Линклар

Жумагул Полвонова: “Ўзим ҳам милиция назоратидаман”

  • Замира Шукур

http://tbn0.google.com/images?q=tbn:T6DBQFeeCN3QoM:http://volyn.com.ua/photos/r-3147.jpg “Озодлик” Ўзбекистон қамоқхоналарида қолаëтган сиëсий маҳбусларнинг турмуш ўртоқлари билан ўтказаётган туркум суҳбатларнинг навбатдаги меҳмони хоразмлик тадбиркор Исоқ ота Абдуллаевнинг рафиқаси Жумагул опа Полвоновадир.

Ҳозир 72 ëшга кирган Исоқ Абдуллаев 2005 йил ëзида ҳибсга олинган ва 10 октябрь куни Хоразм вилояти суди томонидан Ўзбекистон Жиноят кодексининг 18 моддаси, хусусан, фирибгарлик, товламачилик, талончилик, катта миқдордаги солиқ ва бошқа тўловларни тўлашдан бўйин товлашлик каби жиноятларда айбланиб, 11 йиллик қамоқ жазосига ҳукм этилган эди.

Мустақил кузатувчилар фикрича, хивалик бу бадавлат тадбиркор аслида Ислом Каримов ва маҳаллий ҳокимлар сиëсатини танқид қилувчи кескин чиқишлари учун жазоланган.

Ҳозир Навоий вилоятидаги жазони ўташ муассасасида сақланаëтган Исоқ отани унинг турмуш ўртоғи Жумагул Полвонова сўнгги бор ноябрь ойида бориб кўрган. “Озодлик” билан суҳбат давомида Жумагул опа 72 ёшли бу сиëсий маҳбуснинг аҳволи тутқунликда кун сайин ëмонлашиб бораëтганини айтади.

Жумагул Полвонова: Касал. Қамоқхонанинг санитария бўлимида ëтиб чиқди. Оëғи, бели, юраги оғрийди. Қон босими ҳам бор.

Озодлик: Қамоқхонада муносабат қанақа экан?

Жумагул Полвонова: Ҳозир у қамоқхонанинг санитария бўлимида даволаниб ëтибди. У ерда бунақа гапларни гаплашиб бўлмайди-ку, ахир.

Озодлик: Ўзингизнинг кўрганингиз бўйича нима дейишингиз мумкин?

Жумагул Полвонова: Кўрганим бўйича касал. Зўрға ўтириб, зўрға туради.

Озодлик: Дори-дармон беришяптими?

Жумагул Полвонова: Дори-дармонни мен ўзим олиб бориб бераман. Лекин уни унга беришадими-йўқми, билмайман. Рўйхат бўйича қамоқхона бошлиғига қўл қўйдириб, кейин бераман.

Озодлик: Қачондан бери санитария бўлимида ëтибди?

Жумагул Полвонова: Қамоқхонага боргандан бери.

Озодлик: Аҳволлари шунақа бўлса ҳам амнистияга туширишмабди...

Жумагул Полвонова: Ҳа, амнистияга ҳам туширишмади, муддатини ҳам камайтиришмади.

Озодлик: Нимага шуни қилишмади, деб ўйлайсиз?

Жумагул Полвонова: Мен қамоқхонага кириб битта-иккиталари билан гаплашдим. “Энди буëғини ўзингиз биласиз. У ëқ, бу ëққа бориб юришнинг ҳеч кераги йўқ. Ҳамма гапга тушунадиган аëлсиз. Нима қиламиз энди. Шундай бўлди”, дейишди.

Озодлик: Нимани назарда тутишди? Нимани тушунишингиз керак экан?

Жумагул Полвонова: Назоратда, дейишяпти.

Озодлик: Сиëсий маҳбус, деб ишорат қилишяптими?

Жумагул Полвонова: Ҳа. У киши ҳар доим назоратда, дейишади. Энди билмадим нима бўлади. Февралнинг охиригача чиқиб қолмасмикан, деб кутиб ўтирибман.

Озодлик: Исоқ отанинг қамоқхонадан чиқиш-чиқмаслигини ҳал қиладиган одамларга айтадиган гапингиз борми?

Жумагул Полвонова: Исоқ ота ҳеч қандай гуноҳ қилмаган бўлса ҳам булар туҳмат қилиб қамади. Айтадиган бўлсам гап кўп. Мен фарзандларим билан февралнинг охиригача мабодо чиқариб қолмасмикан, деб кутиб ўтирибман. Президентимиз мана яна президентликда қолди. Енгиллик қилиб бизларга бир ëрдам бермасмикин!? Ҳеч бўлмаганда мана шу мавзуни сизлар кўтарадиган бўлсангизлар, хулоса қилиб ҳақиқатни юзага чиқара олармикан? Мен ўзим ҳам шу гапларни президентга ëзаман. Мен ҳам ҳеч қандай асоссиз судландим. Ҳозиргача милиция назоратида тураман. Исоқ ота 72 ëшида қамоқхонада ëтибди. Унинг ҳеч кимга зарари бўлмаса. Мана, уйимизга ким келишидан қатъий назар, нима ëрдам керак бўлса қиларди. Оилаларга ëрдам берадиган одамни туҳмат билан қамаб ташлашди.

Озодлик: Февралнинг охирида чиқади, деган аломатлар борми ëки бу фақат ўзингизнинг умидингизми?

