Линклар

Шошилинч хабар
16 апрел 2024, Тошкент вақти: 15:10

Фонограммани тақиқлаш санъат ривожига хизмат қилади...ми?


Тожикистон Маданият вазирлиги мамлакат қўшиқчиларига фонограммани тақиқлашга доир қарор лойиҳасини тайëрлаб, ҳукуматга тақдим қилди. Бу қарор санъат ривожига катта ҳисса қўшиши таъкидланмоқда.

Қарор лойиҳаси муаллифларидан бири, Маданият вазирлиги масъули Гулмурод Малиев “Озодлик” билан суҳбатда бу қарорнинг кучга кириши тожик санъатида мусиқали қўшиқ тараққиëтига хизмат қилишини билдирди.

Қўшиқчига фонограммада куйлашни тақиқлашга доир қарор тожик санъатида қандай бурилиш ясаши мумкин ëки умуман бурилиш ясайдими?

“Озодлик” мавзу юзасидан Тожикистон ва Ўзбекистонда танилган қўшиқчи, Тожикистон халқ артисти Мастона Эргашева билан суҳбатлашди.

Озодлик: Қўшиқчиларнинг фонограммада чиқишини қандай баҳолайсиз?

Мастона Эргашева: Бу аввалдан ҳам бегона нарса. Афсуски, ҳозирги ëш қўшиқчиларимиз фонограммасиз қўшиқ куйлай олмаяпти. Улар фонограммага суяниб қолган.

Озодлик: Сиз Тожикистон Маданият вазирлигининг фонограммага доир қарорига қандай қарайсиз?

Мастона Эргашева: Мен шунинг тарафдориман. Бу жуда ҳам яхши иш. Ҳар битта санъаткордан ҳақиқий меҳнатни талаб қилади. Чунки ҳозирги ëш қўшиқчиларимиз танбал бўлиб қолган. Билишимча, бундай қарор бошқа давлатларда олдинроқ қабул қилинган. Бир неча йил олдин Озарбойжонда концертларда фонограммадан фойдаланган санъаткорга қанчадир миқдорда жарима солиш тўғрисида қарор қабул қилинган эди.

Озодлик: Биз суҳбатлашган кўп ëш санъаткорлар фонограммадан фойдаланмаслик мумкин эмаслигини, чунки кўпгина техникалар замон талабига жавоб бермаслигини айтди. Бу баҳонами ëки ҳақиқатми?

Мастона Эргашева: Гапингиз тўғри. Нега ҳар бир чолғучининг олдига микрофон қўйиб, санъаткорга микрофон бериб, концерт қилиш мумкин эмас? Бу мумкин. Фонограммадан телевидениеда фойдаланилади. Лекин халқ олдида жонли айтишга ҳаракат қилиш керак. Мен бирор жойда фонограммада ижро этсам, халқни алдаëтгандай бўлиб қоламан. Фонограмма билан ҳамма ҳам айта олмайди. Бу яхши. Аммо кейинчи? 3-4 йилдан кейин у қўшиқ айта олмай қолади-ку. Яхши санъаткор бўлиш учун ҳар кун овозни машқ қилдириш керак.

Озодлик: Агар бу қарор лойиҳаси Тожикистон ҳукумати томонидан қабул қилинса, нималар рўй бериши мумкин? Санъаткорлар камайиб кетиши мумкинми?

Мастона Эргашева: Асл овоз билан айтадиган санъаткорлар чиқади. Фақат фонограмма билан айтадиган санъаткорлар йўқолиб кетса керак.

Озодлик: Авваллари санъаткорлар ликопча билан қўшиқ айтган...

Мастона Эргашева: Тўғри. Мана, устоз санъаткорлардан Маъмуржон Узоқов, Комилжон Отаниëзов ва бошқалар чойхоналарда жонли қўшиқ ижро этган. Рубоб, танбур, ғижжак, най жонли чалинган.

Озодлик: Фонограмма Тожикистонда санъаткорларни кўпайтирди. Овози бори ҳам, йўғи ҳам санъаткор бўлаверди. Бу нарса тожик санъатига путур етказдими?

Мастона Эргашева: Ҳозир шахсий студиялар кўпайиб кетган. Пул берсангиз телевидениеда ҳам, концертларда ҳам қўшиқ айтаверасиз. Ҳозир эстрада жанрида куйлайдиган санъаткорларга эътибор беринг. Қўшиқ авжига келганда овози етмай қолади ва у ëғига техника овози эшитилади.

Тожикистонлик мулозимлар фонограммани тақиқлаш ҳақида гапирмоқда. Хўш, ўзбекистонлик ҳофизларнинг бу борадаги мулоҳазалари қандай? Бу ҳақда Ўзбекистон халқ артисти Камолиддин Раҳимов сўзлайди.

Озодлик: Тожикистон Маданият вазирлиги фонограмма борасида тайëрлаган қарор лойиҳасига хонанда сифатида сиз қандай қарайсиз?

Камолиддин Раҳимов: Биз ëшлик пайтларимизда фонограммадан икки жиҳатда фойдаланиларди. Биринчиси, манзарали жойларда телевидениега ëзиш вақтида. Иккинчиси, стадионга ўхшаган жойларда концерт берилганда овоз кучайтиргични тартибга солиш қийинлиги учун фойдаланилган. 50-100 кишилик ўтириш ëки аудиторияларда жонли ижро этиш керак. Ўзи томошабин ҳам жонли ижрони соғиниб қолди. 60-70-йилларда фалончи микрофонда айтаркан, деган гапларни эшитардик. Мен жонли ижро тарафдориман ва бу лойиҳани қўллаб-қувватлайман.

Озодлик: Мана, Бобомурод Ҳамдамов билан суҳбатлашсак, тўй бошидаги овозим билан охиридаги овозим орасида фарқ бўлади, овозим борган сари очилади, деган эди...

Камолиддин Раҳимов: Албатта. Металлни ҳам бир нарсага ишқасангиз, ишқаган сайин ялтирайди-ку. Шинавандалар талабига биноан эшитилаëтганидан хонанданинг завқи келиб, овоз тобора яхшиланиб боради. Бобомурод акамнинг гапида жон бор. Бир хонанда сифатида ўзимизда ҳам жонли ижро йўлга қўйилса, яхши бўлади, деган фикрдаман.

Озодлик: Тўйларда ëки кичик давраларда фонограммадан фойдаланасизми?

Камолиддин Раҳимов: Йўқ. Мен фақат жонли айтаман.
XS
SM
MD
LG