Линклар

Шошилинч хабар
16 апрел 2024, Тошкент вақти: 23:21

Сайрам театри “Ревизор” билан танишди


Қозоғистондаги Сайрам ўзбек драма театри Гоголнинг “Ревизор” асарини саҳналаштирди. Спектакль премьераси ўтган йилнинг сентябрь ойида бўлиб ўтди. Айни кунда спектакль ҳар ойда бир неча марта саҳнага олиб чиқилмоқда.

Аммо театр раҳбарияти Қозоғистондаги ўзбек тoмошабини “Ревизор” асарини ҳазм қилишга ҳозирча тайёр эмас, деган хулосага келганини айтади театр раҳбари Зокир Мўминжонов.

“Бизнинг томошабинларимиз тайёр эмас экан. Биз “Ревизор”ни актёрларимиз учун мактаб бўлсин, улар рус классикасидан баҳраманд бўлсин, деб саҳналаштирдик. Мутахассислар, бошқа театр режиссёрлари кўрди. Бунақа катта асарга қўл урганимизга яхши муносабат билдиришди. Бироқ камчиликларимиз ҳам кўп. Шунга қарамай, рус классикасини саҳнада кўрсатиш иштиёқимиз, айниқса, қишлоқ ҳаётида саҳналаштиришимиз яхши баҳосини олди”,- дейди З.Мўминжонов.

У “бизнинг томошабинлар бу спектаклга тайёр эмас”, деган сўзларини ҳам асослашга уринди.

“Бугунги кун томошабинига кулгу, комедия керак. Кўпроқ ўзимизнинг ҳаётимизга оид бўлган нарсалар керак. Бизнинг қишлоқ шароитида одамлар ҳали тайёр эмас экан. Мана, мактабларнинг юқори синфларида Гоголни ўтишади. Биз юқори синф ўқувчилари ва ўқитувчилар қизиқиш билдиради, деб ўйладик. Аммо улар ҳам қизиқиш билдирмади. Биз ўз ишимизни зўр, деб мақтамаймиз. Аммо зиёлилар ҳам келиб кўриши мумкин эди”,- дейди З.Мўминжонов.

Унинг сўзларига кўра, театрдаги кўпгина актёрларнинг бундай жиддий асарни ижро этишга тайёр эмаслиги ҳам ачинарли ҳиссиёт уйғотган.

“Актёрлар етишмади. Бор актёрларимиз уни уддалай олмади. Режиссёр шунақа ечим қабул қилди. Иккинчи даражали қаҳрамонларни саҳнага чиқармай қўя қолди”,- деди З.Мўминжонов.

“Гарчи Гоголнинг “Ревизор” асарида жамиятдаги баъзи иллатлар акс эттирилган бўлса-да, биз бу иллатлар бугунги амалдорларимизга хос эканига шаъма қилсакда, спектаклнинг кейинги намойишига маҳаллий амалдорлар томонидан ҳеч бир тақиқ бўлмади”,- дея давом этди театр раҳбари.

“Сайрам” драма театрида “Ревизор” спектаклини томоша қилган мустақил журналист Улуғбек Ҳайдаров ҳам ўз фикрлари билан ўртоқлашди.

“Гоголь ўз давридаги ҳокимлар, амалдорлар порахўрлигини, коррупцияни кўрсатиб берган. Ўзбекистонда бугунги кундаги вазиятни кўрсатиб бераётгандай бўлди. Кейин мен спектаклни саҳналаштирган режиссёр билан суҳбатлашдим. Унинг айтишича, бир вақтлар Тошкентда ишлаганида унга “Ревизор”ни саҳналаштиришга рухсат беришмаган”,- деди У.Ҳайдаров.

1998 йилда Хоразмдаги Огаҳий номидаги театрда ҳам “Ревизор” асари саҳналаштирилган, аммо вилоят ҳокимининг ўша пайтдаги ўринбосари Ботир Раҳимовнинг буйруғи билан спектакль репертуардан олиб ташланганди. Театр директори, драматург Қурбонбой Матризоев эса сал ўтмай қамоққа олинганди.
XS
SM
MD
LG