Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 05:39

“Танганинг орқаси” Ўзбекистон иқтисодиёти ҳақида ҳикоя қилади


Қай томон кетаëтирмиз¸эртага нима бўлади деган саволлар бугун ўзбекистонликларнинг бошини қотираëтган асосий саволлардандир.
Қай томон кетаëтирмиз¸эртага нима бўлади деган саволлар бугун ўзбекистонликларнинг бошини қотираëтган асосий саволлардандир.

“Ҳеч кимдан кам бўлмаган ҳаëт барпо этиш мақсадида амалга оширган катта-катта ишларимиздан, тер тўкиб қилган меҳнатимиздан ҳар қанча фахрланиб, ғурур ва ифтихор билан яшашга тўла ҳаққимиз бор десам, ўйлайманки, бу фикримга барчангиз қўшиласиз”.

Бу гапни Ўзбекистон давлати раҳбари бот-бот тилга олади.

Ўзбекистондаги бош иқтисодчи ҳам ўзи, ўзига мос, ўзига хос ўзбекча иқтисодий модел отаси ҳам ўзи бўлган Ислом Каримов 16 йилдан бери иқтисодий ислоҳотлар ҳақида, Ўзбекистон иқтисодининг жадал суръатлар билан ривожланиб, халқ фаровонлиги ошиб бораëтгани ҳақида гапирмоқда. Президентнинг бу баҳосига унинг вазиру вузаролари, Ўзбекистон ичидаги иқтисодчиларнинг аксари ҳам жўровоз бўлмоқда. Аммо оддий халқ бунинг тескарисини гапиради. Ўзбекистондан яқин ва узоқ хорижга иш излаб чиқаëтган миллионлаб меҳнат муҳожирлари оқимининг кун сайин кенгайиб бораëтгани эса мамлакат иқтисодидаги жиддий муаммолар ҳақидаги халқ шикоятларига иловадир.

Хўш, расмий статистика иқтисодни алвон бўëқларда, оддий ўзбекистонликлар эса қора бўëқларда тасвирлаëтган бир пайтда Ўзбекистон иқтисодининг асл ранглари қандай?

“Танганинг орқаси” номли янги дастурда “Озодлик” ўзбек иқтисодининг мураккаб палитрасига назар ташлайди.

Дастурнинг илк сонида Ўзбекистон иқтисоди қай йўналишда кетмоқда – олдгами, орқагами ëки у турғунликдами, деган саволга жавоб изланади....

Ўзбекистон президентининг юқорида келтирилган баландпарвоз баёнотига “Озодлик” билан суҳбатлашган оддий ўзбекистонликлар қўшилмади:

-
Ўзбек халқи жуда ҳам аянчли яшаяпти. Президентга ҳам, ҳукуматга ҳам ишонмайман. Сиëсатни ўзгартириш керак.

-
Гадой-ку, нима қиласиз мени гапиртириб.

-
Мўлтони лўлилардан ҳам баттар бўлди ўзбеклар. Уларнинг ҳам ўзига яраша ор-номуси бор. Ор-номуссиз ўзбек бўлиб қолди ҳозир. Чунки қаерга борсангиз ҳамма мардикор ўзбек. Ҳар қандай сўкишга, ҳақоратга, қийинчиликка чидайди.

-
Қийин. Олдин одамлар ахлат титмас эди, лекин ҳозир ахлат титиб, нон еяëтганлар бор. Мен биламан, кўрганман.

-
Ҳукуматимиз яқин ўртада Ўзбекистон келажагини ўнглашига ишонмайман.

Ўзбекистондаги иқтисод манзараси унга энг тепадан қараëтган президент И.Каримовга бир тусда, унга энг пастдан, аниқроғи, ердан туриб қараëтган оддий ўзбекларга тамомила бошқа бир тусда кўринмоқда. Асл манзара қандай? Ўзбекистон иқтисоди бугун ҳукумат даъво қилаëтган каби жадал суръатлар билан ўсмоқдами ëки оддий одамлар айтаëтган каби ортга кетмоқдами? Буни баҳолашга имкон берадиган мезонлар нима?

Иқтисодий тадқиқотлар бўйича жаҳондаги обрўли ташкилот бўлмиш Лондондаги Иқтисодий ахборот гуруҳининг Ўзбекистон бўйича таҳлилчиси Анн-Луиз Ҳаггер бу мезонларнинг кўпроқ макроиқтисодий кўрсаткичларга боғлиқлигини айтади.




“Иқтисоднинг аҳволини кўрсатувчи бош мезон ялпи ички маҳсулот ҳажмининг асл кўрсаткичидир. Ўзбекистон расмий статистикасига кўра, 2007 йилги бу кўрсаткич жуда баланд ва у 9,5 фоизни ташкил этган. Аммо ҳукумат келтирган рақамлар шубҳали ва уни мустақил равишда текшириш имкони йўқ. Иқтисод аҳволини баҳолашдаги иккинчи муҳим мезон инфляция, яъни маҳаллий валютанинг қадрсизланиш даражасидир. Ўзбекистон ҳукумати бу борада келтирадиган рақамлар ҳам асл вазиятни акс эттирмайди”,- дейди Анн-Луиз Ҳаггер.



Ўзбекистон иқтисодининг жорий вазиятига жаҳонда ўрнатилган стандартлар асосида баҳо беришнинг имкони йўқ пайтда бу ишни бошқа мезонлар асосида қилиш мумкинлигини айтади Ўзбекистондаги йирик машинасозлик заводининг собиқ раҳбари Абдувоҳид Паттаев.

