Линклар

Шошилинч хабар
18 апрел 2024, Тошкент вақти: 16:50

Ғарб ҳали Андижонни унутгани йўқ


Кейинги ойларда Ўзбекистон ва Ғарб ўртасидаги муносабатлар бироз илиқлашаётгандек тасаввур уйғотаётган бўлса-да, Ғарб мамлакатлари Андижон воқеалари юзасидан мустақил текширув ўтказиш талабидан буткул воз кечаётгани йўқ.

Бу воқелар ортидан Ўзбекистонга қарши эълон қилинган санкциялар сўнгги вақтларда аввал юмшатилди, кейин вақтинча бекор қилинди, энди эса уларни қайта тиклаш масаласи ҳам савол остида қоляпти. Бундан ташқари, АҚШ Марказий қўмондонлиги қўмондони адмирал Уильям Фэллоннинг Тошкентда Ўзбекистон президенти Ислом Каримов билан учрашгани ёки 13 май воқеаларидан кейин қамалган айрим ҳуқуқ ҳимоячиларининг баъзилари озод этилгани ҳам “ўзаро келишмовчиликлар” енгилаётганига ишора бўлди.

И.Каримов ўтган йилнинг охирида Европа Иттифоқи ва АҚШга нисбатан гина сақламасликка тайёрлигини очиқ изҳор қилди.

Бироқ яқинлашув томон қилинаётган қимирлашларга қарамай, Тошкент ва Ғарб муносабатлари томирига болта урган омил, яъни АҚШ ва Европанинг Андижон воқеалари юзасидан мустақил халқаро текширув ўтказиш керак, деган позицияси кучда қолмоқда. Ўзаро алоқалар яхшиланиши фонида мустақил текширув чақириқлари ҳақида кўп гапирилмаса-да, ЕИнинг Ўзбекистонга оид сўнгги резолюциясида Брюсселнинг бу ҳақдаги мавқеи аниқ кўрсатилади.

АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси матбуот котиби Молли Стивенсон Вашингтон ҳам ҳозирча мазкур масала хусусида ўз фикридан қайтмаганини билдирди.

“Позициямиз ўзгаргани йўқ. Биз 2005 йил 13 май куни Андижонда рўй берган воқеалар юзасидан мустақил текширув ўтказилишига чақиришда давом этамиз. Яъни бу масала хусусида ўз қарашларимизни сақлаб қолганмиз”,- деди АҚШ элчихонаси расмийси.

Бу позициянинг икки томонлама муносабатларга таъсири ҳақида изоҳ беришдан бош тортган Стивенсон хоним АҚШ Ўзбекистонда турли соҳалар, жумладан, инсон ҳуқуқлари, иқтисодий ва ҳарбий масалаларни қамраб олувчи сиёсат юритишда давом этажагини қўшимча қилди.

И.Каримов ҳукуматини таърифлаганда “репрессив” ва “авторитар” каби сифатларни ишлатадиган АҚШ ва Европанинг бундай ёндашувини “қамчи ва попукқанд сиёсати”, деб аташ қийин.

Лондондаги Шарқ ва Африка университетининг Марказий Осиё бўйича профессори Ширин Акинер буни прагматик ёндашув, деб атайди.

“Менимча, биз гувоҳи бўлаётган ҳолатни ЕИ ва АҚШ томонидан қилинган прагматик қарор, деб аташ мумкин. Улар секин-аста Андижон воқеаларидан кейин Ўзбекистон ҳукуматига нисбатан тутган позициялари хато бўлганини англаб, яна Тошкент ҳукумати билан яқинлашишга интиляпти. Уларнинг бошқа иложи ҳам йўқ. Чунки геосиёсий жиҳатдан муҳим Ўзбекистонсиз улар ўзларининг минтақадаги манфаатларини ҳимоя қилиши қийинлигини тушуниб етди. Албатта, АҚШ юзи шувут бўлмаслиги учун мустақил текширув ўтказиш фикридан қайтмаганини айтиши мумкин. Лекин амалда бу чақирувлар бирор натижа бермаслигини Вашингтоннинг ўзи ҳам яхши билади”,- дейди профессор Ширин Акинер.

Андижон воқеаларини ўргангани Ўзбекистонга киритилган ғарблик ягона тадқиқотчи бўлган профессорнинг таъкидлашича, Европа ҳам, Америка ҳам Марказий Осиёдаги сиёсатида бу минтақа халқларининг нозик табиатини инобатга олиши керак.

Ўзбекистонлик сиёсатшунос Камолиддин Раббимов лондонлик профессорнинг Ғарб давлатлари Ўзбекистонга нисбатан сиёсатини Шарқ удумларига кўра олиб бориши керак, деган фикрига қўшилмайди.

Лекин, унинг фикрича, Ўзбекистонни изоляцияда сақлашдан кўра, унинг ичида бўлиб туриш АҚШ ва Европанинг узоқ муддатли манфаатларига жавоб беради.
XS
SM
MD
LG