Линклар

“Газпром” қирғиз бозорини кўзламоқда


Россиянинг “Газпром” ширкати “Қирғизгаз” корхонасини сотиб олмоқчи. Бундан ташқари, “Газпром” Қирғизистондаги газ конларини аниқлаб, ўзлаштириш учун жуда катта миқдорда сармоя ётқизиш ниятида.

Бишкекда Қирғизистон раҳбарлари билан учрашган “Газпром” ширкати раҳбари Алексей Миллер шундай маълумотларни тақдим этди.

А.Миллер билан учрашуви чоғида Қирғизистон бош вазири Игор Чудинов Россия ширкатига иккита газ конини ўзлаштириш лицензиясини топширди.

Қирғизистон ҳукумати 2025 йилгача бўлган энергетика дастурини қабул қилган эди. Расмий Бишкек “Газпром” билан ҳамкорлик ушбу дастур доирасида олиб борилишини билдирди. “Газпром” беш йил ичида Қирғизистонда газ қазишни йилига 300 миллион кубометрга етказмоқчи. Бу эса Қирғизистон аҳолисининг газга бўлган эҳтиёжидан 30 миллион кубометр кўпдир. Бироқ қирғиз ҳукумати корхона ва ташкилотларнинг газга эҳтиёжи ортиб бораётганини таъкидламоқда.

“Шунинг учун Қирғизистон газ борасида Ўзбекистонга қарам бўлиб қолаверади”,- деди энергетика ва минерал захиралар вазири Сапарбек Балқибеков.

Алексей Миллернинг билдиришича, Қирғизистондаги газ конларини аниқлаш учун 27 миллион рубль маблағ сарфланган. Газ конларини ўзлаштириш учун эса Яна 300 миллион доллар сарфлаш режалаштирилган.

“Республика аҳолисини мамлакат ичида қазиб олинадиган углеводородлар билан таъминлаш энг асосий вазифадир. Бу аҳолини газ ва нефть билан таъминлашга ҳам таалуқлидир”,- деди А.Миллер.

Қирғизистон Фанлар академияси Геология институти раҳбари Қодирбек Сакиевнинг сўзларига кўра, мамлакатда газ ва нефть захиралари борлиги тўғрисида кўп маълумотлар аниқланган. Бироқ бу конларни ўзлаштириш жуда катта маблағ талаб қилгани учун ҳукумат эътиборидан четда қолиб келган.

“Биз мустақилликка эришганимиздан сўнг нефть ва газ конларини ўзлаштириш учун хориж ширкатларини таклиф қилишга мажбур бўлмоқдамиз. Мамлакатимизнинг ўзи бу ишни амалга оширишга ожиз”,- деди Қодирбек Сакиев.

Айни пайтда “Газпром” “Қирғизгаз” корхонаси акцияларининг асосий қисмини сотиб олиш борасида ҳам музокаралар ўтказмоқда.

А.Миллернинг таъкидлашича, “Қирғизгаз”нинг Россия ширкатига қўшиб олиниши Қирғизистон учун ҳам манфаатли бўлади

“Газпром”нинг йиллик сармоя кўлами сармоя ётқизиш дастури асосида 15 миллиард долларга яқинлаб қолди. Агар “Қирғизгаз” ва “Қирғизнефть” ширкатлари “Газпром” таркибига қўшиб олинса, бу соҳаларнинг ривожи учун катта миқдорда сармоялар ётқизилишидан умид қилса бўлади”,- деди Алексей Миллер.
XS
SM
MD
LG