Линклар

logo-print

КХШТнинг янги таклифи ҳам қоғозда қолади...ми?

  • Гулнора Равшан

Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти (КХШТ) экспертлари тузилмага аъзо давлатларда ягона виза тартиби ва меҳнат муҳожирлиги ҳудудини тузиш таклифини ўртага ташлади.

КХШТ бош котиби ўринбосари Тўхтасин Бузубоевнинг таъкидлашича, аъзо давлатлар ҳудудларига фуқаролар эркин қатнови ҳамда улар ўртасидаги товар ва пул алмашинувини таъминламай туриб, ташкилотга аъзо давлатлар хавфсиз тараққиётини таъминлаш мумкин эмас. Ташкилотга аъзо давлатларнинг иқтисодий ва сиёсий ҳамкорлиги уларнинг бирлашувига ва таҳдид солувчи ташқи кучлар хавф-хатарларига қарши туришига кўмаклашади.

Тожикистонлик таҳлилчилар ҳам КХШТ экспертлари таклифини ижобий баҳоламоқда ва бу таклифнинг амалга ошишидан, энг аввало, Тожикистон манфаатдор эканини айтмоқда.

“Агар бу таклиф амалга оширилса, ташкилотга аъзо давлатлар билан бир қаторда Тожикистон иқтисодиётининг мисли кўрилмаган даражада ўсишига ишонаман. Албатта, бу биргина Тожикистон эмас, балки қўшни Ўзбекистон учун ҳам фойдадан холи эмас. Бироқ қайд этиш жоизки, КХШТ томонидан ўртага ташланган кўпгина таклифлар қоғозда қолмоқда. Бунга аъзо давлатларнинг тарқоқлиги ва давлат раҳбарларининг ўзаро келиша олмаслиги сабабдир”,- дейди мустақил таҳлилчи Маҳди Собир.

Албатта, тожик таҳлилчиси Ўзбекистон билан Тожикистон ўртасида анчадан буён ҳал этилмай келаётган виза тартибига доир муаммони назарда тутаётганини пайқаш қийин эмас.

Россиялик журналист Дмитрий Перцев МДҲнинг яқинда Москвада бўлиб норасмий саммити мавзуида ёзган таҳлилий мақоласида Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасида виза тартиби бекор қилинмаётганига бир неча сабабларни кўрсатиб ўтган эди.

“Ўзбекистон Евроосиё иқтисодий ҳамжамиятига аъзо бўлиб кирганидан сўнг расмий Тошкент виза тартибини бекор қилиши зарур эди. Ҳатто Ўзбекистон президенти Ислом Каримов ЕИҲга аъзо бўлишдан мақсад ҳам шу эканини таъкидлаганди. Аммо бу мақсад амалда рўёбга ошмади. Чунки ички низолардан сўнг Тожикистон Ўзбекистон исломий ҳаракати, ҳизбчилар ҳамда бошқа диний экстремистик гуруҳлар ўзини эркин ҳис этадиган маконга айланган. Агар чегарадан визасиз ўтишга рухсат берилса, Тожикистон диний экстремистларни экспорт қилувчи мамлакатга айланиши мумкин. Иккинчидан, тожикларда ўзбеклашиш иштиёқи кучли эканини унутмаслик лозим. Виза тартиби жорий этилгунга қадар юзлаб тожиклар Ўзбекистон ҳудудида жойлашиб олишга улгурди. Расмий Тошкент эса уларнинг Самарқанд ва Бухорога оқимидан манфаатдор эмас. Учинчидан эса Тожикистон яширин иқтисодиётининг катта қисмини наркотик моддалар тушуми ташкил этади. Бу мамлакат анчадан буён Ўзбекистон, Қозоғистон, Россия ва Ғарбий Европага қорадори ташиш учун транзит давлатга айлангани ҳеч кимга сир эмас. Шу нуқтаи назардан, Каримов ҳам, ундан кейин келадиган ҳукмдор ҳам тожиклар билан визасиз борди-келдига рози бўлиши қийин. Шунинг учун Имомали Раҳмон ўз муаммоси билан якама-якка қолишга мажбур”,- деб ёзади Дмитрий Перцев.
XS
SM
MD
LG