Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 06:56

“Қўлида гармони билан” элга танилган санъаткор


Хоразм халқ қўшиқлари ижрочиси Ирода Искандарова ўтган асрнинг тўқсонинчи йилларида Ирода халфа номи билан танилди. ”Қўлимда гармоним билан қўшиқ айтиб элга танилгани”ни айтади Ирода.

-
Биринчи қўшиғим “Эрка қизлар, чаққонлашиб келинглар”, деб номланади. Бу аëллар базмида айтиладиган қўшиқ. Телевизорда биринчи марта шу ашула билан чиққанман. Яна “Қошлари қаламлар, биздан сизга саломлар”, Ожиза сўзи билан айтилган “Еринг жилмасин”, “Кўзингдан айланай, ëндираверма” номли ашулаларим ҳам машҳурликка эришган.

Эрка қизлар, чаққонлашиб келинглар,
Кўрайлик бу тўйнинг томошасини,
Бу тўйларда яхши хизмат этинглар,
Ҳамма кўрсин тўйнинг томошасини.

Аммо Ирода Искандарова кейинчалик замонавий оҳангларда қўшиқ куйлай бошлади.

“Чунки замон талаби шу ва эстрада ривожланиб кетди. Мен ўзимизнинг халфачиликни эстрада йўналишида куйлай бошладим. Ҳозир ҳам Ожизанинг сўзлари билан хонлик даврида айтилган ашулаларни эстрада йўналишида куйлаб келяпман”,- дейди И.Искандарова.

Ирода Икандарова Хива хони ҳарамида ашула айтган шоира аëл Ожизани ўзининг маънавий устози, деб билади.

“Онамнинг устози хонқалик Анабиби Собирова. У Ожиза шогирдининг шогирди бўлган. Онам ундан кўп нарсаларни ўрганган. Унинг айтган кўп ашулаларини ëздириб қўйган. Ҳозир биз уни уйда сақлаб қўйибмиз. Биз бу ашулаларни оранжировка қилиб чиқарамиз. Халқ бу ашулаларни яхши қабул қиляпти”,- дейди Ирода халфа.

Ирода Искандарова Хоразмнинг Хонқа туманидан. Эл орасида хонқаликлар ҳақида турли мутойиба гаплар юради. Бу гаплардан бири хонқаликларнинг хасислиги ҳақида. Хон даврида Хонқага тўйга борган Ожиза халфага гонорар сифатида учта ошқовоқ беришган экан. Кейин Ожиза буни қўшиққа солибди.

-
Ожизанинг “Полов кади”, деган ашуласи бор (кади - қовоқнинг хоразмча айтилиши). Ундан ташқари, йигитлар юрадиган қизини ҳам “кади” дейди. Энди ошқовоқнинг ҳам турлари кўп. Шундан келиб чиқиб Ожиза ашула айтади:

Кечқурун бораман, деб пешинда бордим,
Холва салат билан оқшомлаб қолдим.
Ярим кечадан сўнг пушаймон бўлдим,
Ҳеч ким Хонқалига меҳмон бўлмагай.

Мен бу ашулани айтганимда “Хонқалига” сўзи ўрнига “ақлсизга” сўзини қўйдим. Аммо буни бир концертда устозим эшитиб нимага ўзгартирдинг, деб сўради. Мен бу сўз ҳозирги шароитда тўғри келмаслигини айтдим.

Хоразм халқ лапарларида баъзан уятсиз жумлалар ҳам учрайди. Ирода халфа бу ҳолатни маъқулламайди.

“Фикримча, бунақа ашулаларни айтиш керак эмас. Чунки ëшлар ашуламиз таъсирида катта бўлади. Уятсиз гапларни айтиш уларнинг тарбиясига ëмон таъсир кўрсатади. Одам қувонганда, қайғуга тушганда ашула эшитади. Биласизми, баъзан хизматларга борганимизда оналар ҳақида ашула айтсам, одамларнинг кўзларига ëш келади”,- дейди Ирода Искандарова.

Кейинги пайтда Тошкентдаги баъзи рэп гуруҳлари хоразмча лапарларни айтмоқда.

“Мен бундан қувонаман. Хоразм санъати шунчалик кучли эканки, хоразмча ашула айтишади. Рэппер бўлиб туриб хоразмча сўзни қўшганидан фахрланиш керак. Демак, уларга шу ашулалар ëқади”,- деди И.Искандарова.

Ирода халфа исми ўтган асрнинг 90-йилларида машҳур бўлиб, кейин бир унутилгандай бўлди. Бунга сабаби нима?

-
Турмушга чиққанимдан кейин менга рухсат беришмади. Агар мен турмушга чиқмасдан халфачиликни давом эттирганимда, балки ундан ҳам яхши бўлармидим. Лекин мен бировга ҳавас ҳам қилмайман, ҳасад ҳам қилмайман.

Ирода халфа Германия ва Ҳиндистонга бориб, ўзбек санъатини тарғиб қилганини фахрланиб гапирди.

“Германияга Ўзбекистон элчихонасида бўлиб ўтган Ўзбекистон мустақиллиги кунларига бордим. Худога шукур, санъатим ҳаммага ëқди. Ўзим сафарларга чиқишни ëқтираман. Кейин Ҳиндистонга бориб келдим. Қизиқарлиси шу бўлдики, Хоразм лазгисини айтганимда ҳамма рақсга тушди. Мен шу ëққа бориб, улар бу ашулани тушунмаслигига қарамай, уларни шу ашулага ўйнатиб келганимдан фахрланаман. Қолаверса, мен жонли ижро қилдим”,- деди Ирода халфа.

Ирода фонограмма билан қўшиқ айтиш масаласида ҳам ўз фикрини билдирди.

“Мен катта стадионларда фонограммадан фойдаланиш керак, деб ўйлайман. Чунки у ерда етириб бериш қийин. Тўйларда, масалан, ҳамма жонли айтади. Янги чиққан ëш санъаткор бўлса, тўйга ўзининг мусиқачилари билан бориб хизмат қилади. Ҳозир шунақа бўлган. Фонограммадан телевидениега тасвирга олишда ҳам фойдаланилади. Тўйларга борганимда мендан сўрашади. Доира билан микрофонда талабларга биноан айтаман”,- дейди Ирода халфа.
XS
SM
MD
LG