Линклар

Сербия Косово мустақиллигини ҳеч қачон тан олмайди


Сербия ҳукумати БМТни ҳеч қачон Косово мустақиллигини тан олмаслиги тўғрисида огоҳлантирди.

БМТ Хавфсизлик кенгашининг фавқулодда мажлисида иштирок этган Сербия ташқи ишлар вазири Вук Еремич ўз мамлакати Косовонинг ажралиб чиқишига йўл қўймаслик учун барча дипломатик ва сиёсий воситаларини ишга солишини билдирди. Бироқ у Белград ҳеч вақт зўравонлик ишлатишгача бормаслигини яна бир бор таъкидлади.

“Биз Хавфсизлик кенгаши ҳам бизга қўшилиб, Приштинанинг муваққат раҳбарлари томонидан эълон қилиниши эҳтимоли сақланаётган мустақиллик декларациясига қонуний куч бермасликка қаратилган саъй-ҳаракатларимизни қўллаб-қувватлашини хоҳлаймиз”,– деди Сербия ташқи ишлар вазири.

Аҳолисининг кўпчилигини мусулмон этник албанлар ташкил қилган Косово мухторияти яқин кунлар ичида ўзининг Сербиядан мустақиллигини эълон қилиши кутиляпти.

Шунингдек, 15 февраль куни Борис Тадич Сербия президенти сифатида қасамёдга келтирилди. У жорий ой бошида ўтказилган президент сайловининг иккинчи босқичида ғалаба қозонганди.
XS
SM
MD
LG