Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 03:16

Аёллар мавзуидаги фильмлар кинофестивали


Бишкек шаҳрида аёлларга бағишланган биринчи халқаро кинофестивал бўлиб ўтди. Унда марказий осиёлик кино усталари томонидан яратилган аёллар мавзусидаги ўнта ҳужжатли фильм намойиш қилинди.

Фильмларнинг бештаси ўзбекистонлик ижодкорлар томонидан тайёрланган бўлиб, уларда ўзбек хотин-қизларининг муаммолари ёритилган.

Кинофестивалда намойиш қилинган “Бахт излаган аёл” ҳужжатли фильми ўзбекистонлик режиссёр Нафиса Зоҳидова томонидан яратилган. Фильмда самарқандлик Моҳира исмли аёлнинг аянчли тақдири ҳақида ҳикоя қилинади. Оилавий зўравонликлар сабабли Моҳира ўзини ёқиб юборади, лекин тирик қолади.

Ўзбекистонлик режиссёр Умида Аҳмедова сўзларига кўра, ушбу фильмда ўзбек аёллари учун долзарб бўлган оилавий зўравонлик мавзуси кўтарилган.

“Кўпчилик қонунни билмайди. Мурожаат ҳам қилмайди. Ўтиб кетар, эртага яхши бўлиб кетар, деб умр ўтиб кетаверади. Ўйлайманки, бу фильм жуда муҳим. Фильмни санъат даражасида, деб баҳолаш қийин, лекин фильмнинг борлигига раҳмат”,- деди У.Аҳмедова.

Бишкекдаги кинофестивалда Ўзбекистондан 5 та фильм намойиш қилинган бўлса, шулардан иккитаси режиссёр Умида Аҳмедова томонидан яратилган.

“Мен Ўзбекистондан иккита, Галина Виноградова учта фильм олиб келди. Биринчи кун менинг “Аëллар ва эркаклар урф-одатларда” фильмим билан намойиши билан бошланди. Бу фильмда ўзини ëқиб юбориш каби даҳшатли саҳналар йўқ. Асосан, урф-одатларимиз ҳақида”,- дейди У.Аҳмедова.

Фестиваль ташкилотчиси “Диалог Централ” халқаро ташкилоти бўлиб, ташкилот ходимаси Лицци Майрлнинг таъкидлашича, бу лойиҳа Марказий Осиё учун ўта муҳимдир. Ушбу кинофестивални ташкил қилишга Марказий Осиёда аёлларга бағишланган фильмлар камлиги туртки бўлган. Анжуманда Марказий Осиёдаги энг яхши, деб топилган ўнта фильм Шарқ аёлларининг муаммолари ечимига бир қадар ёрдам беришидан умидворлик бор.
XS
SM
MD
LG