Линклар

Ўзбек болалари Қозоғистонда ҳам эксплуатация қилинади


Қозоғистонда болалар меҳнатининг энг хунук кўринишлари мавжуд. Бу ҳақда “Интеллектуал меҳнат билан шуғулланувчи аёллар уюшмаси” жамоатчилик ташкилоти Халқаро меҳнат ташкилоти кўмагида чоп этилган “Қозоғистонда болалар меҳнати: аҳолини хабардор қилиш” китоби тақдимотида маълум қилди.

Уюшма тадқиқотлари Жанубий Қозоғистоннинг Мақтаорол туманида ёш болалар 6 ёшдан пахта даласида меҳнат қилишини кўрсатган.

“Озодлик” билан суҳбатлашган мақтаороллик Қаламқош исмли ўсмир туманда болалар меҳнатидан фойдаланиш бор экани, лекин болаларни ҳеч ким ишлашга мажбур қилмаслиги, улар ўз хоҳиши билан ота-онасига ёрдам бериш учун далага чиқишини билдирди.

Интелектуал меҳнат билан шуғулланувчи аёллар уюшмаси келтирган яна бир маълумотга кўра, Қозоғистон бозорларидаги қора ишларда ҳам ёш болалар меҳнатидан фойдаланиш мавжуд ва бундай болаларнинг энг кичиги 7 ёшда.

Хельсинки инсон ҳуқуқлари қўмитаси Олмаота ваколатхонаси раҳбари Нинель Фокина бундан тахминан 2 йил аввал Қозоғистоннинг деярли ҳар бир ҳудудида болалар меҳнатидан оммавий равишда фойдаланилгани, аммо ҳозир бу муаммо долзарблигини йўқотганини таъкидлади.

“Қозоғистонлик болалар пахта далаларида, тамаки плантацияларида ҳамда деҳқон бозорларидаги қора ишларга жалб қилинган бўлса, ҳозирги кунда маҳаллий иш берувчи улар ўрнига бошқа ишчи кучини топди. Сўнгги йилларда бизда кам ҳақ тўланадиган қора ишларни, асосан, Қирғизистон, Ўзбекистон ва Тожикистондан келган мардикорлар бажаряпти. Бироқ бу ҳолат қозоғистонлик ёш болаларни меҳнат эксплуатациясидан озод қилди, деб суюнишимизга эрта”,- дейди Н.Фокина.

Инсон ҳуқуқлари халқаро бюроси Олмаота ваколатхонасининг болалар меҳнатига қарши кураш лойиҳаси мутахассиси Роза Оқилбекова нега суюнишга эрта эканини изоҳлар экан, эксплуатация қилинаётган болаларнинг аксарияти муҳожирларнинг болалари эканини билдирди.

Андижонлик Зафар Олмаота 14 йилдан бери ишлайди. У Андижонга борганида юртдошлари келиб, ундан 15-16 ёшли болаларини Қозоғистонга бирга ишга олиб кетишни илтимос қилишини айтади.

“Одамлар фарзандлари бир-икки сўм топиб келишидан умидвор. Албатта, улар қора ишларда ишлайди. Қозоғистонлик иш берувчи учун бола вояга етмагани, уни ишлатиш қонунга зидлигининг қизиғи йўқ. У фақат иши битишини истайди”,- дейди Зафар.

Унинг сўзларига кўра, у ҳам иш берувчиларни алдаб, болаларнинг ёшини 18-19да, деб айтади. Чунки бошқа илож йўқ. Ота-оналари иложсизликдан бундай болаларни пул топишга жўнатган-да.

“Бу йил қишда водийдаги аҳволни кўрдингизми? Моллар совуқда ўлиб қолган, уйда емиш йўқ, кўчада иш йўқ. Печкага ўтин йўқ, одамлар қийналган. Ҳозир хотинлар арава судрагани чиқяпти кўчага. Бу яхшиликдан эмас-ку... Борсак, онаси йиғлаб чиқади, ука, олиб кетинг, пул тўламасангиз ҳам шогирд бўлсин, деб. Йўқ, опа, дейман. Чунки 13-15 ёшли болалар. Бу ерда вояга етгандан кўра вояга етмаганнинг ғалваси кўп бўлади”,- дейди Зафар.

Унинг таъкидлашича, олиб келиш харажатларини унинг ўзи бўйнига олса, болаларга 150 доллардан ҳақ беради. Баъзилари 200-400 долларга ишлайди. Уларнинг ёшига эмас, ишига қараб ҳақ тўлайди.

“Водийда ёши катталар ҳам 150 доллар топа олмайди. Ҳозир ҳар куни қўнғироқ бўлади: 6 кишимиз, 7 кишимиз, олиб кетинг! Битта амаким заводда ишлайди. 8 ойдан бери ойлик бермайди, дейди. Ҳар ой маош ўрнига 10 минг сўм ва оқ ёғ бераркан. 10 минг сўмга икки кило гўшт ҳам ололмайсиз”,- дейди Зафар.
XS
SM
MD
LG