Линклар

logo-print

Кадрлар алмашинуви нимадан дарак?

  • Абдулла Искандар

Қадим шахмат худоси.

Қадим шахмат худоси.

“Қурултой” дастурининг “Ўзбекистондаги сўнгги кадрлар алмашинуви нимани билдиради” мавзуидаги бу галги сонида Ўзбекистондан сиёсатчи ва профессор Суҳбат Абдулла, Қозоғистондан профессор, таҳлилчи Ботир Норбоев, ҳозир Францияда яшаётган сиёсатшунос Камолиддин Раббимов, Ўзбекистон Миллий банкининг ўз исмини ошкор этишни истамаган собиқ ходимаси иштирок этади.

Шунингдек, унда “Ўздонмаҳсулот” компаниясининг собиқ раҳбари Олим Отаев билвосита қатнашади.

Олим Отаев: Агар бу ўзгаришлар ҳозирги боришда борса, анча соғломлашади. Агар шу ҳолатда яна тўхтаб қолса, барибир ҳеч нарса ўзгармайди. Бу Ўзбекистон бўйича вазиятнинг 3,5 фоизини ташкил этади.

Озодлик: Президент сайловидан кейин бир неча кадрлар ўзгариши амалга оширилди. Қарийб 15 йил Олий Мажлис раиси бўлиб келган Эркин Халилов, 1999 йилдан бери Хоразм вилояти ҳокими бўлиб келган Ислом Бобожонов ҳамда Ўзбекистон бош прокурори ўринбосари Анвар Набиев ўз лавозимидан четлатилди.

“Ўзбекистон бош прокурори ўринбосари Анвар Набиев, биздаги маълумот бўйича, ҳибсга олинган. Бу ҳақда бизга ишонарли одамларимиз айтган. Нима учун ҳибсга олингани ҳозирча номаълум. Бу ҳақда ҳеч қандай маълумот айтилмаяпти. Аммо манбамизнинг сўзига кўра, А.Набиевнинг ишига қаттиқ киришилган”,- дейди Ўзбекистондаги “Озод овоз” ташкилоти вакили Улуғбек Бобоқулов.

Озодлик: Эслатиб ўтамиз, Анвар Набиев Андижон воқеалари юзасидан ўтказилган судда асосий қораловчи сифатида қатнашган эди. Сўнгги кунларнинг яна бир янгилиги Хоразм вилояти ҳокимининг лавозимидан четлатилишидир. Суҳбат Абдулла, мана, президент яқинда Хоразмга бориб ҳоким алмаштирди. Сиз шунинг тафсилотлари билан ўртоқлашсангиз.

Суҳбат Абдулла: Биласизми, мен буни аввал ҳам айтганман, Ислом Бобожонов шундай кадрки, унинг иқтидори бир туманни бошқаришга етади. Уни кўтар-кўтар қилиб, вилоятга ҳоким қилиб қўйишди. Унинг Хоразмга олиб келган энг катта нарсаси Россия ва Қозоғистонга мардикорларни яшин тезлигида юбориш сиëсатини ўтказиш бўлди. У бундан бошқа Хоразмга ҳеч қандай янгилик олиб келгани йўқ. Буни президентнинг ўзи ҳам таъкидлади ва оғриқли нуқталарни беихтиëр тилга олиб ўтди.

Олим Отаев: Бу одамни мен яхши биламан. Бу одам катталарга яқин бўлиб ўтди. Катталарнинг оиласига яқин бўлиб, уларнинг обрўсига анча путур етказиб қўйди. Тамарага, унинг эрига яқин бўлиб туриб, уларнинг хоналари ремонтигача ëрдамлашиб қатнашган бу одам. Кейин Ўзбекистон Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлигидан у ëққа кўтарилиб кетди. Менимча, президентнинг қарори тўғри. Ахир у 5-6 йилдан бери ҳамма ерни яксон қилиб ëтибди. Унинг қаҳрамон бўлишига президентнинг оила аъзолари ëрдам берди.