Жумагул Полвонова: Ўзимнинг умидим. Президентимиз ҳаммага ëрдам бериб турибди. Эшитишимча, бизнинг вилоятимиз ҳокими назоратда тутиб турган эди. Энди ҳозир вилоят ҳокими ишдан кетди, дейишяпти. Энди ҳоким кетган бўлса, назоратдан тушиб келиб қолармикан, деб умид қилиб турибмиз.

Жумагул Полвонова ўз турмуш ўртоғи, хоразмлик йирик тадбиркор Исоқ ота Абдуллаев билан биргаликда судланиб, Жиноят кодексининг қатор моддалари бўйича айбдор топилган. Хоразм вилояти суди Жумагул опага ҳам қарийб 2000 АҚШ доллари миқдорида жарима тўлаш ва 3 йиллик шартли қамоқ жазосини белгилаган. Мен ҳам, Исоқ ота ҳам махсус уюштирилган туҳмат қурбонимиз, деб давом этади Жумагул опа...

Жумагул Полвонова: Исоқ ота аëлларни олиб келиб, қамаб қўйган экан. Мен эса унга шерик бўлган эканман. Бу ҳақиқатда тасдиқланмаган бўлса ҳам шунча йилга қамаб юборди.

Озодлик: Сизларга нима учун туҳмат қилишди? Хивада бой бўлиб танилганларингиз учунми, сиëсатга аралашганларингиз учунми?

Жумагул Полвонова: Исоқ ота чиқарган мақолалар учун бўлса керак. Бизлар бу нима сабабли бўлганини билмаймиз.

Озодлик: Туҳмат қилганлар ҳозир юрибдими?

Жумагул Полвонова: Ҳа, юрибди. Булар энди одам, деб ҳисобланадиган эмас. Биттаси ҳамманинг пулларини олиб, товламачилик қилиб юрадиган аëл. Тиллолари бор, деб туҳмат қилган биттаси одамларнинг болаларини ишлатиб, пулини бермасдан қочиб кетадиган аëл. У ҳозир қамалиб кетди. Ички ишлар ходимлари шунақа одамларни топган ўзи.

Озодлик: Исоқ ота қамалгандан кейин тадбиркорлик ишларингиз нима бўляпти?

Жумагул Полвонова: Исоқ ота қамалгандан кейин фирмамиз ëпилди. Фирманинг ҳужжатлари олиб кетилди. Банкдаги пулларимиз 6-7 ойга музлатиб ташланди. Кейин вақтида йиллик ҳисоботни топширмади, деб 184-ми модда билан айб қўйилди.

Озодлик: Тижоратингиз касодга учрадими?

Жумагул Полвонова: Мен ўзим ҳозир уйда ўтирибман. Ҳеч қаерда ишламайман. Нафақадаман. Фирма ишларини йиғиштириб қўйдим. Иккита фарзандим, иккита неварам бор. Тез кунларда неварам 3 та бўлади.

Озодлик: Исоқ ота қамалгандан бери ҳаëтингиз қанақа бўляпти?

Жумагул Полвонова: Эркак бўлмаган уй уйми! Мана, уйимизда газ йўқ, сув йўқ. Нима қиламиз энди, ўтирибмиз.

Озодлик: Орада йиғлаб турасизми?

Жумагул Полвонова: (кўзига ëш олиб) Йиғини сўраманг. Ишонасизми, эрим кетиб, 3 йилдан бери ëтоқхонага кирганим йўқ.

Озодлик: Йиғламаслик учунми?

Жумагул Полвонова: Ҳа. Йиғламаган куннинг ўзи йўқ. Биз ҳар доим бирга бўлганмиз, бирга иш қилганмиз. Мен у кишидан ҳеч қачон хафа бўлган эмасман.

Озодлик: Йиғлаганингизда ўзингизни нима деб юпатасиз?

Жумагул Полвонова: Энди нима қиламан. Болаларимнинг олдида юришим керакда барибир. Болалар ҳали ëш. Биттаси ҳали энди ишга кирди. Биттаси ўқияпти. Мен Худога солганман. Худо ҳозир олдингидай 40 йилда эмас, 40 кунда кўрсатиб турибди. Ëмонлик қилганларнинг ҳаммаси кетиб турибди. Бизларни кўрган Худо уларни ҳам кўриб турибди-ку. Бизларнинг Хоразмда ҳозир қама-қама ëмон-ку. Элга келган тўйдай бўлиб турибди.

Озодлик: Мабодо Исоқ ота қайтмаса, бу ëғи нима бўлади?

Жумагул Полвонова: Билмадим нима бўлади. Исоқ отанинг ўзи аҳволи оғир. Эсон-омон уйга, болаларининг олдига келса бўлди.

Озодлик: Амнистия билан чиқмаса, додингизни кимга айтасиз?

Жумагул Полвонова: Ҳеч ким эшитмаса кимга, қаерга бориб айтасиз? Судга, Олий Мажлисга, президентга ëздим. Ëзган билан ким ўқийди ëзувимни. Ҳозир додимизни эшитадиган одам йўқ. Шунинг учун уйда Худодан сўраб ўтиравераман. Бошқа иложи йўқ. Исоқ отага соғлиқ тилайман. Бошқа нима дейман. Соғ-омон юрсин. (ўксиниб йиғлаб) Тезроқ болаларининг олдига келсин.
XS
SM
MD
LG