Линклар

logo-print

Прокурорларнинг жазоланишига ҳуқуқ ҳимоячисининг аризаси сабабмикин?

  • Фаррух Юсуфий

Ўтган ойда озодликка чиққан сирдарёлик ҳуқуқ ҳимоячиси Карим Бозорбоев ўзининг ишини кўриб чиққан прокуратура ходимлари Ражаб Тоҳиров ва Одилжон Рўзиев маъмурий жазога тортилганини билдирмоқда.

Ўзбекистондаги “Эзгулик” инсон ҳуқуқлари жамияти Сирдарё вилояти бўлими раҳбари ўринбосари К.Бозорбоев устидан туҳмат, ҳақорат ва давлат мулкини талон-тарож қилиш каби айблов билан жиноят иши қўзғатилганди. Шу йил бошида унинг апелляция аризаси кўриб чиқилган суд жараёнида у амнистия қўлланилган ҳолда озод қилинган эди. Яъни унга қўйилган айблов бекор қилинмаган, балки авф этилганди.

Озодликка чиққан К. Бозорбоев ўзига нисбатан прокуратура ва суд органлари томонидан ноқонуний ҳаракатлар амалга оширилгани ҳақида тегишли идоралар, жумладан, бош прокурор ва Олий суд раисига шикоят аризаси билан мурожаат қилган.

“Мен ноҳақ айбландим ва 2,5 ой Ховос ҳибсхонасида ëтишга мажбур бўлдим. Апелляция жараëнида амнистия бўйича қўйиб юборилдим. Ундан кейин ноҳақдан суд бўлганини асослаб, далил-ҳужжатлар билан вилоят прокурорига, вилоят судига, бош прокурорга мурожаат қилдим”,- дейди К.Бозорбоев.

Ҳуқуқ ҳимоячиси ўзининг жиноят ишини кўриб чиққан Сирдарё вилояти прокурори ўринбосари Ражаб Тоҳиров ва терговчи Одилжон Рўзиев у ёзган ариза туфайли маъмурий жавобгарликка тортилганини таъкидлади.

“Уларга чора кўрилиб, лавозимлари пасайтирилган. Ражаб Тоҳиров ҳозир Сирдарë тумани прокурори этиб тайинланган. Одил Рўзиев Ховос тумани прокуратурасига ишга жўнатилган”,- деди К.Бозорбоев.

Бироқ Карим Бозорбоев Ўзбекистон Бош прокуратураси ва Олий судига ёзган аризаларига жавоб олмаган ва ўзига қарши илгари сурилган айбловлар бўйича оқлангани йўқ. Шу сабабдан Сирдарё вилояти прокуратураси ходимлари лавозими пасайтирилиб, туман прокуратураларига жўнатилгани айнан ҳуқуқ фаолининг аризаси билан боғлиқлигини аниқ айтиш қийин.

Жумладан, Бош прокуратура матбуот хизмати бошлиғи Светлана Ортиқова ҳам “Озодлик” билан суҳбатда бу фактни на тасдиқлаши ва на инкор эта олишини билдирди.

“Лекин ким бўлишидан қатъи назар, прокурорми ё бошқа давлат амалдорими, қонунни бузса, унга чора кўрилади. Энди республика бўйича бунақа шикоятлар анчагина. Агар прокуратура ходими оддий фуқаролар ва инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи ташкилот ходимлари мурожаатларига нисбатан ножўя хатти-ҳаракат қилган бўлса, тегишли чора кўрилади, албатта”,- деди С.Ортиқова.

Эслатиб ўтамиз, Карим Бозорбоев ва яна уч киши Гулистон шаҳри жомеъ масжиди имомини мусулмонлардан мажбурлаб закот йиққанликда айблагандан кейин маҳаллий расмийлар таъқибига учраган ва охир-оқибат туҳмат ва ҳақорат қилганлик, шунингдек, 2004-2006 йилларда Гулистон шаҳридаги Муқимий маҳалласида фуқаролар йиғини раиси лавозимида ишлаган пайтида давлат мулкини талон-тарож қилганликда айбланиб ўтган йилнинг ноябрида 3,5 йиллик қамоқ жазоси ва катта миқдорда жаримага ҳукм қилинган эди. Жорий йил 4 январда Сирдарё вилояти судида кўриб чиқилган апелляцияда у ва яна уч судланувчига нисбатан амнистия қўлланилиб, озод этилганди.
XS
SM
MD
LG