Линклар

logo-print

Жамила Ҳожимуродова: “Ўғлимга муддат қўшиб берилишидан қўрқаман”

  • Замира Шукур

http://tbn0.google.com/images?q=tbn:T6DBQFeeCN3QoM:http://www.volyn.com.ua/photos/r-3147.jpg “Озодлик” Ўзбекистон қамоқхоналаридаги сиëсий ва диний эътиқоди учун қамалган маҳбусларнинг яқинлари билан ўтказилаëтган туркум суҳбатларнинг бу галги қаҳрамонининг номи аввалгилари каби жамоатчиликка таниқли эмас.

Халқаро ëхуд маҳаллий ҳуқуқ ташкилотлари унинг қамалишига эътироз билдириб, Ўзбекистон расмий идораларига норозилик мактублари йўллагани ҳам, унинг озод этилишини сўраб, талабномалар жўнатаëтгани ҳам йўқ. Унинг кимлигини, нима учун қамалиб, қамоқда қандай азият чекаëтганини фақат унинг яқинларигина билади, холос. Аммо унинг тақдири бугун Ўзбекистон қамоқхоналарида сақланаëтган минглаб эътиқод маҳбуслариникига уйқаш, бугунги қаҳрамонимиз имон, эътиқод йўлидаги изланишлари учун таъқиб этилиб, тутқунликка ташланган минглаб ўзбекистонлик мусулмонлардан бири.

Суд ҳукмига кўра, “Ҳизб ут-таҳрир” диний оқимига алоқадорлик ва конституциявий тузумга тажовуз қилганликда айбланиб, 7 йил озодликдан маҳрум этилган тошкентлик 35 ёшли Умиджон тақдири ҳақида унинг онаси Жамила Ҳожимуродова ҳикоя қилади.

Жамила Ҳожимуродова: 2001 йилда ҳеч қанақа далилсиз қўлга олинган. Тўғри, чақиб беришлар бўлган бўлиши мумкин. Ўзи ҳам билмаган, тушунмаган тақдирда “Ҳизб ут-таҳрир”га кириб қолган. Бу ўзи илм ўрганмоқчи, динни ўрганиб намоз ўқимоқчи бўлган. Бир марта синглиси касал бўлиб жонлантириш бўлимида ëтган эди. У кунига 2-3 марталаб олдига бориб, хабар оларди. Унинг машинаси йўқ эди. Машина гаплашгани чиқиб кетди ва қайтиб келмади. Кейин билсам, кўчада ушлаб кетишган ва чўнтагига варақа солишган. Милиция бўлимига олиб бориб, иккита фаррошни гувоҳ қилиб, чўнтагидан варақани олишган. Шу ерда у кечирим хати ëзди. Лекин унга қулоқ солишмади.

Озодлик: Неча йил беришди ўғлингизга?

Жамила Ҳожимуродова: 7 йил беришган. 25 майда қамоқ муддати тугайди. Энди қўрқиб ўтирибман.

Озодлик: Нега?

Жамила Ҳожимуродова: Ҳозир шунақа иш бўляптики, арзимаган баҳона билан буларга яна қўшиб беришяпти. Октябрь ойида буларни Бухорога олиб борган. 25 боладан 12 тасини Бухорога, 13 тасини Самарқанд вилоятининг Каттақўрғон туманига олиб боришган.

Озодлик: Нима учун?

Жамила Ҳожимуродова: Буларга кечирим хати ëздириш учун. Қийнаганларини менга айтиб берди. Устларида ҳеч нарса қолдирмай, яланғоч қилиб ечинтиришган ва роса уришган. Оëқларининг таги ëрилиб кетган.

Озодлик: Нимага уришган?

Жамила Ҳожимуродова: Кечирим сўрайсан, деб уришган. Кейин устидан бир челак сув қуйиб яна уришган. Ҳозир бели лат еган. Борганимда белим оғрияпти, деб айтган эди.

Озодлик: Бунчалик қийнашнинг сабаби нима экан? Ë булар кечирим сўрамабдими?

Жамила Ҳожимуродова: Охири мажбур бўлдик, ëздик, деди.

Озодлик: Нима деб ëзишган?

Жамила Ҳожимуродова: Қилган ишларимизга пушаймонмиз, кечирим сўраймиз, деб ëзишган. Йўлимиздан қайтдик, дейишган. Булар энди намоз ўқиши керак-ку. Ҳатто намоз ўқиттиришмаëтган экан. Озгина имо-ишора қилса, нимага бундай қилдинг, деб қийнашаркан. Охирги марта январда борганимда менга айтиб берган эди. Булар айтишибди: “Биз Ҳизб ут-таҳрирдан қайтдик. Биз имондан қайтганимиз йўқ. Биз мусулмонмиз. Имонимиз бор”.

Озодлик: Шу гаплардан кейин яна қийнашганми?

Жамила Ҳожимуродова: Йўқ, октябрда ëмон қийнашган. Кейин биз берадиган передачаларни ҳам чеклаб қўйди. Учрашувга борганимда булар ейдиган овқатларга кўзим тушиб қолди. Сасиган картошка билан моғорлаган карам олиб кириб кетишяпти. Нормадаги овқат берилмас экан.

