Линклар

logo-print

Дум ликиллатиш ҳам дипломатия ёки бир фармон сири


Фаридун http://tbn0.google.com/images?q=tbn:g3Ehfj0PHJ6CnM:http://www.visit-tashkent.com/images/tashkent_national_bank.jpg АҚШнинг кўзларини шамғалат қилишга уриниш. Оқсаройнинг Оқ уй учун чиқарган қоғози. Ўзбекистон президентининг 20 февралдаги “Аҳолининг тижорат банкларидаги омонатлари кафолатларини таъминлаш ва шартларини эркинлаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонига худди шундай таъриф бериш мумкин.

Ҳужжатда Ислом Каримов мамлакатдаги тижорат банклари, ҳуқуқ-тартибот ва солиқ идораларидан банк сирини муҳофаза этишни талаб қилган.

“Омонатчидан пул маблағларининг келиб чиқиши ҳақида маълумот ва бошқа ахборотларни талаб қилиш ноқонуний, деб ҳисоблансин, ушбу талабни бузган мансабдор шахслар белгиланган тартибда жавобгарликка тортилсин”,- дейилади фармоннинг 3-бандида.

Президентнинг барча фармонларидаги каби ҳужжатнинг кириш қисмида мазкур фармон аҳолининг банкларга бўлган ишончини мустаҳкамлаш, маблағларнинг банкдан ташқари муомаласини камайтириш, аҳолининг бўш пулларини банкларга жалб қилишни рағбатлантириш мақсадида қабул қилингани ёзилган.

Бироқ унинг биринчи бандиёқ ушбу сўзларни инкор этади. Унда айтилишича, банклар аҳоли маблағларини фақат 2008 йил 1 апрелдан 2009 йил 1 апрелгачагина тасдиқловчи ҳужжатлар талаб қилмасдан омонатларга қабул қилишга мажбур.

2009 йил 1 апрелдан кейинчи? Демак, шу санадан кейин банклар қўйилган омонатларнинг келиб чиқиши ҳақида ҳужжатлар талаб қилиши мумкин экан-да?! Фармоннинг мана шу банди президент ва банкларнинг ниятлари самимийлигига шубҳа уйғотади.

Шунингдек, ҳужжатнинг 3-банди ҳам турли гумонларни келтириб чиқаради. Унда банклар, ҳуқуқ-тартибот, солиқ ва бошқа назорат идораларига омонатчилардан ва банклардан пул маблағларининг келиб чиқиши ҳақидаги маълумотлар ва банк сирини ташкил қилувчи бошқа турдаги ахборотларни талаб қилиш қатъиян маън этилган.

Шу каби гумонлар асоссиз эмас, албатта. Бугунги кунда Ўзбекистонда 29 та тижорат банки фаолият юритмоқда. Аксарият банкларнинг таъсисчилари давлат, асосан, Молия вазирлигидир.

Хусусий банклар эса хусусий шахс ва компаниялар томонидан ташкил этилганига қарамай, барибир давлатнинг қаттиқ назоратида. Бундан ташқари, ҳам давлат, ҳам хусусий тижорат банкларининг раҳбарлари ҳуқуқни ҳимоя қилиш идоралари, хусусан, Ички ишлар вазирлиги ва Миллий хавфсизлик хизматига ипсиз боғланган.

Шундай шароитда банк бошқарувчилари бирор мижоз, масалан, мухолифатчи, инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси ёки мустақил журналистнинг омонатлари ёки банк ҳисоб рақамининг аҳволи ҳақида ИИВ ёки МХХга маълумот беришдан бош торта оладими? Бу амри маҳол.

Мана шу нарсалар фармон билан танишган ҳар бир кишини ҳужжатнинг асл мақсади ва келиб чиқиш сабаблари устида бош қотиришга мажбур қилади.

Ўзбекистон Миллий банкида ишлаётган бир манбанинг айтишича, мазкур ҳужжатнинг қабул қилиниши Ўзбекистон ва Ғарб мамлакатлари, хусусан, АҚШ ўртасидаги муносабатларнинг илий бошлаши билан боғлиқ. Маълумки, улар ўз вакиллари орқали Ўзбекистонга инсон ҳуқуқларига риоя этишни тавсия қила бошлади.

“Хусусан, яқинда адмирал Уильям Фэллон ва президент Ислом Каримов ўртасида бўлиб ўтган учрашувда америкаликлар Ўзбекистонда АҚШ ва бошқа Ғарб мамлакатларидан пул ўтказмалари олган фуқароларга нисбатан банк сири қоидалари бузилаётгани масаласини кўтарган. Унда президент ўзини бу ҳақда худди биринчи марта эшитаётгандек кўрсатиб, бемаза банкирларга қарши чоралар кўриб, тегишли фармон қабул қилишга сўз берган”,- деди Миллий банк ходими.

Унинг сўзларига кўра, ушбу учрашувдан сўнг президент девони Марказий банк ва Миллий банкка банк сирига оид фармон матнини ишлаб чиқиш вазифасини юклаган.

Шулардан келиб чиқилса, бу ҳужжат америкаликларни кўзини шамғалат қилиб, тинчлантириш учун қабул қилинган бир қоғоздир. Энди И.Каримов улар олдида бемалол: “Тегишли фармон қабул қилинди, бу масалани яна кўтариш ва у ҳақда қайғуришнинг ҳожат йўқ”, дейиши мумкин.

Тижорат банкларидаги айрим иқтисодчиларнинг таъкидлашича, амалда банк сирига риоя қилиш ҳам, бу соҳада эркинлаштириш ҳам бўлмайди. Чунки баландпарвоз фармоннинг асосий мақсади Ўзбекистонга яна пул ваъда қилаётган АҚШ олдида думини ликиллатишдир.

“Аксинча, Каримовнинг ушбу фармонидан сўнг банклар ҳукумат идораларига фуқароларнинг омонатлари ва банк ҳисоб-рақамлари ҳақида олдингидан ҳам кўпроқ маълумот бера бошласа, ажаб эмас. Чунки президентнинг хатти-ҳаракатлари ҳаммага аён бўлиб қолган: одамлар олдида бир нарсани буюради, яширинча, яъни амалда эса шу нарсанинг аксини талаб қилади”,- демоқда иқтисодчилар.
XS
SM
MD
LG