Линклар

Дизайнерлар ҳам ўзбек пахтасини бойкот қилиш кампаниясига қўшилди

  • Ҳасанжон

Ўзбекистон пахтасини бойкот қилган Европадаги кийим-кечак савдоси билан шуғулланувчи йирик ширкатлар қаторига кийим-кечак дизайнерлари ҳам қўшилаётгани маълум бўлди.

Қароргоҳи Буюк Британияда жойлашган “Табиат ва адолат” жамғармаси раҳбари Жулиет Уильямс пахта етиштиришда болалар меҳнатидан фойдаланишни тақиқлаш учун анча вақтдан бери халқаро миқёсда кампания олиб бормоқда. Шу ҳафтада Лондонда ўтказилган либослар ҳафталигида Э.Уильямс ўз кампаниясига Луелла Бартлей, Бетти Жаксон, Катарин Ҳамнетт ва франциялик Кристиан Лакрокс каби таниқли либос рассомлари ва супермоделларни ҳам жалб қилди.

“Бизни қўллаб-қувватлашни ваъда қилган халқаро миқёсдаги ушбу таниқли тўрт либос рассоми кампаниямизга ўзлари чизган расмлар билан ҳисса қўшди. Супермоделлар эса футболкаларимизни кийиб суратга тушяпти”, – деди Жулиет Уильямс.

Органик ва адолатли савдо асосида тайёрланган матолардан тикилган футболкаларни сотиш орқали ушбу ноҳукумат ташкилот Ғарбий Африка ва Марказий Осиё, жумладан, Ўзбекистонда ҳам пахта етиштиришда болалар меҳнатидан фойдаланиш амалиётини тўхтатишга умид қилмоқда.

Бундан аввалроқ кийим-кечак савдоси билан шуғулланувчи “H&M”, “Hennes & Mauritz”, “Marks & Spencer” ва “TESCO” каби йирик ширкатлар болалар меҳнати эвазига Ўзбекистонда етиштирилган пахтадан тайёрланган маҳсулотларга бойкот эълон қилганди.

Ўзбекистонда пахта экспорти билан шуғулланувчи давлат компанияларидан бирининг ўз исмини айтмаган ходими “Озодлик” билан суҳбатда Ўзбекистонда пахта етиштиришда болалар меҳнатидан фойдаланилаётгани ҳақидаги иддаолар рақобатчилар томонидан уюштирилганини таъкидлади.

“Бизнинг харидорлар буларнинг ҳаммаси галамислар гапи эканини билади. Шунинг учун биз билан доим ишлаб келган ҳамкорларимиз бу ҳақиқатга мос келмаслигини яхши билади. Улар биз билан бизнес алоқаларини узмаган”,- деди у.

“Ассошиэйтед пресс” ахборот агентлиги маълумотига кўра, қароргоҳи Вашингтонда жойлашган Пахта бўйича халқаро консультатив қўмита раҳбари Терри Таунстед Ўзбекистонда етиштирилган пахтадан тайёрланган маҳсулотларга бойкот эълон қилган ширкатларга нотўғри маълумотлар берилганини айтган.

“Бундай иддаолар пахта саноатида ишлайдиганлар, Ўзбекистонга борадиган ва у ерда нималар бўлаётганини биладиганлар учун жуда ғалати”, - деган 44 давлат аъзо бўлган қўмита раҳбари Терри Таунстед.

Жулиет Уильямс эса ўзи олиб бораётган кампания фақат Ўзбекистонга эмас, балки пахта етиштиришда болалар меҳнатидан фойдаланаётган барча давлатга тегишли эканини билдирди.

“Бу кенг миқёсда олиб борилаётган пахта кампанияси. Биз фақат Ўзбекистонга қараётганимиз йўқ. Биз пахта етиштиришнинг муқобил усулини, яъни барқарор маҳсулот етиштирилиши, этикага мос келадиган, адолатли тарзда, зарарли пестицидлардан фойдаланмай органик пахта етиштиришни тарғиб қилишга ҳаракат қилиб келяпмиз. Пестицидлар ишлатилмаса, атроф-муҳитга етказилаётган зарар камаяди. Айни пайтда органик пахтадан деҳқонлар ҳам кўпроқ даромад кўради. Биз пахта савдоси ҳам адолатли бўлишини хоҳлаймиз. Асосий мақсадимиз шу”, – деди Ж.Уильямс.

У 21-асрда пахта етиштиришда болалар меҳнатидан фойдаланилмаслик кераклиги, бунинг учун Ўзбекистон ҳукумати пахтачилик соҳасини либераллаштириши лозимлигини қўшимча қилди.

“Ўзбекистон ҳукумати пахта етиштиришни бироз либераллаштиришига умид қиламиз. Биз фермерлар ўзлари етиштирган пахтани кимга ва қанча нархда сотишни ўзлари белгилаши учун пахта сотиб олишда жорий қилинган давлат монополияси ўзгартирилишини кўришни хоҳлаймиз. Болалар пахта далаларида ота-оналарига ёрдам бериш ёки бермасликни ўзлари ҳал қилиши керак. Биз пахта етиштиришда оммавий равишда болалар меҳнатидан фойдаланиш давлат томонидан уюштирилиши тўхтатилишини хоҳлаймиз. 21-асрда бундай бўлиши керак эмас”, – деди Жулиет Уильямс.
XS
SM
MD
LG