Линклар

Ўзбек-қозоқ чегарасида мева-сабзавот контрабандаси кучаймоқда


Ўзбекистондан Қозоғистонга чегарадан контрабанда йўли билан олиб ўтилаётган товарларнинг каттагина қисмини мева-сабзавот маҳсулотлари ташкил этаётгани билдирилмоқда.

Ўзбекистондаги “Пресс-ўз.инфо” сайтининг хабар беришича, куни-кеча Давлат божхона қўмитаси ходимлари умумий миқдори 44 миллион сўмга тенг қуруқ меванинг четга олиб кетилиши олдини олган. Контрабанда товари эгаси Қозоғистон фуқаросидир.

Қозоғистон божхоначилари ўзбек-қозоқ чегарасида мева-сабзавот контрабандаси олдини олгани ҳақидаги хабарларни ҳам бот-бот ўқиш мумкин.

Қозоғистонлик иқтисодий таҳлилчи Жайҳун Абдуллаев сўзларига кўра, Ўзбекистондан мева-сабзавотни қўшни давлатларга қонуний равишда олиб чиқиш жуда қийинлиги расмий органлардаги мавжуд бюрократик тизим билан боғлиқдир.

“Ҳозир Ўзбекистон томони ички ва ташқи бозор учун керакли бўлган мева-сабзавот миқдорини мониторинг қилмай, қўшни давлатларга экспортни изоҳсиз тақиқлагани тушунарсиз. Балки бунга сабаб ички бозорда кўтарилиб кетган нархларни пасайтиришдир. Бундай тақиқ ортида Ўзбекистон ҳукуматининг қандайдир сиёсий мотивлари яширинган бўлиши ҳам мумкин”,- дейди таҳлилчи.

Сиёсатшунос Эдуард Полетаевнинг айтишича, ҳозир Ўзбекистондаги бирорта ҳам ижтимоий ёки таҳлилий марказ ички ва ташқи бозор учун керакли мева-сабзавот миқдори бўйича жиддий мониторинг ўтказмаган. Бундай таҳлилнинг йўқлиги эса Ўзбекистондан мева-сабзавотни қўшни давлатларга олиб чиқилишига қўйилган тақиқнинг жиддий эмаслигини кўрсатади.

“Ҳозирнинг ўзида Қозоғистон бозорларида Ўзбекистондан келтириладиган мева-сабзавот ўрнини Хитойники эгаллаётир. Бу жараён жуда тез ва фаол равишда рўй беряпти. Агар Ўзбекистон ҳукумати бундай қаттиқ чоралар кўришни давом эттираверса, у ўз тадбиркорлари учун жуда жиддий муаммолар туғдиради. Ўзбекистондан мева-сабзавотларни экспорт қилиш кейинчалик либераллаштирилиши мумкин, аммо у вақтгача Ўзбекистон Марказий Осиё бозорларидаги ўз ўрнини йўқотиб қўяди”,- деди сиёсатшунос ва энг асосийси, Ўзбекистон ҳукуматининг бу тақиқи чегарадаги вазият салбийлашишига сабаб бўлишини таъкидлади.

“Одамларимиз ҳар қандай тақиқни четлаб ўтишга одатланган. Одамлар мева-сабзавотни контрабанда йўли орқали олиб ўтишга уринади. Чунки Ўзбекистонда ташқи бозорга ҳам етадиган миқдорда мева-сабзавот бор, у чириб кетмаслиги учун одамлар шунга мажбур бўлади. Энг хавотирлиси, чегарада назорат кучайтирилганда нохуш ҳолатлар ҳам юз бериши, жумладан, қурол ишлатилиши мумкин. Ўзбекистон ҳукумати хоҳлайдими- йўқми, бу мамлакат Марказий Осиё марказида жойлашган, у қўшни давлатлар билан товар айрбошлаш бўйича нормал иқтисодий ҳамкорликни йўлга қўйишга мажбур”,- дейди Эдуард Полетаев.

Ўтган йили ўзбек-қозоқ чегарасида помидорни ноқонуний равишда олиб ўтаётган ўзбек аёли қозоқ чегарачилари томонидан контрабандачи сифатида баҳоланиб, унга ўқ узилган эди. Ўшанда қозоғистонлик кузатувчилар бу фожеага Ўзбекистон ҳукуматининг мева-сабзавотларни четга олиб чиқиш бўйича юритаётган сиёсати ҳам сабаб бўлганини билдирганди.
XS
SM
MD
LG