Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 21:59

Ҳаётини узайтириш қариялар учун ҳам кеч эмас


Ўз саломатлигингизни яхшилаш учун соғлом турмуш тарзига амал қила бошлаш ҳеч қачон кеч эмас, демоқда олимлар. Улар ҳатто кексалар ҳам соғлом турмуш тарзи орқали умрини янада узайтириши мумкинлигини айтаётир.

Одатда аёллар эркаклардан узунроқ ҳаёт кечиради ва 90 ёшга етиш эҳтимоли хотинларда кўпроқ бўлади.

90дан ошган эркаклар камлиги боис, бунинг сабабларини ўрганиш ҳам осон бўлмади. Лекин Бостон университети олимлари 970 нафар шундай оқсоқолни топиб, уларнинг 90 ёшга етиши сабабларини ўрганди ва уларнинг баъзи хулосалари оламшумул бўлди.

70 ёшни қаршилаган қариянинг 90га кириши учун энг асосий омил унинг ортда қолган умрида қандай ҳаёт кечиргани эмас, балки кейинги ҳаётини қандай кечириши экани аниқланди. Яъни оқсоқол 70га кириб, чекмаса ё чекишни ташласа, масалан, қанд касали бўла туриб, ўз вазнини ва қон босимини меъёрида ушлаб турса ва мунтазам жисмоний машқ билан шуғулланса, унинг 90 ёшлик маррани ошиб ўтиш имконияти 54 фоиз ошар экан. Бунда кишининг узоқ умр кўришига ундаги генетик омиллар, яъни ота-боболари узоқ умр кўрганининг 30 фоизлик аҳамияти бор, деб хулоса қилди америкалик олимлар.

Демак, соғлом турмуш тарзига амал қила бошлаш 70-80 ёшда ҳам кеч эмас.


Х
Х
Х

Ота-оналар фарзандларининг ёлғон гапирганини билиб қолса ранжийди, лекин бу шумтака нега мени алдади-я, деб ўйлаб кўрмайди. Болалар одатда уч ёшдан ёлғон ишлата бошлайди ва катта бўлган сари ёлғон гаплар ҳам кўпая боради.

Монреалдаги МакГил университети профессори Виктория Тавар болаларнинг ёлғон гапириши феноменини кўп йиллардан бери ўрганади.

“Кичик ёшдаги болаларнинг ёлғон гапирганини билиб олиш каттароқ болаларга қараганда осонроқ. Чунки уларнинг, таъбир жоиз бўлса, алдаш малакалари унчалик яхши бўлмайди. Лекин 8 ёшдан бошлаб, улар ўйлаб топган воқеаларга осонгина лаққа тушишингиз ҳеч гапмас”,- дейди В.Тавар.

Масалан, 4 ва 6 ёшдаги болалар кузатилганда, одатда 4 яшар бола ҳар икки соатда бир марта алдаган бўлса, 6 яшари ҳар бир ярим соатда ёлғон ишлатганини кўриш мумкин.

Лекин болалар нега ёлғон гапиради?

“Болалар биринчи марта одатда ота-онасининг жазосидан қутулиб қолиш учун ёлғон гапиради. Шунинг учун қаттиққўл ота-онанинг фарзандларида алдашга мойиллик кўпроқ бўлади”,- дейди “ёлғоншунос” олима.

Лекин баъзан болаларнинг шунчаки, одоб маъносида ҳам ёлғон гапириши мумкин. Масалан, сиз олиб берган ўйинчоқ ёки кийим бош унга ёқмаса-да, сизни хафа бўлмасин, деб “жуда зўр экан”, деб алдаши мумкин.

Бундан ташқари, болалар ота-оналарнинг ҳаракатларида кўп учрайдиган ёлғонга тақлид қилиши мумкин.

Доктор Талвар “алдаш малакаси” яхши бўлган болага ёлғон гапиришнинг ёмон оқибатларга олиб келишини тушунтириш зарурлигини, лекин аксарият болаларда бу муаммо жиддий бўлмаслиги ва мактабнинг ўрта синфларига бориб, ёлғон гапириш одати секин-аста йўқолиб кетишини билдирди.
XS
SM
MD
LG