“Ҳар қандай мамлакат иқтисоди ўсаëтганини билдирадиган энг асосий индикаторлардан бири халқ фаровонлигининг ошишидир. Халқ фаровонлиги ошмаса, одамларнинг кундалик яшаш шароити яхши томонга ўзгармаса, бу мамлакатнинг иқтисодий ҳолати яхшиланяпти, дейиш қийин”,- дейди А.Паттаев.

Аксар ўзбекистонликлар эса ўз фаровонлиги ошмаётганини айтмоқда.

“Ўзбекистонда яшаëтган аҳолининг иқтисоди ўзгаряпти, лекин яхши томонга эмас, ëмон томонга. Тўғри, бизда иқтисод ривожланяпти, лекин у баъзи бир одамлар фойдасига ривожланяпти. Иқтисод халқ фойдасига орқага қараб кетяпти. Иқтисодимиз бир қадам олдинга, икки қадам орқага бўлиб қоляпти”,- дейди ўзбекистонликлардан бири.



Наманган машинасозлик заводи собиқ раҳбари А.Паттаев мамлакатдаги асл иқтисодий аҳволни кўрсатадиган иккинчи мезонни тилга олади:

“Иккинчиси, мамлакатда ишсизликнинг фоиз даражасидаги миқдори. Бу қанчалик кичкина бўлса, мамлакат иқтисодиëти шунчалик ўсаëтганини билдиради”.

Ўзбекистондаги ишсизлик даражаси ҳақида расмий маълумотлар эълон қилинмайди, норасмий манбаларга кўра эса у 70 фоиздан баланд. Россияга иш излаб келиб, қулликка тушган ўзбекистонликлардан бири миллионлаб одамнинг яқин ва узоқ хорижга иш излаб чиқаëтгани Ўзбекистондаги ишсизлик даражасининг ҳақиқий аҳволини кўрсатадиган ўлчов эканини айтади.

“Ўзбекистонда ҳеч нарса йўқлигидан мажбур бўлиб, бола-чақамни боқаман, деб келяпти одамлар. Мана, 16-17 яшар йигитлар, боласи билан аëллар бозорларда ахлат супуриб юради. Ўзбек халқи Россияга келиб ҳам қул. Нимага деганда, Ўзбекистонда ўтирган катталар халқини ўйламайди. Агар улар халқини ўйлаб иш билан таминлаганда, ўзбек халқи келиб русга қулчилик қилармиди? Қайси давлат халқига қарамаса, ўша давлатнинг халқи қул”,- дейди Россияда қулликка тушган ўзбек.

А.Паттаев эса у ëки бу мамлакат, хусусан, Ўзбекистон иқтисодининг асл аҳволини кўрсатадиган яна бир омил давлатдаги ишлаб чиқариш сифат ва даражаси эканини билдирди.

“Мамлакатнинг экспорт потенциали ўсиши керак. Агар мамлакатга ишлаб топилган валюта кирмас экан, иқтисодий потенциал ўсяпти, дейиш жуда қийин”,- деди А.Паттаев.

Унинг сўзларига кўра, Ўзбекистон ўз экспорт потенциалини ривожлантириши учун ишлаб чиқаришни, яъни завод ва фабрикаларни ишга тушириши лозим. Бунинг учун эса сармоя, бевосита ва билвосита хориж сармояси лозим. Хориж сармоясининг Ўзбекистонга кириши учун эса унга қулай иқлим бўлиши лозим.

Берлинлик таҳлилчи Миклош Маршалл Ўзбекистонда бундай иқлим йўқлигини таъкидлади.

“Мамлакатга хориж сармояси кириб келмас экан, бу иқтисод учун узоққа чўзиладиган оқибатларни келтириб чиқаради. Бой берилган бир йиллик имкон таъсири камида икки бараварга ошади. Яъни Ўзбекистон ҳукумати иқтисодни очиб, хориж сармояси учун қулай муҳит яратишни яна бир йилга чўзиши оқибатини бартараф этиш учун келажакда камида икки йил вақт керак бўлади”,- дейди ғарблик мустақил кузатувчи.

Ўзбекистон иқтисодини бозор муносабаларига ўтказиш бўйича 20дан ортиқ қонун муаллифларидан бири Виктор Ивонин мамлакат мутлақ нормал ривожланиш оқимидан кетаётганини айтди.

“Фақат унга тегманг ва унинг йўлига ташқаридан туриб игна қадаманг. Бизга халақит берманг ва биз Ўзбекистон иқтисодини ўзимиз кўтариб оламиз. Биз охир-оқибат ғалаба қозонамиз. Буни сизга иқтисодчи сифатида айтяпман ва башоратларим ҳамиша тўғри бўлиб чиққан”- деди Виктор Ивонин.

Ҳукумат иқтисодчиси қандай кўтарилиш ва қандай ғалаба ҳақида гапирмоқда, буниси унинг ўзи ва у хизмат қилаëтган ҳукумат идораларига аëн.

Бугунги дастурда асл манзарага айрим чизгилар киритишга уринилди, холос. Дастурнинг кейинги мавзулари бўйича таклиф ва мулоҳазаларни “Озодлик” uzbek@rferl.org манзилида, шунингдек, www.ozodlik.org сайтидаги электрон манзилларда ёки у ердаги телефон рақамлари орқали кутиб қолади.
XS
SM
MD
LG