Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 04:37

Сув тошқини ҳукуматни ташвишга солиб қўйди


Қозоғистон расмийлари Жанубий Қозоғистондаги сув тошқини оқибатида қурбонлар бўлгани ва бу табиий офатдан бир неча миллион АҚШ доллари миқдорида зарар етгани ҳақидаги хабарлар ҳақиқатни яқин эмаслигини билдирмоқда.

Жанубий Қозоғистонда бир неча кун тинмай ёққан ёмғир ва қор эриши оқибатида бу ҳудудда фавқулодда ҳолат эълон қилган эди. Сув тошқини оқибатида 3 мингдан ошиқ аҳоли уйлари ва маъмурий бинолар сув остида қолгани, 2 та йирик кўприк бузилгани, чорва моллари нобуд бўлгани маълум қилинганди. Минглаб кишилар эвакуация қилинган, кўплари эса ўз хоҳишига кўра яшаш жойларини вақтинчалик тарк этишга мажбур бўлган эди.

Жанубий Қозоғистонда юзага келган фавқулодда ҳолат расмийларни ҳам қаттиқ хавотирга солди. Қозоғистон бош вазири Карим Масимов тошқин содир бўлган ҳудудларга ташриф буюриб, вазиятни барқарорлаштириш бўйича назоратни ўз зиммасига олди.

Ҳукумат сув тошқини туфайли аҳоли ўртасида ваҳима кўтарилиши олдини олиш учун одамлар ҳаётига таҳдид яқин орада бартараф этилишини билдирган бўлса-да, баъзи оммавий ахборот воситалари табиий офат оқибатида қурбонлар бўлгани ва миллионлаб долларлик зарар кўрилганини ёзди.

“Озодлик” Қозоғистон Фавқулодда вазиятлар вазирлиги матбуот котиби Наталья Кимдан қурбонлар ҳақидаги маълумотни аниқлаштиришни сўради.

“Ҳозир бир киши ҳалок бўлди. Қурбонлар ҳақидаги саволингизга фақат шуни айта оламан, холос. Бироқ бу киши айнан сув тошқини оқибатида вафот этганми ёки бошқа сабаб туфайлими, ҳозирча номаълум. Табиий офат етказган зарар миқдори ҳам аниқ эмас, бу ҳақда 7-10 кун ичида маълум бўлади”,- деди Н.Ким.

Сув тошқини қурбонлари ҳақидаги хабарлар номаълум кишиларнинг аҳоли ўртасида ваҳима уйғотиш мақсадида қилган иши сифатида баҳоланяпти. Шунга қарамай, ҳозирча ваҳима унчалик кучли эмаслиги аниқ бўлмоқда.

Куни-кеча Қозоғистоннинг кўпгина ҳудудларида ёғиб ўтган қор ва эсган кучли бўрон кўп жойларда катта йўллар ёпилишига ҳам сабаб бўлди. Қор бўрони туфайли 21 февраль куни соат 23дан бошлаб Олмаота-Чимкент трассаси ёпилди. “Ойшабиби” постида 50дан зиёд транспорт воситаси йиғилиб қолгани хабар қилинди.
XS
SM
MD
LG