Линклар

Муҳаббатхон Муҳиддинова: “Қамалишидан олдин ўғлимни уйлантирмоқчи эдик”

  • Замира Шукур

Муҳаббатхон ая ҳамон ўз хонадонига гуллар оғушидаги келинчак кириб келишини орзу қилади...

Муҳаббатхон ая ҳамон ўз хонадонига гуллар оғушидаги келинчак кириб келишини орзу қилади...

“Озодлик” Ўзбекистон қамоқхоналарида қолаëтган сиëсий маҳбусларнинг яқинлари билан ўтказаётган туркум суҳбатларнинг бу галги меҳмони ёш ҳуқуқ ҳимоячиларидан бири Дилмурод Муҳиддиновнинг онаси Муҳаббатхон ая Муҳиддинова.

“Эзгулик” инсон ҳуқуқлари жамиятининг Марҳамат тумани бўлими раиси Д.Муҳиддинов Андижондаги қонли воқеалардан бир ҳафта ўтиб, 2005 йилнинг 20 май куни ҳибсга олинди. 2006 йилнинг 12 январида Тошкент вилоятининг Ўртачирчиқ тумани суди Д.Муҳиддинов ва яна уч ҳуқуқ фаолини конституциявий тузумга тажовуз қилганлик, жамоат тартиби ва хавфсизлигига таҳдид солувчи материаллар тайëрлаш ва тарқатишда айбдор топиб, беш йилга озодликдан маҳрум қилди.

Мустақил манбалар ўшанда ҳали 25гаям кирмаган Дилмуроднинг жазоланиши ортидаги бош сабаб унинг ҳуқуқ ҳимоячиси сифатидаги фаолияти, хусусан, Андижондаги қонли воқеаларни кескин танқид қилувчи баëнотлари эканини таъкидлаб келмоқда.

“Ҳьюман райтс уотч” ташкилоти шу йилнинг 5 февраль куни Дилмуроднинг президент амнистиясига мувофиқ озодликка чиқарилганини хабар қилди. Аммо саноқли кунлар ўтиб ташкилот бу хабар тасдиқланмагани ва унинг ҳамон тутқунликда қолаëтганини маълум қилди. Навоийдаги қамоқхонада сақланиб келинган Д.Муҳиддиновнинг онаси Муҳаббатхон ая “Озодлик” билан суҳбатда ана шу хабардан бери бир ташвиши ўн бўлиб, тўшакка ëтиб қолганини айтади.

Муҳаббат Муҳиддинова: Бола қолди энди. Нима қиламан экан мен? Қон босимим ошиб, ëтиб қолдим.

Озодлик: Охирги марта қачон хабарини олган эдингиз?

Муҳаббат Муҳиддинова: Борганда ремонт, деб киргизмаган. Қизим касал бўлиб қолди. Қишнинг кунида борай десам, барибир шунақа қилишади.

Озодлик: Қачон ўз кўзингиз билан кўрдингиз?

Муҳаббат Муҳиддинова: Охирги марта ўтган йил май ойида кўрган эдим. Кўрганимда аҳволи яхши эди. Ҳар 3 ойда бир марта келиб турсангизлар бўлади, деган эди. 3 ойни ўтказиб августда туғилган кунига икки қизимни олиб бордим. Ичкарига қўйишмади. Шундан кейин бора олганимиз йўқ.

Озодлик: Ўғлингизни охирги марта кўрганда соғлиғи яхши эдими?

Муҳаббат Муҳиддинова: Ҳа, яхши эди. Бошлиғи биз билан яхши гаплашди. Ремонт бўляпти, болангизни туғилган кунида кўрсатамиз, деди. Овқатларимизни олди. Ундан кейин мана қиш келди. Энди битта нафақа билан етказа олмаяпмиз. Қизларим турмушга чиқиб кетган. Дилмурод битта ўғлим. Ҳозир борай деяпман-у, лекин касалман.

Озодлик: Дилмуродни уриб сўкишлари, қийнашлари ҳақида ҳеч гап эшитмадингизми?

Муҳаббат Муҳиддинова: Йўқ, мен эшитмадим. Ҳамма ҳар хил гапиради энди. Бошлиғига ремонт бўлса яхши, дедим. Мана шу овқатларимизни олинг, шунча ердан келдик, дедим. Мен шу уйда йиғлаб, касал бўламан, холос.

Озодлик: Германия ҳукуматининг босими билан Дилмуродни қамоқдан чиқаришди, дейишяпти. Сиз уйга келмади, хат-хабар йўқ, деяпсиз. Нимага бунақа бўляпти?

Муҳаббат Муҳиддинова: Йўқ, хат-хабар бор. Хат келганига 15-20 кун бўлди. Энди 1 апрелгача боришимиз керак.

Озодлик: Амнистияга тушиш борасида ўзларингиз ҳаракат қилдингизларми? Дилмурод бирон нарса ëзиб бердими?

Муҳаббат Муҳиддинова: Ҳа, жуда кўп ëзиб берди. Биринчи марта борганимда қамоқхона бошлиғи олдимга келиб: “Она, мен ўзим ўғлингизни чиқариб беришим мумкин. Уйингизга олиб кетасиз”, деб кўнглимни кўтарди. “Энди бошлиқларга бир нималар қилсин. Бу сиëсатда, деган жойи бор”, деди. Унинг бошлиқлари ҳам, докторлари ҳам яхши экан. Тошкентга олиб келдик, дейишди. Кейин яна олиб кетишди. Мана шунақа қилиб азоб беришяпти.

