Линклар

logo-print

Ўзбек парламенти янги қонун муҳокамасини бошлади

  • Алишер Сиддиқ

http://tbn0.google.com/images?q=tbn:N7g0x5XZCoudLM:http://www.osocio.org/images/uploads/Stop_the_traffik-poster_thumb.jpg Ўзбекистонда одам савдоси қурбонлари кескин ортиб кетганини эътироф этган парламент аъзолари одам савдосининг олдини олишга қаратилган янги қонун лойиҳасини муҳокама этишга киришди.

Олий Мажлиснинг қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси аъзоси Фахриддин Ражабовнинг маълум қилишича, сўнгги уч йил ичида одам савдоси қурбонига айланган мингдан зиёд фуқаро ҳуқуқ-тартибот идораларига мурожаат қилган. Бу аризалар асосида 700дан ортиқ жиноят иши қўзғатилган.

Бироқ Халқаро миграция ташкилоти ҳисоб-китобларига кўра, ҳар йили Ўзбекистоннинг 500 мингдан зиёд фуқароси мажбурий меҳнатга ёки жинсий хизмат кўрсатишга ёлланиб, траффик қурбонларига айланади.

Ўтган йили АҚШ Давлат департаментининг инсон савдосига оид ҳисоботида одам савдосига қарши етарли чора кўрмаётган Ўзбекистон ҳукумати ер билан яксон қилинганди.

Унда айтилишича, Ўзбекистон ҳукумати одамлар савдосини камайтириш учун минимал талабларни ҳам бажараётгани йўқ.

“Ўзбекистон кенг қамровли аксилтраффик қонунчиликни қабул қилиш бўйича ҳеч қандай ишларни амалга оширмади, одам савдогарларига бериладиган жазони кучайтирмади. 10 йилдан оз муддатга қамалган одам савдогарларининг барчаси амнистия асосида озод қилинди. Айни пайтда уларнинг қурбонларига муносиб моддий ва маънавий ёрдам кўрсатилмади”,- дейилганди ҳисоботда.

Айни пайтда одам савдосига қарши кураш бўйича қонун лойиҳаси муҳокама этилаётгани Ўзбекистон ҳукуматининг АҚШ ва Ғарб давлатлари билан муносабатларни яхшилаш томон ташланган қадами сифатида кўрилмоқда.

Ф.Ражабов Олий Мажлис муҳокама қилаётган ҳужжат сиёсий аҳамиятга эгалигини таъкидлади.

Халқаро миграция ташкилотининг Марказий Осиёда одам савдосига қарши кураш дастури раҳбари Екатерина Бадикова Ўзбекистон парламенти бошлаган қонун лойиҳаси муҳокамасини ижобий баҳолади.

“Ўзбекистонда бу муаммони ўрганиш даври якунланиб, муаммони бевосита ҳал этиш ва эҳтимол қонунни қабул қилиш даври бошланди. Бу жуда ижобий ҳолатдир”,– деди Екатерина Бадикова.

Унинг таъкидлашича, Марказий Осиё аҳолисининг ярмини ташкил этаётган ўзбекистонликлар орасида одам савдоси қурбонларига айланганлар кўпроқдир.

“Сўнгги уч йил ичида биз унча кўпчилик одамга ёрдам кўрсата олганимиз йўқ. Лекин биз ёрдам кўрсатган юзлаб аёллардан ҳар бири ўзи қочиб қутилган жойда ўзига ўхшаш 8 тача аёл қолганини айтади. Шунда келиб чиқадиган бўлсак, маълум бўлган бир ҳолатга номаълум қолган 6-8 ҳолат тўғри келмоқда. Мажбурий меҳнатга мажбурланаётган ўзбекистонлик эркакларга келсак, бизга фақат йигирма ҳолатдан биттаси маълум бўлиши мумкин”,- деди Екатерина Бадикова.

Унинг сўзларига кўра, одам савдосига қарши кураш учун кенг қамровли чоралар кўрилиши керак, бунинг учун эса мукаммал ишланган қонуний асослар лозим бўлади.

Одам савдоси билан шуғулланувчи шахсларга нисбатан қаттиқ жазо тайинлаш муаммони бутунлай ҳал этмаслиги ҳам аниқ. Айни пайтда одам савдосининг кўламига қараб мамлакатдаги иқтисодий ва ижтимоий вазиятга баҳо бериш ҳам мумкин.
XS
SM
MD
LG