Озодлик: Бу болани, қамоқ муддати тугаëтган бўлишига қарамай, кечирим сўраттириб, бунча қийнашлари сабаби нимада?

Жамила Ҳожимуродова: 159-модда билан ким қамалган бўлса, ҳаммасига қўшиб беришяпти. Мана, қўшнимизнинг ўғли келаëтган май ойида чиқиши керак эди. Унга 3,5 йил қўшиб беришибди.

Озодлик: Ўғлингизга ҳали қўшишмадими?

Жамила Ҳожимуродова: Йўқ. Менинг қўрқувим фақат шундан.

Озодлик: Ўғлингиз нима дейди?

Жамила Ҳожимуродова: Булар арзимаган баҳона билан яна қўшиб ëзавераркан. Тартибни бузди, деб баҳона қилишаркан ва муддат қўшиб бераверар экан. Қилмаган ишини ҳам буларга қилди, деб мажбурлашаркан.

Эътиқод излаб кирган йўли тутқунлик, Ўзбекистон қамоқхонасидаги қийноқ ва зулмлар билан давом этаëтган Умиднинг панжара ортидаги ҳаëти диний қарашлари учун жазоланган минглаб ўзбекистонлик мусулмонларникидан кўп ҳам фарқ қилмаса, Жамила опанинг етти йилдан бери чекаëтган мусибат ва изтироблари ҳам тақдири панжаранинг бу томонида қолган оналар, келинчак ва аëлларникидан кўп фарқ қилмайди. Жамила опа суҳбат давомида бу дунëда кутаëтгани энг ëруғ кун битта-ю битта ўғлининг бағрига қайтиши эканини айтади.

Жамила Ҳожимуродова: 3 та қизим, биттагина ўғлим бор. Учта қизим ҳам турмушга чиққан. Ҳатто эварам ҳам бор.

Озодлик: Хўжайинингизчи?

Жамила Ҳожимуродова: Хўжайиним вафот этганларига 23 йил бўлди. Битта ўзим 4 та болани боқиб, катта қилиб, уйли-жойли қилдим. Қизларим олиб кетамиз, юринг бизларникига, дейди. Қанақа қилиб бораман? Мен ҳозир Умидга аталган уйда ўтирибман.

Озодлик: Қанақа қилиб тирикчилик қиласиз?

Жамила Ҳожимуродова: Ишлайман. Мактабда ўқитувчилик қиламан.

Озодлик: Мактабда сизга муносабат ëмон эмасми?

Жамила Ҳожимуродова: Йўқ.

Озодлик: Энди ҳаëтингиз ўғлингизни кўрадиган кунгача кун санаб ўтса керак...

Жамила Ҳожимуродова: Ҳа. Кейин ҳаммасидан ҳам оғир зарба невараларимнинг кетиб қолгани бўлди. Умид қамалганида биттаси 2 ëш эди, биттаси 4 ойлик эди. Кўз олдимда катта бўлишди-да энди улар.

Озодлик: Келинингиз сабрсизлик қилдими?

Жамила Ҳожимуродова: Ҳа, шунақа бўлди.

Озодлик: Ўғлингиз келинингиз кетиб қолганини биладими?

Жамила Ҳожимуродова: Ҳа, билади.Унга хабари борган. Чунки у ажрашаман, деб судга берган.

Озодлик: Битта ўзингиз сиқилиб кетганингизда нима қиласиз?

Жамила Ҳожимуродова: Кеча дам олиш кунида уйда ўтирдим. Қизларим телефон қилишарди. Кечгача телефон қилишмади. Ëмон сиқилиб кетдим. Ўғлимнинг катта боласини кўргим келиб кетди. Қизимникига кетаëтганда автобусда шунақа бақириб йиғлагим келди.

Озодлик: Йиғлаб турасизми?

Жамила Ҳожимуродова: Йўқ. Ҳозир мазам қочиб ўтирибман.

Озодлик: Ўзингиз ҳам намозхонмисиз?

Жамила Ҳожимуродова: Беш маҳал намоз ўқийман. Динга жуда чуқур кириб кетган эмасман.

Озодлик: Намоз ўқиб, ибодат қилганингизда кўнглингиз таскин топадими?

Жамила Ҳожимуродова: Ҳа. Баъзан бундай, баъзан ундай.

Озодлик: Ўғлингизнинг олдига қачон борасиз энди?

Жамила Ҳожимуродова: Март ойи охирида икки соатлик учрашувимиз бор. Май ойининг бошида суткалик учрашувимиз бор.

Озодлик: Ўғлингизнинг тақдирини ҳал қиладиган одамларга айтадиган гапингиз борми?

Жамила Ҳожимуродова: Биринчи ўтинчим, муддат қўшмасдан ўз вақтида чиқаришсин. 7 йил ўтирди. У ҳаëтини бошқатдан бошлаши керак. У яқинда 35 ëшга тўлади. Шу болани ҳали суяшим керак. Унга куч-қувват керак. Келгандан кейин то турмушини йўлга қўйиб олгунича, ўзини қаратиб, ўзини тутиб олгунича мен ëнида туришим керак.
XS
SM
MD
LG