Озодлик: Ўзбекистонда эрлари, ўғиллари сиëсатга аралашиб қолса, аëллар дарров: “Қўйинг шу ишингизни. Бу катталарга ëқмайди”, деб дакки беради. Сиз ҳам шу маънода ўғлингизга бирон марта дакки бердингизми?

Муҳаббат Муҳиддинова: Мен у боланинг фақат одамларга ëрдам беришини кўрдим. Уйга кимдир келса, хола, ундай қилинг, ойлигингизни вақтида бермаса, мен бир нарса қиламан, деб айтар эди. Мен унинг ëмонлигини кўрмадим.

Андижонлик ëш ҳуқуқ фаоли Дилмурод Муҳиддинов қамоққа олинганида 24 ëшда эди. Унинг ëши 60дан ошган кекса ота-онаси 2005 йилнинг ëзида ўғлининг бошини икки қилиш орзусида эди. Бунинг ўрнига Дилмурод қамоққа ташланди, мусибатдан чолу кампирнинг қадди эгилди, руҳи синди. Ўғлимни олиб кетишганидан бери бирор соғ куним йўқ, фақат уни озодликда кўриш орзусигина мени тирик ушлаб турибди, дейди ўз изтироблари ҳақида гапирар экан Муҳаббатхон ая.

Муҳаббат Муҳиддинова: Мен ўшандан бери касал бўляпман. Олдин соғлом эдим. Кеча докторлар келиб, укол қилиб кетди. Бу йил қишга етиб кела олмаслигимни ўйлаб касал бўлдим. Яхши бўлсам бормоқчиман-у, лекин аҳволим яхшимас.

Озодлик: Маҳалланинг муносабати қанақа?

Муҳаббат Муҳиддинова: Маҳалладагилар яхшилик ҳам қилишмади, ëмонлик ҳам. Тек туришибди.

Озодлик: Дилмурод уйланмаган йигит экан. У қамалгунча тўй тараддудини бошлаган эдингизми?

Муҳаббат Муҳиддинова: Ҳа, бошлаган эдим. Чолим 1936 йилда, ўзим 1943 йилда туғилганман. Уйда бизларга қарайдиган одам йўқ. Битта келинимни бўлак қилиб чиқарганман. Бир нарса қилиб келин олардим энди. Бўлмади.

Озодлик: Нимага шунақа бўлди, деб ўйлайсиз?

Муҳаббат Муҳиддинова: Биринчи бўлиб бу болани паспорт янгилайман, деб туман ички ишлар бўлимига борганида милиция бошлиғи 3 кунга қамайман, деб қўрқитди. Катталар устидан ëзаверишган. Шунақа бўлганини Дилмурод менга айтмади. Уни 3 кун қамаб қўйишганини мен билганим йўқ. Дилмурод менга Тошкентга бориб келдим, деди.Ўша Қобилжоннинг иши бу.

Озодлик: Дилмуроднинг қилган иши тўғри эканига, айби йўқлигига ишонасизми?

Муҳаббат Муҳиддинова: Мен унинг иши яхшилигини билдим. У ҳеч қанақа айб иш қилгани йўқ. Ойликни вақтида беринглар, одамларга буғдой беринглар, дегани учун ëмон олишди. Ҳатто ҳокимиятда биз уни қаматдик, деб мажлис бўлди. Бунга ҳоким, прокурор ва Қобилжон айбдор.

Озодлик: Шунақа одамларга айтадиган гапингиз борми?

Муҳаббат Муҳиддинова: Уларга Худо бор. Мен уларнинг бирортаси билан юзма-юз кўришганим йўқ. Мана, ҳоким қамалиб кетди, Қобилжон ишдан бўшади. Терговчи Умарнинг ëнига бориб, сенга ҳам Худонинг атагани бордир, дедим. У ëлғондан Муҳаммадқодир деган одамни олиб юриб, унга айб ëзаверди. Муҳаммадқодир ўғлингиз чиқмадими, деб телефон қилди. Йўқ, чиқмади дедим. Ўша одам орқали ўғлимни алдашди.

Озодлик: Мана, соғлом, келишган, ëш ва одамларга яхшилик қилаëтган ўғлингизни, сиз айтишингиз бўйича, ноҳақдан қамашди. Шу қийналиб кетган пайтларингизда ўзингизни нима билан овутасиз?

Муҳаббат Муҳиддинова: Энди бу кунлар ўтиб кетиб, яхши кунлар ҳам келиб қолар. Кўп одамлар келиб, сабр қилинг, дейишяпти. Нима дейишни ҳам билмайман, қизим.

Озодлик: Мана шу кунларда чиқиб келишига умидингиз борми?

Муҳаббат Муҳиддинова: Ҳа, умидим бор. Икки ой бўлди, боришим керак эди. Энди март ойининг бошида бораман жонимни судраб.

Озодлик: Дилмуроднинг чиқиш-чиқмаслигини ҳал қиладиган одамларга айтадиган гапингиз борми?

Муҳаббат Муҳиддинова: Мен уни ким чиқаришини билмайман-да. Болангизни чиқараман деса, унга раҳмат айтмайманми!? Униси келиб у дейди, буниси келиб бу дейди. Маҳалла қўмитаси ҳам билмаймиз, деб туриб олди. Энди пешонадан кўрамиз. Менга келиб қолса бўлди. Ҳеч кимни ëмон ҳам, яхши ҳам демайман. Дилмуроднинг ҳақиқатгўйлигига мен ишонаман. Кимдир келиб сўраганида мен айтиб берардим. Камбағал бола бўлиб ҳеч нарсаси бўлмаганини тўғрима-тўғри айтардим. Керак пайтда ҳеч ким биздан келиб сўрамади шуни. Дунëда менинг ўғлимдай яхши одамлар кам.
XS
SM
MD
LG