Озодлик: Ислом Бобожонов ва Шавкат Мирзиëев ўртасида келишмовчилик бормиди?

Олим Отаев: Ҳа, бор эди. Шавкат Мирзиëев президент маъмурияти раҳбарлари билан жуда яқин. Шундай бўлгач, булар алоқани ушлаб туришади. Шу асосда бир-икки марта тушунмовчилик бўлиб қолган. Кейин улар тарқалиб кетишди. Мирзиëев ҳам секин-секин кадрларни жалб қилиб келди. Энди ҳозир бу лавозимдан четлатилгандан кейин у билан ишлаган 4-5 одамни сўроқ қилишяпти. Хабарингиз бор-а?

Озодлик: Ҳа, хабарим бор.

Олим Отаев: Ўшандан, Худо хоҳласа, ҳаммаси чиқади. Сал вақт керак. 1-2 ойнинг ичида бу масалалар очиқ-ойдин чиқиб қолади.

Озодлик: Ўзбекистонда кадрлар алмашишини ким бошқаради: Каримовми ëки бошқа кучли бир шахс борми?

Олим Отаев: Каримовнинг кадрлар масаласи билан шуғулланадиган маслаҳатчиси бор. Бу одам жуда яқин ҳисобланади.

Озодлик: Ким? Крайновми?

Олим Отаев: Бу одам ҳам аралашиб юрарди. Лекин яна бошқа битта инсон бор. Кадрлар масаласини, асосан, Иноятов ҳал қилади.

Озодлик: Бу ишга пул аралашадими? Пора дегандай...

Олим Отаев: Бу бугунгина бўлаëтган нарса эмас-ку.

Суҳбат Абдулла: Мен бир нарсани айтишим керак. Давлатнинг кадрлар сиëсатига тўғри ëндашмоқлиги муҳим масалалардан бири ҳисобланади. Ҳозир эса ҳукумат эшелонидаги олий мансабларда келиб чиқиши куч ишлатар тизимлардан бўлган кадрлар ўтирибди. Ҳатто вилоят ва туман ҳокимлигига келиб чиқиши ИИВ, МХХ ходими ëки шунга яқин бўлган шахслардан тайëрлана бошланди. Кадрларнинг бу тахлитда қўйилиши ҳукумат ва давлат миқëсида қудрат матрицаси шаклини пайдо қилади. Фуқароларнинг адолат ва қонунга нисбатан ишончи сўнади. Қудрат матрицаси эса аста-секин ўз манфаатларидан келиб чиққан ҳолда мулкдорлар ва бизнес оламига ўз босимини ўтказа бошлайди.

Озодлик: Суҳбат ака, бу гапларга бироздан сўнг тўхталамиз. Бизга маълум бўлишича, Ўзбекистонда президент сайлови ўтгандан кейин камида 4 та қудратли шахс лавозимидан четлатилган. Ботир Норбоев, бу ҳақда сизнинг кузатишларингиз қандай?

Ботир Норбоев: Камолиддин Раббимов ҳам, Суҳбат Абдулла ҳам булардан қонуният ахтаряпти. Менимча, Каримовнинг эртага нима қилишини ҳеч ким билмайди. Кадрлар алмашиши, дегани сал кучайган, илдиз отган кадрни олиб ташлаш дегани. Олиб ташлаш учун ҳамиша уларда факт бўлади. Чунки уларнинг ҳаммаси орқасида МХХ ходимлари бўлади. Улар қилаëтган ишларнинг ҳаммасини билиб юради. Қайси бирига кўзи тушиб, олиб ташлаш керак, деган нарса хаëлига келиб қолса, шуни олиб ташлайверади.

Озодлик: Ботир ака, мана Шавкат Мирзиëев, Ислом Бобожонов ва Эркин Халилов халқнинг кўз олдида жуда кўп ëвузликларни амалга оширган шахслар ва бу президент тилидан айтилар экан, олқишларга сазовор бўлмоқда-ку?

