Линклар

Бугунги кунда ҳокимият тепасида қолаётган энг золим диктаторлар рўйхатини эълон қилган АҚШдаги энг оммабоп “Парад” журнали Ўзбекистон президентини 9-ўринга жойлаштирди.

“Президент Каримовнинг қаттиққўл ҳукмронлиги остида Ўзбекистон фуқаролари сўз ва эътиқод эркинлигидан маҳрум этилиб, қотилликлар ва қийноқ қурбонларига айланмоқда”,– деб ёзади “Парад” журнали.

Дунё бўйлаб 71 миллион ўқувчисига эга бўлган “Парад” журнали энг ёмон диктаторлар рўйхатини ҳар йили эълон қилади. Ўзбекистон президенти Ислом Каримов эса ҳар доим бу рўйхат пешқадамларидан бўлиб келди. Тўғриси, бу йил И.Каримов бир поғона пастроққа – 9-ўринга тушурилган. Бунинг боиси, эҳтимол, ўтган йил давомида Ўзбекистонда бирор даҳшатли ҳодиса рўй бермаганидадир. Дунёнинг 70дан зиёд давлати диктаторлар томонидан идора қилинади. Энг ёмон диктаторлар рўйхатини АҚШдаги таниқли журналист Дэвид Валенчинский тақдим этди.

“Бу одамлар мамлакатда мислсиз қудратга эга. Улар одамларни бостиради, инсон ҳуқуқларини поймол қилади. Улар ўз фуқароларига оғриқ ва азият етказади. Бу золимларга улар содир этган ваҳшийликларга қараб баҳо берамиз”,– дейди Дэвид Валенчинский.

Энг золим 10 диктатор рўйхатидаги биринчи ўринни дунёдаги энг ёпиқ ва репрессив давлатни бошқараётган Шимолий Корея раҳбари Ким Чен Ир эгалламоқда.

Иккинчи ўринда минглаб фуқароларининг ўлимига сабабчи бўлган Судан президенти Умар Башир бормоқда.

Мьянмадаги хунта раҳбари Тан Шве ўтган йили норозилик намойишларини қонли бостириб, учинчи ўринга кўтарилди.

Қолган ўринларни эса Саудия подшоҳи Абдуллоҳ, Хитой президент Ху Цзинтао, Зимбабве президенти Роберт Мугабе, Эроннинг олий диний раҳбари Сайид Али Ҳуманаий, Покистон президенти Парвез Мушарраф, президент И.Каримов ва ниҳоят, Эритрея раҳбари Исаяс Афеверки бўлишиб олди.

“Дунёнинг 9-ўриндаги энг ёмон диктатори Ўзбекистон президенти Ислом Каримов ўз фуқароларини мунтазам қийноққа солади ва уларни қуллик меҳнатига мажбурлайди”,– деди Дэвид Валенчинский.

“Золим диктатор” таърифи И.Каримовга нисбатан анчадан буён қўллаб келинади. Бироқ 2005 йилда Андижондаги намойишнинг қонли бостирилиши ортидан И.Каримов бу номга ортиқча тоқат қила олмай қолганга ўхшади.

“Мана, нима эмиш, сен демократияга қаршисан, сен инсон ҳуқуқини ҳимояламайсан, сен журналистларга йўл қўймайсан, сен ундай, сен бундай ва ҳоказо. Керак бўлса, катта бир жойга тўплаб, сенинг устингдан ҳукм чиқариши ҳеч нарса эмас”,- деган эди Андижон воқеаларидан кейинги чиқишларидан бирида И.Каримов.

АҚШ ва Европа Иттифоқи И.Каримовни диктатор, деб аташгача бормаган, бироқ уларнинг баёнотларида И.Каримовга нисбатан “қаттиққўл” ёки “авторитар раҳбар” таърифлари учрайди. Нуфузли инсон ҳуқуқлари ташкилотлари ёки мухолифат вакиллари ҳам И.Каримов фамилияси олдига “диктатор” сўзини қўйишдан тийила олмайди.

Мухолифатдаги “Эрк” партияси лидери Муҳаммад Солиҳ И.Каримов диктаторликнинг дунёда эътироф этилган барча хислатларига эга, деб ҳисоблайди.

“Диктаторлар кипригини қоқмасдан бемалол қотилликка тайëр шахслардир. Диктаторлар бир инсоннинг азобланишини, қийналишини кўриб, ундан лаззат оладиган шахслардир. Диктаторлар ўз мавқеи, мансаби учун халқнинг катта бир қисмидан воз кечишга ва катта бир қисмини қириб юборишга потенциал тайëр характердаги инсонлардир. Бу хусусиятларнинг ҳаммаси Ислом Каримовда мавжуд. Яна чиқмаган жондан умид. Аллоҳ уни ислоҳ қилсин”,- дейди М.Солиҳ..

Ўз фуқароларига қарши қанчадан-қанча жиноятларни содир этганликда айбланиб келинган диктаторларни жазога тортиш ҳолатлари кузатилган. Сўнгги ҳодиса Ироқ диктаторининг мунозарали тарзда дорга осилиши бўлса, айни пайтда амалдаги халқаро қонунчилик исталган диктаторни ҳам судга тортиб, уни жазолаш имконини бермаслиги ҳам ҳақиқат.

Муҳожиратдаги инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Толиб Ёқубов диктаторлар жазоси тарихнинг уларга берган баҳосидир, деб ҳисоблайди.

“Жуда кўп диктаторлар жазосиз қолиб кетган. Масалан, ҳозирги пайтда дунëни энг демократик мамлакатларидан бири АҚШ ҳукумати бир диктаторни дорга осди, бошқа диктаторлар билан жуда яхши муносабат ўрнатган. Шунинг ўзи ким ҳаëтини нима билан тугатишини кўрсатади. Андижон воқеалари учун Ўзбекистон давлат бошлиғини бемалол халқаро судга берса бўларди. Бунга ҳам Россия ва АҚШ раҳбарлари монелик қилди. Лекин барибир ўзбек халқи ва тарих Ислом Каримовнинг кўп йиллик фаолиятини, албатта, қоралайди, деган умиддаман”,- деди Толиб Ёқубов.
XS
SM
MD
LG