Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 19:27

ЕИнинг аксар давлатлари Косово мустақиллигини тан олади


Аваз Алиев Косово ўз мустақиллигини эълон қилгани муносабати билан Брюсселда мажлисга йиғилган ЕИ ташқи ишлар вазирлари тузилма аъзоларини бу масалада бирдам бўлишга чақирди.

Европа Иттифоқига раислик қилаётган Словения ташқи ишлар вазири Дмитрий Рупел тузилманинг аксар давлатлари Косово мустақиллигини тан олишини билдирди.

“ЕИга аъзо давлатлар ўзлари учун мақбул қарорни қабул қилиш ҳуқуқига эгадир. Лекин бирор давлатни тан олиш ЕИнинг ҳуқуқий ваколатлари доирасига кирмайди. ЕИга аъзо ҳар бир давлат ўз қарашларидан келиб чиққан ҳолда қарор қабул қилади. Албатта, ЕИнинг кўп давлатлари Косово мустақиллигини тан олади”,- деди Дмитрий Рупел.

Буюк Британия ташқи ишлар вазири Дэвид Милибэнд эса ЕИ раҳбариятини Болқонда ҳам етакчилик қила олишини намойиш этишга даъват этди.

Германия канцлери Ангела Меркель ўз ҳукумати Косово мустақиллиги борасида ҳозирча муносабат билдирмаслигини маълум қилди.

Испания ташқи ишлар вазири Мигель Анхель Моратинос эса ўз ҳукумати Косово мустақиллигини тан олмаслигини билдирди.

“Косово ҳукумати халқаро қонунларни ҳурмат қилмагани боис, биз бу ҳаракатни тан олмаймиз. Испания ҳукумати халқаро қонунларни ҳар доим ҳурмат қилиб келган”,- деди Испания ташқи ишлар вазири.

Россия ҳукумати БМТни Косово мустақиллигини тан олмасликка чақирди. Озарбойжон ҳам Косовонинг ўз мустақиллигини бир томонлама эълон қилиши “халқаро ҳуқуқ меъёрларига ўта зид ва ноқонуний ҳаракат” эканини таъкидлади.

Афғонистон ҳукумати эса Косово мустақиллигини биринчилардан бўлиб расман тан олди.
XS
SM
MD
LG