Ботир Норбоев: Оддий одамлар нуқтаи-назарида шундайдир. Ҳамманинг кўз ўнгида мана уни олиб ташладим, буни олиб ташладим, дейди. Лекин бунинг ҳаммаси кўзбўямачилик. Сиëсий лўттибозлик. У агар тизимнинг ўзини ўзгартирмаса, ҳеч қанақа янгилик бўлмайди. Эртага 3 ойдан кейин халқнинг кўзини шамғалат қилиб, курсисини мустаҳкамлаш мақсадида яна биттасини олиб ташлайди. Бу ўз курсисини мустаҳкамлаш йўли.

Озодлик: Камолиддин, кейинги бир-икки ой ичида ўзгаришлар қонунияти кўзга ташланяптими? Бу ўзгаришлар тасодифий эмасми?

Камолиддин Раббимов: Бу ҳеч қандай тасодиф эмас. Президентнинг сайловдан кейинги асосий вазифаси ўзига ўриндош тайëрлаш. Шу нуқтаи-назардан Гулнора Каримова ташқи ишлар вазири ўринбосари этиб тайинланди. Бу Каримовнинг кўз остига олиб қўйган шахсларга имконият яратиб беришидир. Каримов ким унинг вориси бўлиши тўғрисида ҳали қарор қабул қилмаган, деб ўйлайман. Лекин у кўз остига олган бир қанча шахслар бор. Мана шу шахсларга максимал имконият яратиб бериляпти ва айни пайтда дунë ҳамжамияти ва Ўзбекистон жамоатчилигининг фикрини ўрганиш жараëни бошланган. Яъни бунга жамоатчилик муносабати қандай бўлади, деган маънода шундай ҳаракат амалга ошириляпти. Лекин бунинг тагида катта қонуният ва ўзининг мантиқлари бор. Нима учун? Агар фавқулодда вазият бўлиб қоладиган бўлса, Ўзбекистон конституцияси бўйича Ўзбекистон президенти вазифасини бажарувчи шахс қонунчилик палатаси депутатларидан бўлиши керак. Қонунчилик палатасида энг авторитет шахс Эркин Халилов эди. Эркин Халилов сиëсий саҳнадан олинишининг бир қанча сабаблари бор. Каримов шахсиятига мутахассислар томонидан аниқ баҳо берилган. Каримов русчасига айтганда “предсказуемой” шахс. У жамиятга ва атрофидагиларга бир қанча сигналлар беради. Шунинг учун Каримовнинг қилаëтган хатти-ҳаракатлари хаотик эмас. Бу келажакда бўладиган катта сиëсий лойиҳалар учун вазиятнинг шакллантириб борилишидир.

Озодлик: Қандай сиëсий лойиҳалар?

Камолиддин Раббимов: Умуман олганда, президентнинг олдида иккита муаммо бор. Биринчиси, ўриндош, иккинчиси, Ўзбекистондаги ижтимоий-иқтисодий вазият. Ижтимоий-иқтисодий вазият бу яқин ўртада мўътадил аҳволга келиши мумкин эмас. Чунки бунинг учун ҳеч қанақа замин, ресурс йўқ. Ўзбекистонда ялпи ички маҳсулот 2-3 баробар ошса, ижтимоий барқарорлик бўлади. Яқин 5-10 йил ичида бундай вазиятни кутиш мумкин эмас. Ўриндош масаласида эса уни тайинлаш, шакллантириш ва ҳокимиятга ўрнатиб, унинг ҳокимияти мустаҳкамланишида иштирок этиш.

Озодлик: Кейинги пайтда Тошкентда ва Интернет саҳифаларида Шавкат Мирзиëевнинг ишдан олингани ва ўрнига Рустам Азимовнинг тайинлангани тўғрисида миш-мишлар тарқалди. Ҳозир биз билан алоқада у билан ишлаган банк ходимаси. Сизнингча, у Шавкат Мирзиëевнинг ўрнига келса, ундан бир ëруғлик чиқадими?

ЎМБ собиқ ходимаси: Назаримда, агар Каримов президент ва Рустам Азимов бош вазир бўлиб қолса, Р.Азимов Каримовни норози қиладиган кичкина қадам бўлса ҳам қўймайди.

