у ёқда турсин, шу пайтгача мурожаатларимизга улардан бирор марта жавоб олмадик”, – деди Байрам Шихмуродов.

Инсон ҳуқуқлари фаоли Аннақурбон Омонқиличев ва Сапардурди Ҳожиев ҳам 2006 йил июнь ойидан бери, ҳуқуқ ҳимоячилари фикрича, уйдирма айбловлар билан қамоқда сақланмоқда. Улар Туркманистон қамоғида аянчли муносабат оқибатида вафот этган “Озодлик” мухбири Ўғилсапар Муродова билан бирга қўлга олинган эди.

Халқаро ташкилотлар, жумладан, “Халқаро амнистия” ташкилоти ҳам Туркманистон раҳбарияти эълон қилаётган амнистиялардан умидвор эмас.

“Биз Туркманистонда бир неча кишини, масалан, Аннақурбон Омонқиличев ва Сапардурди Ҳожиевни “виждон тутқунлари”, деб эълон қилганмиз. Шунингдек, биз Туркманистонда бир қанча сиёсий маҳбуслар ҳам бор, деб ўйлаймиз. Улар қайтадан адолатли суд қилиниши ва барча далиллар ҳаққоний қайта кўриб чиқилиши керак. Уларга зарурий ҳуқуқий ёрдам кўрсатилиши керак”, – дейди “Халқаро амнистия” вакиласи Анна Сандер Плассман.
XS
SM
MD
LG