Линклар

Москвада навбатдаги ўзбек ўлдирилди

  • Барно Анвар

Москва шаҳрининг жануби-ғарбий округи милицияси шаҳарнинг Миклухо-Маклай кўчасида фаррош бўлиб ишлаган ўзбекистонлик фуқаро Хуршид Худойқулов ўлдириб кетилганини маълум қилди.

Милиция маълумотига кўра, душанба оқшомида Хуршид Худойқуловга бир гуруҳ нотаниш ўсмирлар ҳужум қилган. Кетма-кет урилган пичоқ жароҳати оқибатида Х.Худойқулов воқеа жойида ҳалок этган.

“Ҳозир бу воқеа юзасидан 105-моддага кўра, қасддан одам ўлдириш айби билан жиноят иши қўзғатилган. Прокуратура бу борада тергов ўтказмоқда. Дастлабки тахминларга кўра, жиноят миллий нафрат асосида содир этилган бўлиши мумкин. Аммо асл сабабни тергов натижалари кўрсатади”,- дея маълум қилди Москва шаҳри милицияси вакили.

Тасдиқланмаган маълумотларга кўра, 35 ёшлар атрофидаги Х.Худойқулов бир неча йиллардан буён Москва шаҳрида фаррош бўлиб ишлаб келган ва бу ерда унинг ёш болалари ҳам бор.

“Озодлик” мухбири унинг турар-жойи ва оиласи ҳақида бошқа маълумотларни аниқлай олмади.

Айтиш жоизки, Х.Худойқулов Москвада номаълум гуруҳлар томонидан февраль ойи ичида ўлдириб кетилган 7 шахсдир. Бунга қадар МДҲнинг Қирғизистон, Тожикистон каби мамлакатларидан борган меҳнат муҳожирлари ўлдириб кетилгани қайд этилган.

Москва шаҳри милицияси эса шу кунларда кучайтирилган тартибда ишламоқда ва шоҳкўчалар, метро бекатларига қўшимча кучлар ташланган.

“Кейинги 3-4 кун ичида метро ичида патруллар кўпайди. Метро ичида одам ўлдирилибди, деган гап-сўз бўлди. Кўпинча бунақа гапларни руслар гапиради. Патруллар рус бўладими, беларус бўладими, шубҳали кўринган одамни тўхтатиб, ҳужжат текшириб турибди”,- дейди Москвада ишлаётган ўзбекистонлик меҳнат муҳожирларидан бири Гулсум.

Гулсумнинг сўзларига кўра, миллий нафрат кайфиятида юрган тақирбош ўсмирларнинг ҳужумига кўпроқ Х.Худойқулов каби фаррошлик қилган меҳнат муҳожирлари учрамоқда.

“Рус тақирбошлари ëки рус ўспиринлари бўлсин, қурилиш идоралари ичига кира олмайди. У ерда қўриқчилар бўлади. Кўча супурадиганлар эса кўчада. Шунинг учун буларнинг устидан кулишади, уруш чиқаришга ҳаракат қилишади. Бизнинг пулимизга яшаяпсизлар, миллиард-миллиард пулларимиз кетяпти, деб айтишади. Яна 50-100 йилдан кейин бу ерда кўккўз, сариқ сочли болалар туғилмайди, ҳаммаси қора бўлиб туғилади, деган ўй-фикр бор буларда. Ҳақиқатдан ҳам ўзи шунга қараб боряпти”,- дейди Гулсум.

Унинг айтишича, ҳозир Россияда ишлаётган ўзбекистонликларга кам пул таклиф қилинса ҳам улар шу юртда қолади. Чунки ўз юртида иш йўқ.
XS
SM
MD
LG