Камолиддин Раббимов: Демак, Ўзбекистонда ҳеч қандай ўзгариш бўлмайди, деган гап бу.

Озодлик: Йўқ, ўзгаришлар бўляпти. Мана, ишдан олиб ташлашлар ҳам ўзгариш-ку!

Камолиддин Раббимов: Бу ўзгаришлар Каримов учун шахмат ўйнаëтганда доналарни суришдай гап.

ЎМБ собиқ ходимаси: Ҳақиқатан ҳам принципиал ўзгаришларни кўрмадик. Агар Каримов президентликдан кетмаса ëки унга бирон нарса бўлмаса, мен ўзгаришларни кўрмаймиз, деб ўйлайман. Сиз айтганингиздай, Р.Азимов яхши одам бўлиши мумкин, лекин ҳозирги мавжуд тизим унинг қандайдир бир ижобий қадам қўйишмга йўл қўймайди. Лекин, назаримда, Р.Азимов сиëсатга кирганига ва жуда юқори лавозимларни эгаллаб келаëтганига кўп йиллар бўлди. У бошида қандайдир ижобий идеалларга эга бўлган бўлса, у шу идеаллардан аллақачон воз кечиб бўлган. Чунки яхши одам бўлсангиз Ўзбекистон тизимида сиëсатчи ва Каримовга яқин одам бўлиб қолиш қийин.

Камолиддин Раббимов: Мен ўз фикрларимни айтишим мумкин.

Озодлик: Марҳамат. Мана, Борис Елцин Свердловск обкоми раиси бўлган ғирт коммунист. Вақти-соати етганда демократга айланди...

Камолиддин Раббимов: Бугунги кунда сиëсий ўйин қоидасини шакллантирадиган ягона шахс Каримовдир. Каримов ҳокимиятда бўлар экан, биз ҳаттоки Г.Каримованинг ҳам, Р.Азимовнинг ҳам ички позицияларини била олмаймиз. Чунки бу уларнинг ҳозирги пайтдаги манфаатига тўғри келмайди. Лекин уларга ҳақиқатда ўзларини изҳор қилиш имконияти бериладиган бўлса, кўпгина ўзгаришлар, албатта, бўлиши мумкин. Масалан, максимал даражада иқтисодий эркинлаштирув, айни пайтда сиëсий авторитаризм сақланиши билан характерланган сиëсий режим тенденциялари кейинчалик кучайиши мумкин, агарки бу шахсларга имконият берилса. Биз фақатгина гипотеза қилишимиз мумкин. Тасаввурларимизни айтишимиз мумкин. Лекин айтилганидек, бугунги кундаги ислоҳотлар техник ислоҳотлардир. Моҳияти ўзгармаган ҳолда уни бажарувчилар ва дунëқараши бир-бирига ўхшаш бўлган шахсларнинг алмаштирилиши, ўйин қоидаси ўзгармаëтган бир ҳолатдир. Бу шахсларнинг сиëсий келажаги қандай бўлиши тўғрисида хулоса қилишга эрта. Чунки Каримов ҳали яқин 2-3 йил ичида ҳокимиятда қолади. 1 йилнинг ичида сиëсий вазият изчил ўзгариши мумкин.

Озодлик: Камолиддин, сиз Каримов ўзининг атрофидаги шахсларни куч билан бостиряпти, дедингиз. Бу кучлар кейинчалик отилиб чиқиши мумкин. Мухолифатдаги баъзи Интернет саҳифалари уларни ўркачидан ëғи олинса ҳам бўкирмайдиган туялар, дейишибди. Туянинг ўркачидан ëғи олинса, туя бўкирар экан. Лекин Каримов ҳақорат қилаëтган мулозимлар нега исëн қилмаяпти? Келажакда шунақа исëн бўлиши мумкинми?

