Линклар

Путин ҳамкасбларига ўз ворисини таништирди

  • Ҳурмат Бобожон

МДҲ мамлакатлари раҳбарларининг Москвада бўлиб ўтган норасмий учрашувида 12 аъзо давлат президентлари қаторида Ўзбекистон раҳбари Ислом Каримов ҳам иштирок этди.

МДҲ раҳбарларининг бу саммити Владимир Путин учун Россия президенти лавозимидаги энг охирги учрашувдир. Шунинг учун ҳам саммит тантанавор кайфиятда ўтди. Учрашув чоғида В.Путин ўзининг бўлғуси вориси Дмитрий Медведевни МДҲ давлатларидан келган ҳамкасбларига таништирди.

“Айнан Д.Медведев билан бирга барча муҳим қарорларни, жумладан, ташқи сиёсатда биз учун муҳим йўналиш ҳисобланган МДҲ бўйича қарорларни ишлаб чиққанмиз. Д.Медведев МДҲ йўналишида Россия олиб борган сиёсат муаллифи ҳамдир. Айнан шунинг учун ҳам бизда инқилобий ўзгариш бўлмайди, Дмитрий Анатолиевич Россиянинг МДҲ сиёсати муаллифи бўлгани учун ҳам бундай бўлмайди”,- деди Владимир Путин.

МДҲ давлатлари раҳбарларининг норасмий учрашувлари одатда конкрет кун тартибига эга бўлмади. Бунақа учрашувларда унинг иштирокчилари ўзлари хоҳлаган масалани кўтариши мумкин.

“Норасмий саммит, бунақа норасмий учрашувлар МДҲ доирасида анъанага айланган. Йилда бир марта, одатда ёз ойларида ўтказиб турилади. Кун тартиби эркин. Истаган масалалар муҳокама этилади”,- деди МДҲ ижроия қўмитаси матбуот вакили.

Қирғизистон президенти Қурманбек Бақиев раислигида ўтган бу сафарги учрашувда Россияда авж олган ирқчилик негизидаги жиноятлар ва ксенофобия муаммоси муҳокамаларнинг марказий мавзуларидан бири бўлди.

Сўнгги икки ой ичида Россияда Қирғизистоннинг саккиз фуқароси, ўзбекистонлик тўрт фуқаро ирқчилик негизида содир этилган жиноят қурбони бўлди.

Қирғизистон раҳбарияти Россия ҳукуматини тобора урчиб бораётган ирқчиликка қарши етарли чора кўришга чақирган эди. Бу галги саммитда сўз олган Россия президенти бундай иллатларга қарши аёвсиз кураш олиб бориш ва жиноятчиларни топишга ваъда берди.

В.Путиннинг айтишича, саммитдан бир кун олдин МДҲ давлатларининг айрим раҳбарлари билан ўтказилган норасмий учрашувларда деярли барча президентлар Россияда кучайиб бораётган ксенофобия ва ирқчилик негизида содир этилаётган жиноятлардан шикоят қилган.

“Биз бундан афсусланиш изҳор этамиз, жиноятчиларни топиш ва уларни жазога тортиш бўйича барча ишни қиламиз”,- деди В.Путин.

Саммитда айрим ижтимоий ва маданий соҳаларда ҳамкорликни кучайтириш таклифлари ҳам илгари сурилди. Россия президентлигига номзод, мамлакат бош вазирининг биринчи ўринбосари Дмитрий Медведев саммит давомида МДҲ давлатларида фавқулодда вазият юзага келган ҳолатларда иқтисодий ёрдам кўрсатиш ва бунинг учун махсус жамғарма тузиш масаласини кўтарди. Д.Медведев фавқулодда вазият юзага келган пайтда ҳамкорлик жуда муҳимлиги ва Москва ана шу йўналишдаги таклифни ишлаб чиқаётганини билдирди.

Шунингдек, Россия томони МДҲ доирасида адабиёт ва маданият соҳаларида мулоқотни кучайтириш таклифини илгари сурди ва В.Путин 2008 йилни МДҲ давлатларида “Адабиёт йили”, деб эълон қилди.

Президент лавозимида сўнгги бор МДҲ саммитида қатнашаётган В.Путин ўз ҳамкасбларига сўнгги саккиз йилда бирга иш олиб боргани учун миннатдорлик изҳор этди.

“Муаммоларимиз етарлича эканига қарамай, кераксиз зиддиятлар олдини олиш уддасидан чиқа олдик. Биз ҳар доим барча давлатлар учун ечим топишга ҳаракат қилдик”,- деди Россия президенти.
XS
SM
MD
LG