Линклар

“Илик узилди маҳал” яшаш қийинлашадигандек...

  • Замира Шукур

Ўзбекистоннинг тегишли идоралар томонидан қиш ўта совуқ келишидан огоҳлантирилмаган аҳолиси янги ҳосил учун ғамлаб қўйган уруғлик мева-сабзавотнинг каттагина қисмини совуқ ургани маълум бўлмоқда.

Бу эса ҳаво илий бошлаган илк кунлардаëқ истеъмол бозорларида қиши билан ҳукм сурган юқори нархларнинг янада ошишига сабаб бўлаётир. Оддий халқ қадимгилар “илик узилди маҳал”, деб атайдиган илк баҳор яқинлашар экан, қиш заҳридан омон қолган мева ва сабзавот нархининг осмонга ўрлашини ўйлаб, ҳозирданоқ тушкунликка тушмоқда.

Агар уруғлик сабзавотлар ҳам музлаган бўлса, халқнинг келаси йилги насибаси ҳам вой кўринади, деган хавотирда “Озодлик” суҳбатлашган ўзбекистонликлар:

-
Қиш бизда бу йил кутилмаганда совуқ келиб қолди. Бундай совуқ 40 йиллар атрофида биринчи марта бўляпти. Одамлар бу совуққа тайëр бўлмагани сабабли озиқ-овқат маҳсулотлари, захирадаги сабзи, картошка ва пиëзлар музлаб қолиб, бу нарсалар ҳозир етишмайди. Нарх-наво кўтарилиши табиий ҳолат. Озиқ-овқат маҳсулотлари етишмагандан кейин нарх-наво йилдан-йилга кўтарилиб боради. Энди картошка ва пиëзни қачон экамиз-у, у қачон ҳосил бериб, бозорбоп бўлади!?

-
Битта тадбиркордан эшитишимча, ҳозир кўпчиликнинг картошкаси музлаб қолибди. Уруғликнинг кўпи музлабди. Озиқ-овқат маҳсулотларини кўпчилик уйига олиб келиб сақлади. Лекин бу йилги қиш деҳқонларга жуда совуқ келди. Буғдойни ҳам совуқ олди, деган гаплар бор.

-
Нарх-наво кўтариляпти. Картошка қимматлаб, уруғлик картошкалар музлаб қолди. Турпни 500 сўмдан, шолғомни 800 сўмдан олдим. Турп олдин 200 сўм эди. 3,5 килограмм атрофида келадиган битта ошқовоқ 3500 сўм туради. Пиëзнинг каттароқлари 300, майдалари 200 сўм. Сабзи 150-200 сўм, картошка 500-600 сўм. Бу Фарғона деҳқон бозоридаги нархлар. Туманлардаги, массивлардаги кичкина бозорларда ундан ҳам қиммат.

-
Нарх-наво яна кўтарилибди. Кеча бозорга бориб келдим. Картошка 600-650 сўм, баъзи жойларда ҳатто 1000 сўм. Олдин ҳам арзон бўлгани йўқ эди-ю, энди бутунлай қимматлаб кетди. Бу Жиззах бозоридаги нарх.

-
Об-ҳавонинг таъсири бўлса керак, кўп нарсалар музлаб қолди. Шунинг учун нарх-наво озгина кўтарилган. Картошка 600-700 сўм, пиëз 250-300 сўм. Картошка олдин 300-400 сўм эди. Ҳозир яхши картошка ҳам йўқ. Сабаби, музлаб қолган. Деҳқонлар ҳали уйида турган нарсаларни очиб ҳам кўрмаган. Энди озгина кун илиса, очиб кўради. Агар улар ҳам музлаган бўлса, нарх-наво яна кўтарилади.
XS
SM
MD
LG