Камолиддин Раббимов: Мен сиëсий амалдорлар томонидан исëн бўлиши мумкин, деб ўйламайман. Бугунги кундаги ўзбек амалдорларининг сиëсий маданияти жуда ҳам қизиқ феномен. Лекин айни пайтда ўзининг қўшилмайдиган фикрларини изҳор қилиш мумкин бўлмаган бир вазиятда амалдорлар томонидан қора сиëсий технологиялар ишга солинади. Яъни олий ҳукмдор режаларини барбод қилувчи ҳар хил сиëсий технологиялар бор. Бу сиëсий технологиялар Ўзбекистонда аллақачон кузатиляпти ва бу ҳар доим бўлиб келган. Фақат уни таҳлил қилиб. ўрганиш мумкин, холос.

Озодлик: Мана, Ислом Бобожонов ишдан олинди ва Каримов унинг шаънига жуда оғир гапларни айтди. Булардан биттаси, унинг жиноят олами марказида қолганлиги. Бунга Ислом Бобожонов нега эътироз билдирмади?

Олим Отаев: Ўзбекистонда бу ҳақда умуман ўйлаш мумкин эмас. Ҳатто мени ëки сизни кўчада гапиришга қўрқишади. Телефонда гаплашишга қўрқишади. Чунки ҳамма нарса ëзиб олиняпти, диққат марказда турибди.

Суҳбат Абдулла: Гап шундаки, биз ҳозир кадрларнинг яхши ëки ëмон хусусиятларини таҳлил қилишга киришиб кетдик. Лекин Ўзбекистон каби авторитар давлатнинг, ҳукуматнинг ва сиëсий кадрларнинг ўзига хос қонун-қоидалари бор. Мен қудрат матрицасини бекорга келтирмадим. Сабаб шундаки, бу авторитар тузумда лидер кучайиб кетса, номенклатурани уриб ташлайди. Агар номенклатура кучайса, лидерни уриб ташлайди. Номенклатура қудрат матрицасини юзага келтириб олган. Энди у лидерни уриш мақсадини кўзлаяпти. Улар лидерни уриш режаларини ишлаб чиқаëтгани сабабли Каримов кадрларни алмаштиришга киришди.

Озодлик: Кечирасиз Суҳбат Абдулла. Ислом Бобожонов Каримовни ағдариб ташлаш лойиҳаларига аралашиб қолдими?

Суҳбат Абдулла: Йўқ. Мен авторитар ҳокимиятда охир-оқибат юзага келадиган қонуниятлар ҳақида гапиряпман. Чунки халқдан бир кўтарилиш бўлмагандан кейин бу вазифани номенклатура қўлга ола бошлайди. Шунинг учун лидер истар-истамас ўзига ишончсиз кўринган кадрларни алмаштиришга мажбур. Бу ерда унинг шахсий хусусиятлари эътиборга олинмайди. Унинг қўлида маълум бир қудрат жам бўлганлиги учун уни йўлдан олиб ташлаши керак. Ўзбекистон қаҳрамони, Хоразмда кўп ишларни қилган Ислом Бобожонов ўз-ўзидан шу тарафга оғиб кетиши мумкин. Чунки унинг жиноят оламига бош бўлиб қолгани аниқ эди. Унинг қудасининг, Хоразмда криминал оғалари ҳисобланган битта-иккита шахснинг қамалиб кетиши, бунинг ўз-ўзидан Андижон воқеалари билан боғланиб кетишининг тагида авторитар тузумда рўй берадиган ўз қонуниятларининг инъикоси ëтибди. Шунинг учун И.Бобожонов йўлдан олиб ташланди. Олий мансабда ўтирган бошқа шахслар ҳам худди шу йўлдан боришга мажбур.

Озодлик: Қандай йўлдан?

Суҳбат Абдулла: Қудрат матрицаси орқали режани амалга ошириш йўлидан. Мен бир нарсани хоҳлаган бўлардим: кадрлар алмашиниши давлат сиëсатида оддий жараëнлардан бири, лекин куч ишлатадиган кадрдан кўра мия ишлатадиган кадр иқтидорга келса, давлат учун фойдалироқ бўлган бўлар эди. Бизда эса куч ишлатадиган тизим шахслари олий мансабларга келяпти. Бу кадрлар алмашинувининг энг ëмон тарафи. Саллани олиб кел деса, каллани олиб келадиган шахсларнинг олий мансабларга келиши бир кун ўзининг объектив ва субъектив натижаларини келтириб чиқаради.

