Линклар

Шошилинч хабар
23 апрел 2024, Тошкент вақти: 19:13

Косово мустақил давлат бўлди


Косово ўзини мустақил давлат, деб эълон қилди. Мустақиллик декларациясини мамлакат бош вазири Ҳошим Тачи парламентнинг фавқулодда мажлисида ўқиб эшиттирди. У барча давлатларни Косово мустақиллигини қўллаб-қувватлашга чақирди.

Аввалроқ Косово президенти Фатмир Сейдиу косоволиклар янги даврни бошлаётгани ҳақида айтганди.

“Бугун Косово учун алоҳида кундир. Бу кунда янги ўзгаришлар, демократик ривожланиш даврига қадам қўямиз. Косово озод ва демократик давлатлар оиласига қўшилади. Бу барчамиз учун, қолаверса, ўз жонини қурбон қилган аждодларимиз учун катта шарафдир”,- деди Фатмир Сейдиу.

Юз минглаб косоволиклар Приштина кўчаларини тўлдириб, мамлакат мустақиллигини аллақачон нишонлай бошлади.

“Биз бу кунни асрлар давомида кутиб яшаганмиз. 550 йил турклар ва 100 йил серблар ҳукмронлиги остида яшаб келдик. Энди мустақил бўламиз. Ажойиб кун бу”,- дейди приштиналиклардан бири.

“Озодлик”нинг Приштинадаги мухбири шаҳар аҳолиси байрамона ва кўтаринки кайфиятда эканини хабар қилди.

“Приштинанинг ҳамма ерида байроқларни кўрасиз, ҳар бир бинога, кўчаларга, уйлар балконларига-ю машиналарга байроқлар осиб қўйилган”,- деди мухбир.

Косово мустақиллиги эълон қилиниши арафасида баъзи одамлар бу катта байрамни нишонлаш учун атайин Албаниядан келган экан.

“Аждодларим кўп йиллар аввал Косоводан қочиб кетган. Шунинг учун мен бугун бу ерга нафақат ўзим, балки бу давлат озодлиги йўлида жонини қурбон қилган аждодларим учун келдим”,- деди албаниялик киши.

Шанба куни қўлларида Косовонинг мустақиллигини қўллаб-қувватлаётган АҚШ, Буюк Британия, Европа Иттифоқи ва НАТО байроқларини кўтариб олган минглаб албанияликлар кўчаларни тўлдирди.

Бундай тантана манзарасида оз сонли сербларнинг Косово мустақиллигига қарши норозилик акциялари деярли сезилмай қолди. Бу каби каттароқ намойиш Сербия пойтахти Белградда ўтказилди.

Шанба куни ЕИга аъзо давлатлар Косовода тартибни сақлаш ва маъмурий бошқарувга кўмак бериш мақсадида ўлкага 1800 кишидан иборат миссиясини юбориш тўғрисида қарор қабул қилганди. Шу пайтгача Косово БМТнинг махсус миссияси бошқаруви остида эди.

Косово мустақиллигини АҚШ ва Европа Иттифоқининг аксар давлатлари тан олиши кутилмоқда. Айни пайтда Сербия ва Россия ўлка мустақиллигига қарши чиқмоқда. Белград Косово мустақиллигини ҳеч қачон тан олмаслиги ва бу давлатга қарши дипломатик ва иқтисодий чоралар кўриши ҳақида огоҳлантирган бўлса, Россия Грузиянинг айирмачи минтақаларига нисбатан ўз сиёсатини ўзгартириш билан дўқ-пўписа қилган.
XS
SM
MD
LG