Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 06:10

Қамоқдан чиққан мухолифатчи энди даволанади


Андижондаги қонли воқеалардан кейин беш ярим йилга қамалган “Эрк” партияси марказий кенгаши аъзоси Бобомурод Мавлонов қарийб икки ярим йилдан сўнг озодликка чиқарилди.

“Бир киши кузатувида уйга олиб келиндим. Ҳозирча дам оляпман. Даволанишим керак”,- дейди Б.Мавлонов.

Б.Мавлонов 2005 йил қонли воқеаларидан бир неча кун ўтиб мухолифатнинг бошқа фаоллари қатори ҳибсга олинган эди. У хизмат лавозимини суиистеъмол қилиш ва порахўрликда айбланганди. Унинг ўзи бу айблов асоссиз экани, ҳеч қачон буни бўйнига олмаганини айтади.

“Икки йил олдин икки ходимдан пора олган, деб ёздириб олишганди”,- дейди Б.Мавлонов.

Навоийдаги хонадонига қайтган 62 ёшли Б.Мавлонов тутқунликдаги кўрган-кечирганлари ҳақида ҳам гапириб, қамоқхона шароитлари аянчли экани, аммо қамоқхонада унга нисбатан қийноқ қўлланилмаганини билдирди.

“Камералар зах, суд бўлганида мени зах камерага ташлашди, совуқ, тўрт тараф бетон, поли бетон, иситиш йўқ. Лекин мени уришгани йўқ, ҳеч қанақа босим бўлмади”,- дейди “Эрк” фаоли.

Айтиш жоизки, Б.Мавлонов озод қилиниши арафасида қамоқхона ички тартибини бузганликда айбланган, шунинг учун ҳам унга бу озодлик мутлақо кутилмаган воқеа бўлган.

Кузатувчилар “Эрк” фаолининг озод этилишини Ғарбнинг Ўзбекистон ҳукуматига бўлган босим сиёсати самараси сифатида кўрмоқда. Аввалроқ Андижонда ўзининг кўрганларини дунё жамоатчилигига ёйган ҳуқуқ ҳимоячи Саиджаҳон Зайнобиддинов ҳамда жиззахлик таниқли ҳуқуқ ҳимоячи Бахтиёр Ҳамроевнинг ўғли Ихтиёр кутилмаганда озодликка чиқарилган эди.

“Ҳьюман райтс уотч” ташкилоти Ўзбекистонда қисқа вақт ичида беш ҳуқуқ ҳимоячининг озод этилиши Тошкент ҳукуматига нисбатан давомий халқаро босимлар самараси белгиси эканини айтганди.

“Бу озод этишлар Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари соҳасида муайян ўсишга эришиш учун у ердаги ҳукуматга қилинган давомий халқаро босимлар самарали бўлганини кўрсатади”,- деганди ҲРУ вакиласи Вероника Санта-Голдстон.

Аммо узоқ йиллардан бери қамоқхонада қолаётган сиёсий мухолиф ташкилотлар вакиллари, хусусан, ёзувчи Мамадали Маҳмудов ёки мухолифат етакчиси Муҳаммад Солиҳнинг икки укаси, ёши кекса Аҳмаджон Одилов, “Серқуёш Ўзбекистон” коалицияси раҳбари Санжар Умаров, Фарғонадаги “Ўтюраклар” клуби раҳбари Мўтабар Тожибоева ҳамон қамоқхонада қолмоқда.

ҲРУ ўз баёнотида Ўзбекистон қамоқхоналарда ҳанузгача қолаётган бошқа ҳуқуқ ҳимоячилари ва мухолифат фаолларининг ҳам озод этилишига эришиш учун Ғарб ҳукуматлари ва Европа Иттифоқини Ўзбекистон ҳукуматига босим ўтказишда давом этишга чақирган эди.
XS
SM
MD
LG