Озодлик: Кадрлар ҳар ишга қодирлар, деган эди Сталин. Р.Азимов эртанги ўзгаришлар ҳолатида демократ раҳбарга айланиши мумкинми? Бу киши менда маданиятли мулозимдай таассурот қолдирган.

ЎМБ собиқ ходимаси: Ҳақиқатдан ҳам тингловчиларимизга Р.Азимов ҳақида битта-иккита нарса айтсак, қизиқарли бўлса керак. У ëшлигидан ЎМБни бошқариб келяпти. Кейин молия вазири бўлди, бош вазир ўринбосари бўлди. У уйланган, иккита қизи бор. Маълум маънода бу одамни талантли, деса бўлади. Жуда қобилиятли менежер. Менинг қойил қоладиганим, мен ишлашни бошлаганимда инглиз тилида жуда ëмон гапирарди. 1-2 йилдан кейин жуда яхши гапира бошлади. Банкка ҳафта давомида бир неча марта репетитор келарди. У усталик билан гапирарди. Ўзбекчада ўзбекларга мос қилиб, русчада русларга мос қилиб, Ғарбдан келганларнинг ҳам кўнглини топишга жуда ҳам уста.

Озодлик: Баҳодир Жалолов ва мен Р.Азимов билан учрашганимизда у менга битта картинани кўрсатди. Бу картинада букчайиб ўтирган одамнинг расми бор эди. Айтдики: “Бу Осиë, бу Ўзбекистон. У ҳозир букчайиб ўтирибди. Эртага у қаддини кўтаради ва ғоз туриб дунëга ўзининг кимлигини кўрсатади”.

ЎМБ собиқ ходимаси: Ўша букчайиб ўтирган одам мускулли одам эди. Ўзбекистоннинг аслида мускуллари бор деб, ҳар бир келган хориж делегациясига ўша расмни кўрсатар эди.

Озодлик: Ботир ака, сиз И.Каримов билан бир неча марта учрашгансиз. Бундай мулозимлар Каримовга ëқадими?

Ботир Норбоев: Мен К.Раббимов ва Суҳбат Абдулланинг қонуниятларини эшитдим. Менимча, бу ерда бошқа бир қонуният бор. Мана Самарқанд клани, Тошкент клани, деймиз-ку. У атрофидагиларни ўйнатиб қўйиб, кейинчалик ҳаммасини олиб ташлайверади. Фурқатнинг тўртлиги бор:
“Тўрт эчкини бир лўли, афсун билан ўйнатур”, дейди. Буни унинг учун хафа бўладиган жойи ҳам, хурсанд бўладиган жойи ҳам йўқ. Хоҳлаган пайтда олиб ташлайди, клан билан кланни уруштириб қўяди ва шунинг ичида ўзи нафас олади. Болта тушгунча кунда дам олади, дегандай гап. Сиз айтган букчайиб турган одам - Ўзбекистоннинг бошини кўтариши унга ҳеч ëқмайди. Мен бу одамнинг қилган ишлари...

Озодлик: Қайси одамнинг?

Ботир Норбоев: Каримовнинг. Унинг қилган ишларини Ш.Мирзиëевнинг қилган ишлари билан солиштириб бўлмайди. Ш.Мирзиëев Жиззахда, Самарқандда нима ишлар қилганини у билан ишлаган одамлардан эшитганман. Ҳатто шундай бир муҳит яратганки, шу одамлар ҳам тузук одамлар эди. Мен нега унақа қилади десам, Ўзбекистонда бўлмаса, ишлаб бўлмайди, дейишди. Биттасини уриб ўлдирибди, биттасини отибди, биттасини комбайнга чайнатиб юборибди. Бу қанақа одам ўзи десам, шунақа қилмаса уни ишлатишмайди, дейди. Менимча, ҳамма кадрларнинг орқасидан дело очиб қўйишади. Унинг орқасида МХХ ходими юради ва қилган ишларини делога ëзиб юради. Кейин хоҳлаган пайтида олиб ташлайверади. Зарар беради, деб ўйлайди. Унисидан қўрқади. Мен амалдорларнинг ҳаммаси тил бириктириб Каримовга қарши иш қилишига ҳеч ишонмайман.

