Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 10:25

Қозоқ тилли нашрлар мавқеи нега паст?


Гарчи Қозоғистон ҳукумати қозоқ тилида чоп этиладиган нашрлар мавқеини ошириш учун бюджетдан каттагина маблағ ажратаётган бўлса-да, кузатувчилар улар русийзабон газеталар билан рақобат қила олаётганидан хавотир билдирмоқда.

Қозоғистонда рус тилли газеталар қозоқ тилли нашрлардан устун экани кузатиляпти. Қозоқ тилидаги бир қанча газеталар таҳририятлари билан суҳбатлардан аён бўлдики, улар ўз нашрлари русийзабон газеталар билан рақобатлаша олмаслиги ҳақидаги фикрларга қўшилмайди.

“Журналистлар хавф остида” ташкилоти раҳбари Розлана Таукина ҳозир қозоқ газеталари орасида ҳам русийзабон газеталар билан рақобат қила оладиганлари борлиги, аммо улар сони жуда камлигини айтади.

“Чунки қозоқ тилли газеталарнинг асосий қисми маҳаллий ҳокимларнинг буюртмаларини бажаряпти, ҳукумат ғоялари тарғиботи билан шуғулланяпти. Шу боис, амалдаги ҳукумат сиёсатини совет давридан қолган эски усулда мақташ билан овора бу газеталар кун сайин обрўсини йўқотяпти”,- дейди Розлана Таукина.

Қозоқ тилидаги “Дала ва қалъа” газетаси журналисти Тўлқин Сидирова кўпчилик қозоғистонликларнинг рус тилидаги газеталарни ўқиш хоҳиши кучлилигини изоҳлар экан: “Қозоғистоннинг кўпгина йирик шаҳарларида аҳоли, асосан, рус тилида сўзлашади. Кўпчилик қозоқлар ҳам ўз она тилида ўқишни билмайди, шу боис, рус тилли матбуотни ўқишни хуш кўрувчилар сони кўп. Қозоқ тилидаги газеталар ўқувчилари русийзабон нашрларникидан кам эканига асосий омиллардан бири шу”,- деди.

Мухолифатдаги энг йирик “Свобода слова” газетаси бош муҳаррири Гулжон Ергалиева қозоқ газеталарининг ҳукумат томонидан молиялаштирилиши улар устидан назоратни қўлга олиш эвазига бўлаётганини таъкидлади.

“Қозоқ тилли газеталар давлатдан маблағ олар экан, улар ҳукуматга керакли сиёсатни акс эттиришга мажбур. Бироқ матбуот бозори жуда сезгир, уни алдаб бўлмайди. Ҳукумат бундай газеталарга қанча кўп маблағ сарфламасин, улар ўқувчи эътиборини жалб қила олмайди”,- деди Г.Ергалиева.

Унинг билдиришича, ҳозир Қозоғистон матбуот бозорида Россиянинг кўплаб нашрлари мустаҳкам ўрин эгалламоқда. Шунинг учун мамлакатдаги рус тилли газеталар ўқувчисини йўқотиб қўйиш хавфи остида бўшашмасликка ва рақобатбардош бўлишга интилаётир.
XS
SM
MD
LG