Линклар

Эрон расмий Ашхободдан тушунтириш сўраяпти

  • Ҳурмат Бобожон

Теҳрон ҳукумати эронлик ҳайдовчининг Туркманистонда милиция ходимлари томонидан ваҳшийларча калтакланиши юзасидан Ашхобод ҳукуматидан тушунтириш сўрамоқда.

Эрон Ташқи ишлар вазирлиги расмийси Ҳусайн Мардининг “Озодлик”ка билдиришича, Туркманистон элчиси вазирликка чақиртирилган.

“Биз эронлик ҳайдовчининг Туркманистонда майиб-мажруҳ бўлгунча калтаклангани юзасидан хавотир билдирдик ва ҳолат тергов қилинишини талаб этдик. Ҳозир ҳайдовчининг аҳволи ниҳоятда оғир”,- деди Эрон расмийси.

ИРНА ахборот агентлиги хабарига кўра, 17 февраль куни эронлик 60 ёшли юк машина ҳайдовчиси Ашхободда юк машиналари ҳайдовчилари учун мўлжалланган меҳмонхонадаги гигиеник ҳолатдан шикоят қилганидан сўнг калтакланган. Шундан сўнг 300дан зиёд ҳайдовчи шу ернинг ўзида бу ҳолдан норозилик билдирган. Улар туркман милициясини эронликларни камситишда айблаган.

Эрон Ташқи ишлар вазирлиги расмийси Ҳусайн Марди Туркманистон қамоқхоналарида ҳам эронлик маҳбуслар камситилаётгани ва турли таҳқирлашларга дучор бўлаётганидан ташвиш билдирди.

“Қамоқдаги эронликларга нисбатан ҳам қўпол ҳаракатлар қилинмоқда. Бу юзадан Туркманистон ҳукумати тергов ўтказилиши ва натижалари ҳақида бизни хабар қилиши керак. Бу уларнинг зиммасида”,- деди Ҳусайн Марди.

Эроннинг ушбу айбловига Туркманистон томонидан бирор муносабат бўлгани йўқ. Айни пайтда Эрон расмийлари Ашхобод томонидан бундай жавоб бўлмаса ҳам ажабланмаслигини айтмоқда.

Сўнгги ҳолат эрон-туркман муносабатлари совуқлашганининг яна бир белгиси ўлароқ кўрилмоқда. Йил бошида Туркманистон Эронга газ беришни тўхтатгани ва Ашхобод газ нархини икки баравар ошириши икки давлат ўртасидаги муносабатларда совуқчилик юзага келтирган эди. Ўшанда Теҳрон ҳукумати Ашхободни “ноинсофлик”да айблаган эди.

Икки давлат муносабатлари Туркманистон 1991 йилда мустақилликка эришганидан то шу йил бошига қадар жуда яхши эди. Ҳозир икки давлат ўртасида ишлаётган ягона газ қувури Туркманистонда Сапармурат Ниёзов президентлиги даврида, асосан, Эрон пулига қурилганди.

Туркманистоннинг ҳозирги раҳбари Қурбонқули Бердимуҳаммедов эса Ғарб билан муносабатларни яхшилаб, туркман газининг Каспий денгизи орқали Европага чиқишини таъминловчи транскаспий лойиҳасини амалга оширишга урғу бераётир. Бир ой олдин Эрон Туркманистонни Ғарб ҳукуматлари, хусусан, Вашингтон пинжига кираётганликда айблаган эди.
XS
SM
MD
LG