Озодлик: Мол аччиғи, жон аччиғи, деган гап бор. Мана, Э.Халиловнинг уйи бузиб ташланди. Энди жон аччиғи бўлиб бир чиқишмайдими?

Ботир Норбоев: Мирсаидовдан бошлаб шу пайтгача ишдан олинганлардан бирортаси бошини кўтариб, гап айтгани йўқ-ку ҳалигача. Буларнинг орқасида шалтоғи бор. Шунинг учун ҳеч нарса қилмайди.

Озодлик: Камолиддин, гап айланиб уруғ-аймоқчиликка бориб тақалди. Яъни кланлар маъносида. Ҳақиқатдан ҳам Ўзбекистонда Тошкент клани, Самарқанд клани, деган нарсалар борми? Улар ўртасида жанг борми? Менимча, бу манфаатдор гуруҳлар жангига ўхшаяпти.

Камолиддин Раббимов: Бунақа термин бор.

Озодлик: Термин бор. Аммо Ўзбекистондаги ҳолат классик терминга тўғри келадими?

Камолиддин Раббимов: Йўқ, классик терминга тўғри келмайди. Чунки бу кланлар яхши структурага солинмаган. Уларнинг тепасида мўлжал оладиган шахслар мавжуд. Масалан, бир вақтлар Исмоил Жўрабековнинг гуруҳи бор эди. Президентнинг кадрлар масаласи бўйича давлат маслаҳатчиси Темур Алимов бор эди. Лекин уларнинг бу гуруҳлари аниқ бир шакл-шамойилга эга эмас. Иккинчи, учинчи қаватларга тушганда уларнинг тарафдорлари бўлган шахслар ўз мўлжалларини йўқотиб қўйишган. Айтмоқчиманки, шунга яқин феномен кузатилади, лекин бу аниқ структура эмас. Макявеллининг бир принципи бор: “Бўлиб ташла ва ҳукмронлик қил”. Яъни уруғларга бўлиб ташлаш ва улар орқали вазиятни баланслаштириб туриш. Мана шунга ўхшаган бир феномен кузатилади. Президент бирор-бир шахсни амалдан олиб ташламоқчи бўлса, айниқса, у президент девонида ишлайдиган шахс бўладиган бўлса, унинг мухолифи излаб топилади ва у президент девонига маълум бир лавозимга таклиф қилинади. Ўша таклиф қилинган шахс ишга келиши биланоқ кимни ғажиб ейишни яхши билади ва у ўз ишини амалга оширади.

Озодлик: Кадрлар ўзгаришининг эртанги кунга таъсири қандай?

Камолиддин Раббимов: Бу Ўзбекистонда бўладиган кейинги президент сайловига тайëргарлик.

Ботир Норбоев: Менимча, Каримов кетмагунча, Ўзбекистонда ҳеч қандай ўзгариш бўлмайди.

Суҳбат Абдулла: Маҳтумқулининг бир шеъри бор:

Энди билдим замонанинг озганин,
Яхшилар ëмондан қоча бошлади.
Фоҳишадан бўлган ҳаромхўр беклар,
Юртни бир ëнидан йиқа бошлади.

Ҳаромхўр бекларнинг келишидан Худонинг ўзи асрасин. Менимча, яхши бўлиб қолса керак.

ЎМБ собиқ ходимаси: Назаримда, йўқ. Лекин келаси ойларда демократияга ўхшаган, аслида бундай бўлмаган қандайдир ҳаракатларни кўришимиз мумкин. Нимага? Ҳаммаси яна ўша хўжакўрсинга.
XS
SM
MD
LG