Линклар

Ўзбекистон узоқ истиқболли лойиҳага эътибор қаратаётгани йўқ

  • Ҳурмат Бобожон

Ўзбекистон Эрон орқали Форс кўрфазига чиқиш имконига эга бўлади. Бу ҳақда Эроннинг расмий ИРНА ахборот агентлиги ва Туркманистоннинг “Замон-Туркманистон” журнали хабар тарқатди.

Хабарда айтилишича, Ўзбекистон Термиз-Мозори шариф-Ҳирот темир йўли лойиҳасини амалга ошириш орқали бунга эришиши мумкин.

Ўзбекистон денгизга икки давлат оша чиқадиган ер юзидаги саноқли мамлакатлардан бири. Ўзбекистоннинг Термиз шаҳридан бошланувчи ва Афғонистоннинг Мозори шариф ва Ҳирот шаҳарларидан ўтиб, Эрон жанубидаги Бандар Аббос портига қадар давом этувчи темир йўл Марказий Осиёдан юкларни Афғонистон ва Эрон орқали денгизга олиб чиқадиган энг қисқа ва иқтисодий жиҳатдан тежамли йўл экани таъкидланади.

“Замон-Туркманистон” журналининг ёзишича, Ўзбекистон шу темир йўл лойиҳасини амалга ошириш орқали денгизга чиқувчи энг яқин йўлга эга бўлиши мумкин.

Аммо “Ўзбекистон темир йўллари” компанияси расмийлари “Озодлик” билан суҳбатда бу лойиҳа яқин келажакда амалга оширилмаслигини айтди.

“Бу узоқ истиқболдаги режа. Бу ҳақда ҳозирча режа сифатида гапириляпти. Бу юзадан конкрет қарор йўқ ҳозирча”,- деди компания матбуот вакили.

Ҳозир Ўзбекистондан юклар Эрон портига, асосан, Туркманистон орқали олиб ўтилади. Бу йўналиш Ўзбекистон ва унинг мижозларига анча қимматга тушмоқда. Эрон Ўзбекистоннинг битта вагонидан фойдаланиш учун кунига 25 доллар тўлаши керак. Нархларнинг пасайтирилиши Эрон ва Ўзбекистон ўртасида транспорт қатнови ҳажмини икки баробар ошириши мумкинлиги айтилаётир. Айни пайтда Афғонистон расмийлари ҳам Термиз-Мозори шариф-Ҳирот йўналишида темир йўл қуриш осон иш эмаслигини эътироф этяпти.

Афғонистон транспорт вазири ўринбосари доктор Вали Расулий бу лойиҳанинг амалга оширилиши минтақа рельефи жиҳатидан ҳам мушкуллигини билдирди.

“Ҳайратондан Ҳиротгача бўлган масофа 1100 километр. Қолаверса, бу тоғли минтақа. Яъни бу ҳудудда 1100 километрга узайган темир йўлни қуриш осон иш эмас. Бу катта маблағ талаб қилади. Бунинг учун камида 3 миллиард АҚШ доллари зарур”,- деди Вали Расулий ва ҳозирча бу лойиҳани амалга ошириш йўлида Ўзбекистон томонидан ҳеч қандай амалий қадам ташланмаганини қўшимча қилди.

Марказий Осиё минтақасини Афғонистон ва Эрон орқали Форс кўрфази билан боғлайдиган шимолий ва жанубий автомобиль ҳамда темир йўл йўлагини биргаликда қуриш масаласи кўп йиллардан бери муҳокама этиб келинади. 2003 йил 18 июнда Афғонистон, Эрон ва Ўзбекистон ҳукуматлари ўртасида уч томонлама шартнома имзоланиб, шимолий ва жанубий йўналишдаги учта устивор йўналиш белгиланган эди. Булар Чахбаҳор-Милак-Дилором-Ҳирот-Шибирғон-Мозори шариф-Термиз-Тошкент йўналиши, Бандар Аббос-Доғарун-Ҳирот--Шибирғон-Мозори шариф-Термиз-Тошкент йўналиши ва Бозаргон-Теҳрон-Машҳад-Доғарун-Ҳирот-Шибирғон-Мозори шариф-Термиз-Тошкент йўналишидир. Бу лойиҳани амалга оширишда уччала давлат ҳам иштирок этиши, Эрон мазкур лойиҳага 2 миллиард доллар миқдорида сармоя жалб қилиши ва Эрон-Афғонистон чегарасидаги Милак кўпригини қайта тиклашда қатнашиши белгиланган эди.

Ўзбекистон “ТРАСЕКА”, “Буюк ипак йўли-2000” лойиҳаларини ишлаб чиқишда ҳамкорлик қилмоқда. Бу йўналишда Ўзбекистон иштирокида Марказий Осиё мамлакатларига Эрон ва Туркия ҳудудлари орқали жаҳон бозорига чиқиш учун янги транспорт йўлини очган “Тажан-Сарахс-Машҳад” темир йўл линиясининг фойдаланишга топширилгани муҳим ютуқ сифатида кўрилади.
XS
SM
MD
LG