Линклар

Швецияда ўзбек журналистикаси муаммолари муҳокама қилинди

  • Абдулла Искандар

Швеция пойтахти Стокгольмда “Ўзбек журналистикаси муаммолари ва Алишер Соиповнинг ўлдирилиши” мавзуида анжуман бўлди. Анжуман “Чегара билмас мухбирлар” ташкилоти томонидан уюштирилди.

Анжуманга Лондондан етиб келган мустақил журналист Шоҳида Ëқуб бу тадбир умуман олганда Ўзбекистондаги сиëсий вазиятга бағишланганини айтади.

“Анжуманнинг асосий қисми Қирғизистоннинг Ўш шаҳрида ўлдирилган А.Соиповга бағишланган. Менимча, бу анжуманда икки асосий журналист иштирок этади. Бу мен ва Элин Жонсон. Элин 1992 йилда Ўзбекистонга келиб, ўша ерда кўп ишлади. Ўзбекистонни яхши билади ва А.Соиповни шахсан танийди. Умуман олганда биз Ўзбекистон журналистикасида Андижон воқеаларидан кейинги вазият ҳамда А.Соиповнинг ўлими, терговнинг бориши ҳақида гапирмоқчимиз”,- дейди Шоҳида Ёқуб.

Швециядан жуда кўп журналист сиëсий бошпана олган. Ана шундайлардан бири тошкентлик Наталья Бушуевадир.

“А.Соиповнинг ўлими мен учун кутилмаган ҳол бўлди. Журналистлар тазйиққа олинишига ўрганиб қолган эдик, аммо журналистнинг жисмонан йўқ қилиниши даҳшат. Биласизми, айтган гапи, ëзган мақоласи учун журналистни ўлдирадиган режим даҳшатли режимдир. Мен бугунги анжуманда шу ҳақда тўхталишни истар эдим. Бу тузумни Сталин даври билан муқояса қилиш мумкин. Ўзбекистон журналистларсиз мамлакатга айланган ва бу оқибат учун тузум айбдор”,- деди Н.Бушуева.

“Немис тўлқини” радиоси мухбири Н.Бушуева Ўзбекистондаги тазйиқлардан қочиб, Швециядан бошпана олган ўнлаб ўзбек журналистларидан биридир.

Андижон воқеаларидан кейин Ўзбекистонни тарк этган журналист, анжуман иштирокчиси Қудрат Бобожон Стокгольмдаги тадбирни ўтказишга узоқ тайёргарлик кўрилганини билдирди.

“Бу анжуман 3 марта қодирилди. 13 февралда бўлиши кутилаëтган эди. Маълум сабабларга кўра бугунга кечиктирилди. Бунга швед жамоатчилигининг эътибори, деб қараш мумкин”,- деди Қ.Бобожон.

Унинг айтишича, Ўзбекистондаги матбуот эркинлиги аҳволи халқаро жамоатчилик томонидан муҳокама қилишга арзийди.

“А.Соипов ўлимининг швед жамоатчилиги томонидан хотирланиши ўзбек журналистикаси ва у учраган жудоликка бўлган эътиборни билдиради”,- дейди Қ.Бобожон.

Н.Бушуева эса Ўзбекистон жамиятидаги таназзулнинг ягона давоси эркин сўз экани, “эркин сўз айтилмаган ëпиқ муҳитда пировардида портлаш юз бериши”ни таъкидлади.

Анжуман иштирокчилари Қирғизистон ҳукуматига мактуб йўллаб, Алишер Соипов қотилларини топиш ишларини тезлаштиришни сўради.
XS
SM
MD
LG