Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 13:11

Ажралиш мажбурий турмуш қуришдан кўра яхшироқми?


Бу саволга Косово ва Сербия мисолида жавоб бериш мумкин. Бугун ўз нигоҳини Болқонга қаратган сиёсатшунослар Косово озод давлат сифатида ривожлана оладими, Сербия бунга йўл қўядими, деган саволлар атрофида ҳам бош қотирмоқда.

Бироқ ҳамма Приштина ва Белград бирга тинч-тотув яшаш йўлини топа билса яхшироқ бўлади, деган якдил фикрга келмоқда.

Кўпчилик одамлар Косово тарихи 1999 йилда серб диктатори Слободан Милошевичнинг минглаб этник албанларни Косоводан чиқариб юборишидан бошланади, деб ўйлади. Бу ҳаракат НАТО бомбардимонлари ва ниҳоят Косовонинг ўз мустақиллигини эълон қилиши билан якун топди.

Бироқ аслида ҳикоя бир неча аср аввал бошланиб, ҳали бери тугамайдиганга ўхшайди. Серблар ва албанлар муносабатларининг тарихи зўравонликлар ва босқинчилик тарихидир.

Албанлар имконият пайдо бўлиши билан сербларни ўз ҳудудларидан сиқиб чиқаришга ҳаракат қилди. Серблар эса бунга қаршилик қилиш учун барча воситаларни ишга солди.

Аслида серблар ва албанлар ўртасидаги адоват иккала томондан ҳам рағбатлантирилди. Серблар ҳатто полиция ва махфий хизматлар ёрдамида албанларни паст табақадаги фуқароларга айлантиришга ҳаракат қилди. Албанлар сабр қилди. Мол-мулк тўплади, тадбиркорликни кучайтирди, бир сўз билан айтганда, Милошевич ҳокимият тепасига келган замон албанлар ўзларининг норасмий бўлса ҳам давлатини шакллантириб улгурди. Албанлар сабр қилиб ғалабани қўлга кирита бошлаган бўлса, Сербия ҳеч қачон Косово албанларини тушунишда уларнинг мойиллигини қозонишга ҳаракат қилиб кўрмади.

Сербия албанларни бостиришга тушди, бироқ НАТОнинг зарбаларидан сўнг Косово халқаро муаммога айланди.

Косово ҳикояси унинг ўзини мустақил, деб эълон қилиши билан якунланмайди. Охир-оқибат, ажралиш қийналиб бирга яшашдан кўра яхшироқдек эмасми!?

Косово жуда тез суръатлар билан халқаро ҳамжамиятнинг аъзосига айланиши мумкин. Бироқ Косовонинг бугунги раҳбарияти барқарор иқтисодий ривожланишсиз мамлакат келажагини қуриш имконсизлигини ҳам яхши англайди. Айни пайтда мамлакат иқтисодиётининиг ўсиши кўнгилдагидек эмас. Асосий муаммо эса Косовонинг жойлашувидир. Косовода кўмир ва қўрғошин қазиб олинади. Бироқ минтақанинг Европанинг бир бурчагида жойлашгани бу ерда туризмни ривожлантириш имконини бермайди. Мамлакат аҳолисининг кўпчилиги қашшоқликда кун кечиради ва ҳукуматнинг коррупцияга ботиб кетганига ишонади.

Мамлакатдаги коррупция кўлами халқаро ташкилотларни ҳам хавотирга солиб келади. Аслида Косово ҳам, Сербия ҳам бири мустақилликка интилган бўлса, бошқаси бунга монеълик қилиш билан овора бўлиб, иқтисодиёт ҳақида ўйламай қўйди. Ҳозир эса воқелик билан юзлашиш пайти келди. Сербия Косовони сиёсий ва иқтисодий жиҳатдан чеклаш йўлидан борса, катта хатога йўл қўйган бўлади. Бундай сиёсат Косовони бошқа давлатлар билан яқинлаштириб, Сербиядан узоқлаштираверади. Косово ҳам Сербия билан ҳисоблашиши керак. Ҳар иккала томон мажбурий турмуш қуришдан кўра ажралиш яхшироқ эканини амалда исботлаши лозим.
XS
SM
MD
LG